Линклар

Марказий Осиë яна катта ўйин майдонига айланмоқда

  • Алишер Сиддиқ

Мустақил таҳлилчилар¸ Марказий Осиë давлатлари ўртасига қутқу солишдан¸ биринчи галда¸ бу минтақага ўз орқа ҳовлиси деб қарашдан қолмаëтган Россия ва Кремл манфаатдор эканини айтадилар.

Мустақил таҳлилчилар¸ Марказий Осиë давлатлари ўртасига қутқу солишдан¸ биринчи галда¸ бу минтақага ўз орқа ҳовлиси деб қарашдан қолмаëтган Россия ва Кремл манфаатдор эканини айтадилар.

Айрим таҳлилчиларга кўра¸ айни кунларда Марказий Осиëни ўз ҳарбий плацдармига айлантириб¸ минтақа табиий заҳираларини назоратга олишга уринаëтган қудратли давлатлар ўртасидаги эски "катта ўйин" қизигандан қизиб бормоқда.

Москвадаги “Энергия” геосиёсий ахборот маркази эксперти Игорь Новиковнинг ёзишича, АҚШ маъмурияти Россия ва Хитойни Марказий Осиё газидан мосуво қилиш мақсадида бу минтақада исломчилар фаолиятини жадаллаштириши ва шу тариқа минтақани беқарорлаштириши мумкин.

“Марказий Осиё давлатлари ўртасида низо чиқариш имкониятлари Ғарб махфий хизматларида афсуски, талайгина”¸ деб ёзади Игорь Новиков.

Бироқ минтақадаги етакчи таҳлилчилар Марказий Осиë давлатлари ўртасидаги низоларнинг аввалдан бўлган каби бундан кейин ҳам Кремл томонидан уюштирилиши мумкинлигини таъкидлайдилар.

- Минтақа давлатларини ўзига боғлаб қўйиш учун улар орасида келишмовчилик ва низолар қўзғатилиши мумкин ва бу билан биринчи навбатда Россия шуғулланади. Зеро, бунинг учун Россия энг кўп имкониятга эга¸ дейди қозоғистонлик таҳлилчи Дўсум Сатбаев.

Кузатувчилар фикрича, Россиянинг минтақа давлатлари ўртасидаги сув-энергетика муаммосига аралашиб келаëтгани бежиз эмас.

Игорь Новиковнинг қайд этишича, Марказий Осиёда сув муаммоси нефт ва газдан ҳам кўра кескинроқдир.

Президент Медведевнинг Тожикистонда қўшнилар розилигисиз “Роғун” ГЭСи қурилишига қарши чиқиб, Қирғизистондаги айни шундай лойиҳага Россия сармоя ëтқизиши ҳақдаги баёноти, кузатувчилар томонидан¸ Тожикистонни Ўзбекистонга, Ўзбекистонни эса Қирғизистонга қарши қайрашнинг классик намунаси сифатида кўрилмоқда.

Айни пайтда¸ Европа Иттифоқи минтақада сув муаммосини ҳал этишга қаратилган ҳар қандай уринишлар Марказий Осиё давлатларини бир-бирига қарши қилиб қўймаслиги кераклигини таъкидлаб келмоқда.

Брюсселдаги Энергетик Хартия котибияти таҳлилчиси Нил Мелвин дунёда юзага келган янги шароитда қудратли давлатларнинг Марказий Осиë устидан назорат ўрнатиш мақсадида 19-асрдан қолган "катта ўйин"ни қайта жонлантиришига ўрин қолмади¸ деган ишончда.

Бу таҳлилчи фикрича, молиявий бўҳрон шароитида энергетик заҳиралар учун қудратли давлатлар ўртасида бораётган кураш рақобатдан ҳамкорликка айлантирилиши лозим.

- Марказий Осиё энергетик заҳираларини жаҳон бозорига етказиб бериш учун лозим сармоя ëтқизишга қодир ширкатлар дунëда жуда кам қолди. Менинг фикримча, шу боис бугунги кунда ҳамманинг бир ёқадан бош чиқариб¸ ҳамкорликни кучайтириши мақсадга мувофиқдир¸ дейди Нил Мелвин.

Марказий Осиё гази ва нефтининг асосий харидори бўлиб қолаётган Кремл минтақа раҳбарларининг Ғарб томон талпинишига жиддий қаршилик қилиб келмоқди. Бугунги жаҳон молиявий бўҳронидан ҳам Россия Марказий Осиëдаги ўз мавқеъини янада кучайтириш учун фойдаланмоқчи.

АҚШ базасини чиқариб юбориш эвазига Россия Қирғизистонга 2 миллиард долларлик молиявий ёрдам таклиф этди. Россия Давлат Думаси қошидаги МДҲ масалалари билан шуғулланувчи қўмита масъули Константин Затулин¸ Кремл етакчилигидаги Евроосиë иқтисодий ҳамжамиятидан чиқишга қарор қилган президент Каримовни бўҳрон оқибатларидан огоҳлантирган эди.

- Мен бу бўҳрон Марказий Осиё давлатлари иқтисодига жуда салбий таъсир қилади¸ деб ишонаман. Бу бўҳроннинг оқибатлари турлича бўлиши мумкин. Мен ҳатто оч қолган аҳолига ёрдам бериш зарурати туғилишини ҳам инкор қилмайман.

Бу нуқтаи назардан қараганда Ўзбекистон ўрнида бўлганимда¸ Россия билан алоқалардан воз кечмаган бўлардим¸ деган эди Россия сиёсатчиси.

Ўзбекистонни муҳим стратегик ҳамкор сифатида йўқотишни истамайдиган Россиянинг турли провакацияларга бориши мумкинлигини инкор этмаган ҳолда, тошкентлик сиёсий таҳлилчи Фарҳод Толибов бунинг олдини олиш учун минтақа давлатлари ягона минтақавий кудратга айланиши керак деб ҳисоблайди.

- Ҳақиқатан ҳам ҳозир бирлашганда эди¸ ҳозирги манипуляциялар бўлмас эди. Буюк қудратли давлатлар марказий осиëликлар билан жиддийроқ ҳисоблашишга мажбур бўларди. Бугунги содир бўлган воқеалар шуни бизга яна бир бор яққол кўрсатди. Агар марказий осиëликлар бирлашмай¸ алоҳида¸ гўëки мустақил сиëсатини олиб бормоқчи бўлса¸ мана шундай манипулятив ҳолатга тушаверади деб ўйлайман¸ дейди Фарҳод Толибов.

Айни пайтда¸ Марказий Осиё давлатларидангина ташкил топган минтақавий тузилмалар мавжуд эмас.

Ташкил этилган ягона Марказий Осиё ҳамкорлиги ташкилоти 2002 йили Россия етакчилигидаги Евроосиё иқтисодий ҳамжамиятига қўшиб юборилди.

Президент Назарбоевнинг Марказий Осиё давлатлари ўртасида иттифоқчилик асосида янги ташкилот тузиш ғояси¸ президент Каримов қаршилигига дуч келиб¸ йўққа чиқди.

“Биз учун бу ташаббус мутлақо номақбулдир”¸ дея қатъий равишда баёнот қилди президент Каримов ўтган йили Қозоғистонга ташрифидан сўнг.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG