Линклар

Тўй тарқамасин...

  • Сарвар Усмон

Ëш оилаларнингсоғлом ва мустаҳкам бўлишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон ҳукумати турмуш қуришга аҳд қилган йигит-қизларнинг врач кўригидан ўтишини мажбурий қилиб қўйган.

Ëш оилаларнингсоғлом ва мустаҳкам бўлишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон ҳукумати турмуш қуришга аҳд қилган йигит-қизларнинг врач кўригидан ўтишини мажбурий қилиб қўйган.

Ўзбекистонда келин-куëвларнинг никоҳ олди тиббий кўрикдан ўтишига оид ҳукумат қарори¸ оддий халқ кўзича¸ коррупция кенгайиши учун очилган яна бир туйнук бўлиб қолмоқда.

- 2008 йили 4400 йигит-қизни никоҳ олди тиббий кўригидан ўтказиш давомида уч кишининг ОИТСга чалингани аниқланди, - деб хабар қилди куни кеча Регнум ахборот агентлиги.

Бу хабар Ўзбекистон республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2003 йил, 25 август куни қабул қилган 365-инчи қарорни ёдимизга солди.

Мазкур ҳужжатга биноан, 2004 йилнинг 1 январидан буён, ўзбекистонлик ёшлар никоҳ олди тиббий кўригидан ўтказилмоқда. Демак, оилани соғломлаштиришга қаратилган янги тартиб белгиланганига роппа-роса 5 йил бўлди.

Ўзбекистонлик тўрт аёл: тиббиёт ходими, маҳалла фаоли ҳамда 5 йилдан буён қиз чиқарган икки уй бекаси билан гаплашдик.

Ўзини таништиришни истамаган бухоролик врач аёл никоҳ олди тиббий кўриги ўтказишда бевосита иштирок этмайди. Лекин у вазиятни яхши билади.

- Ҳозир тиббий кўриксиз ЗАГСдан (ФҲДË) ўтиш деган гапнинг ўзи йўқ. СПИДдан анализлар топшириш¸ уни аниқлаш. Келин-куëвнинг тиббий кўрикдан ўтишига 4-5 кун кетаяптида.

Озодлик: Шу кўрикдан чиндан ҳам ўтказиладими ëки...

- Вой¸ ўтказмай ҳам бўладими шуни. Бу давлат қарорику. Буни ўтказмаслик мумкин эмас. Мана¸ масалан мен ўғлимни уйлантирганимда ҳар бир анализни синчиклаб текширдим. Анализларни топширтириб¸ кейин билдим. Шундан билдимки¸ бу қаттиқ йўлга қўйилган.

Озодлик: Бу масалада таниш-билишчилик¸ пора деган нарса йўқми?

- Унақасини биз эшитганимиз йўқ. Бизлар ўзимиз медик бўлиб нима қилолмаяпмизку. Чунки СПИД масаласи¸ ҳар хил қондан юқувчи касалликлар. Ҳозир ëшлар четларга чиқиб келяпти. Ҳозир текширмаса бўлмайди. Буни текшириб хулоса бермаса бўлмайди.

Андижонлик Зарифа опа бундан беш йил муқаддам қиз чиқарган ва қизи никоҳ олди тиббий кўригидан ўтган.

- Қон топширадиган жойнинг адресини айтишган. Ўша ерга олиб борганман. Қон топширасиз¸ деди. Яна психдомдан дедими қаердандир.. Энди мен ўша қон топширадиган жойга кириб¸ қонини топширтирдим. Ҳаммаси яхши деди. Кейин мен “Ҳамма ëғи яхши. Бу ëғига тўғрилаб¸ чиройли қилиб ëзиб бериоб қўяверинглар” деган эдим¸ “Майли” деб ëзиб беришди¸ дейди андижонлик Зарифа опа.

Вазирлар маҳкамасининг 365-инчи қарорида никоҳ олди тиббий кўригининг зарурлиги тўғрисида аҳоли орасида тушунтириш ишлари олиб бориш қатор ташкилотларга, жумладан маҳалла қўмиталарига юклатилган. Шунинг учун Тошкентдаги маҳалла қўмиталаридан бири билан боғландик. Қўмита вакили бундай деди.

- Турмушга чиқадиган қизлар бўлса¸ уйланадиган йигитлар бўлса¸ тиббий кўрикдан ўтиши керак деб тушунтирамиз. Врачлар келганда¸ уларнинг суҳбатларида ота-оналар қатнашади. Уларни қаттиқ текшириш марказий поликлиниканинг вазифаси.

Озодлик: Тиббий кўрик натижалари ортидан тўйлар бўлмай қолиш ҳолатлари ҳам борми?

- Бу бизнинг маҳаллада бўлгани йўқ. Лекин туман ҳокимиятидаги йиғилишларда “айрим куëвларнинг касалликлари аниқланган¸ тўйи тарқаган¸ тўхтаган¸ айримлари орасида спид¸ сил касаллари чиққан” деб айтилади.

Бизнинг маҳаллада бўлаëтган тўйлар Худога шукур нормада. Келин бўлиб кетган қизларимиз жойида бахтли. Маҳалламизга келин бўлиб тушганларимиз яхши яшашаяпти. Худога шукур ажралиш йўқ.

Жиззахлик Роҳила опа ҳам кейинги йилларда қизини турмушга берганлардан бири. Унинг айтишича, тиббиёт ходимлари ўзларига юклатилган вазифага лоқайд қараганликлари боис¸ набирасидан ажраб қолди.

Роҳила опа: Мана бу беш йилнинг ичида мен ҳам қиз чиқардим. Соғлом онадан соғлом бола туғилади деб ўйлаб топишди¸ тўғри. Лекин уни ҳақиқий текширишаëтгани йўқда. Ҳамма нарса пулга. Келин-куëв бормай ҳам қўяверади.

Озодлик: Сиз қиз чиқарибсиз. Сиз ҳам маълумотномани пулга олганмисиз?

Роҳила опа: Энди уни куëв бола қиладида. Қиз бир марта бориб қўяди. Қолган ҳамма нарсани бечора куëв бола қилади. Пулларни қизга ҳам¸ ўзига ҳам тўлайди¸ кейин улар қоғозни беради.

Мен битта нарсага хафа бўлдим. Мен қизимни куëвга бердим. Қизимнинг боласини эмизиши мумкин эмас экан. Қизимнинг боласи 24 кун яшаб¸ киндигидан қон кетиб ўлиб қолди. Қизимнинг қони ҳам текширилмаган.

Агар қизимнинг қони текширилганида¸ “Сен шундай¸ шундай” деган касалликлар чиқарди. Энди бу жуда кеч бўлдида.

Тиббий кўриклар нима учун? Пул тўплаш учунми? Ўша ерда ўтирганларнинг чўнтагини тўлдириш учунми? Янги авлод бўлиши учун¸ Ўзбекистон олдинга қараб кетиши учун тиббий кўрикни ҳақиқий ўтказсин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG