Линклар

АҚШ Манасдан чиқариладиган бўлди


АҚШ базасини мамлакатдан чиқариш бўйича қирғиз депутатлари қабул қилган қонун президент Бакиев томонидан имзоланганидан кейин Манасдаги ҳарбийлар 180 кун ичида Қирғизистонни тарк этишлари лозим бўлади.

АҚШ базасини мамлакатдан чиқариш бўйича қирғиз депутатлари қабул қилган қонун президент Бакиев томонидан имзоланганидан кейин Манасдаги ҳарбийлар 180 кун ичида Қирғизистонни тарк этишлари лозим бўлади.

Қирғизистон парламентидаги 90 депутатдан 78 нафари 19 феврал куни АҚШ ҳаво базасини мамлакатдан чиқариш тўғрисидаги қонунни ёқлаб овоз берди.

АҚШ базасини мамлакатдан чиқариш тўғрисидаги қонун лойиҳасига бағишланган парламент муҳокамаси қизғин тарзда ўтди.

Парламентдаги “Оқ йўл” ва Коммунистлар фракцияси бу қонун қабул қилиниши шартлиги ҳақида гапирдилар.

Социал-демократлар фракцияси эса мамлакатда АҚШ ҳарбий базасининг мавжудлиги нафақат Қирғизистон, балки минтақа давлатлари хавфсизлиги кафолати экани ва шунинг учун ҳам АҚШ ҳарбийларини мамлакатдан чиқариш тўғрисида гапиришга ҳали эрта эканини исботлашга ҳаракат қилдилар.

- Биз АҚШнинг Ганси авиабазаси Қантдаги Россия ҳарбий базаси билан бир қаторда Евросиё коллектив хавфсизлик тизимининг асосий қисми, деб ҳисоблаймиз.

Бу базанинг чиқарилиши ана шу тизимни заифлаштириш демакдир.

Шунинг учун ҳам АҚШ базасини мамлакатдан чиқариш тўғрисида қарор чиқаришга ҳали эрта, деган фикрдамиз, деди парламентдаги социал-демократлар фракцияси раҳбари Бақит Бешимов.

“Оқ йўл” фракцияси аъзоси, депутат Алишер Собиров эса АҚШ базасини мамлакатдан чиқариш учун ҳуқуқий асослар етарли эканини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Алишер Собиров 2001 йилда АҚШ ҳарбий базасини Қирғизистонга жойлаштириш бўйича шартномани тасдиқлаш учун овоз берган депутатлар сафида эди.

- Биз бу шартномани тасдиқлаётганимизда депутатларга АҚШ базаси мамлакатда фақат бир йил туриши айтилган эди. Шартномада ҳам худди шундай деб ёзилган.

Шунинг учун ҳам Қирғизистон ҳукумати сабабларини изоҳламаган ҳолда АҚШ базасини мамлакатдан чиқариш ҳуқуқига эга, деди депутат Алишер Собиров.

Сўзга чиққан бошқа депутатлар эса АҚШ ҳарбий базаси Қирғизистон экологиясига ва халқига катта зиён келтиргани масаласига тўхталдилар.

Депутатлар фикрича, АҚШ томонидан базанинг ижара пули миқдорида тўланаётган 17,5 миллион доллар миқдоридаги маблағ келтирилаётган зиённи қоплашга ҳам етмайди.

- АҚШ ҳарбийларининг назоратсиз ҳатти-ҳаракатлари аҳолига катта зиён келтиргани ҳаммага маълум.

Масалан, АҚШ ҳарбийлари томонидан Қирғизистон фуқароларининг калтакланиши, Бишкекда бир неча марта автоҳалокатлар содир этганлари, бир нафар қирғизистонликни отиб ўлдирганларини ҳаммамиз биламиз.

АҚШ ҳарбийларининг айби билан Манас халқаро аэропортида авиаҳалокатлар содир этилгани ҳам айтилган. Шунинг учун бу базанинг фойдасидан зиёни кўпроқ, деди депутат Абдураимова.

Айни пайтда АҚШ базасининг Қирғизистондан чиқарилиши бу икки мамлакат ўртасидаги сиёсий ва иқтисодий алоқаларнинг совушига ҳам сабаб бўлади, деган фикрлар мавжуд.

Бироқ президент Бакиев вазият бу даражага бориб етади, деб ҳисобламаслигини айтади:

- Давлатларимиз ўртасида сиёсий келишмовчиликлар йўқ. АҚШ доимо бизни иқтисодий ва демократик ислоҳотларда қўллаб келган. База масаласида фақат молиявий муаммо бор эди.

Мен президент сифатида уч йил мобайнида АҚШ расмийларидан базанинг ҳозирлигига доир шартномани қайта кўриб чиқиш, ижара ҳақини ошириш масаласини кўтариб келдим.

АҚШ ижара ҳақини 150 миллион долларга кўтаришга розилик берди, лекин бу аҳдномани бажармади, деганди президент Бакиев 11 феврал куни Бишкекда ўтказилган матбуот анжуманида.

Қирғизистон парламенти яқин кунларда АҚШ билан биргаликда аксилтеррор коалициясини ташкил қилган 11 давлат – Австралия, Дания, Италия, Испания, Жанубий Корея, Голландия, Норвегия, Янги Зеландия, Полша, Туркия ва Франция билан имзоланган шартномаларни ҳам бекор қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқади.

Бу қонунлар президент томонидан имзоланганидан 180 кун ўтгач, Бишкекдаги АҚШ ҳарбий базасидан аксилтеррор коалицияси ҳарбийлари мамлакатни тарк этишлари шарт бўлади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG