Линклар

"Биринчи навбатда -давлат айбдор!"


Иқтисодий танглик хўжандлик айрим ўсмирларни бозорда арава судрашга мажбур қилса, уларнинг айримлари йўқчиликдан жиноят йўлига кириб қолаяптилар.

Иқтисодий танглик хўжандлик айрим ўсмирларни бозорда арава судрашга мажбур қилса, уларнинг айримлари йўқчиликдан жиноят йўлига кириб қолаяптилар.

Тожикистон жиноий судлов амалиёти тарихида илк бор балоғат ёшига етмаган 10 яшар қиз республика Жиноят кодексининг бир неча моддаси билан айбланиб, маҳкамага тортилди.

Хўжандлик Виолетта Тишина билан биргаликда яна икки нафар балоғат ёшига етмаган қизга ўғирлик ва қароқчилик билан шуғулланганлик ҳамда жиноий гуруҳ тузганлик каби айбловлар қўйилди.

Маҳкамага раислик қилган Анваржон Темировнинг айтишича, судланувчи Александра Моллобекова, Виолетта Тишина ва Ситора Отахоновалар Тожикистон Жиноят кодексининг 165- ва 248-моддалари билан айбланганлар.

- Ўсмирлар жиноий гуруҳ тузиб, ўзларидан ёш бўлган болаларни алдаш ёки қўрқитиш йўли билан қимматбаҳо буюмларини ечиб олганлар. Шунингдек, улар ёш болаларни алдаб, уйларига кирганлар. Ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, уйдаги нарсаларини ўғирлаганлар, деди Анваржон Темиров.

Ҳакамнинг айтишича, ўсмир жиноятчилар асосан қиз болаларнинг тилла сирғалари, занжирлари,чиройли кийим-кечакларини алдаб олиб кетганлар. Кейинчалик эса¸ улар бу буюмларни арзон-гаровга сотиб, пулини ўзаро тақсимлаб олганлар.

Анваржон Темиров талончи ўсмирларга нисбатан ҳукм чиқариш осон бўлмаганлигини айтади. Хўжанд шаҳар суди ҳукмига биноан, гуруҳ раҳбари ҳисобланмиш 16 ёшли Александра Моллобекова бир йиллик жазо муддатини аҳлоқ тузатиш колониясида ўтайди.

15 ёшли Ситора Отахонованинг ҳали балоғатга етмагани ҳисобга олиниб, унга нисбатан 88 соатлик мажбурий меҳнатга жалб этиш жазоси белгиланди.

Ниҳоят, энг ёш жиноятчи - 10 ëшли Виолетта Тишина ҳам, маҳкама қарорига мувофиқ, 60 соатлик мажбурий меҳнатга жалб қилинадиган бўлди.

Судга раислик қилувчининг таъкидлашича, қизларга нисбатан адолатли ҳукм чиқарилган. Чунки илгари бундай ҳолатларда қизлар тўғридан-тўғри болалар колониясига жўнатиларди.

Хўжандлик Ҳалимахон суд залидан чиқар экан, хуноби ошиб гапиради:

- Қандай кунларга қолдик, куппа-кундуз куни болаларимизнинг нарсаларини ўғирлашса. Фарзандларимизни кўчага чиқаришга ҳам қўрқади одам. Болаларимизга соқчилар ёллайликми энди?

Расмий маълумотларга кўра, сўнгги пайтларда Тожикистонда, хусусан, Сўғд вилоятида ўсмирлар томонидан содир этилаётган жиноятлар сони ошган.

Нима учун балоғат ёшига етмаган болалар жиноятга қўл урмоқдалар? Вилоят ички ишлар бошқармаси мулозими Қудрат Назаров болаларнинг жиноят кўчасига кириб қолишида мактаб ва ота-оналарни айблайди.

- Биринчи навбатда, ота-оналар фарзанд тарбиясига эътибор бермай қўйган. Иккинчидан, мактабларда асосан дарсни тезроқ тугатиш ва болаларга жавоб бериб юбориш амалиёти қўлланилмоқда.

Кўпчилик ўқитувчилар дарсларга келмайди, ўз юмушлари билан овора, дейди Қудрат Назаров.

Таҳлилчи Ҳулкар Юсуповга кўра, ўсмирлар жинояти учун барча айбни фақат мактаб ва ота-оналарга юклаб қўйиш нотўғри.

Унга кўра, ўсмир қизлар томонидан бир эмас, бир неча жиноят содир этилгани нафақат Хўжанд шаҳри, балки чекка қишлоқлар аҳолисини ҳам хавотирга солган.

- Бу ҳақда қўшни республикалардаги Боткен ва Қўқон шаҳри аҳолисининг хавотир билан гапирганларини ҳам эшитдим.

Ўсмирлар жиноятчилигининг ошишида ота-она ёки мактаблар айбдор, деган фикрга қўшилмайман. Бунда, биринчи навбатда, давлатнинг ҳам айби бор.

Зеро, болаларнинг қаровсиз қолаётгани ва иқтисодий сабаблар туфайли мактабларга бора олмаётгани улар орасида жиноятчиликнинг ошишига сабаб бўлаётир. Ҳамма иллат мана шунда, дейди Ҳулкар Юсупов.

Сўнгги пайтларда Хўжанд шаҳрида уч-тўрт танга топиш илинжида юрган мактаб ёшидаги болаларни кўплаб учратиш мумкин. Биз суҳбатга тортган Ғолиб исмли бола бозорда арава судраб, харидорларга дастёрлик қилади.

- Ҳаётимиз оғир. Дадам Россияга кетганига беш йилдан бўлди. Ҳозиргача дараги йўқ. Оилада бир ўзим ишлайман. Ҳар куни 10-15 сомоний (тақрибан 3-4 доллар – таҳр.) топаман, дейди Ғолиб.

Сўғд вилоят прокуратураси маълумотларига кўра, 2008 йилда вилоятда 1000 дан зиёд балоғат ёшига етмаган бола жиноят содир этган. Уларнинг 40 фоизи мактабда ўқимайди, шунингдек, тайинли бирор иш билан шуғулланмайди.
XS
SM
MD
LG