Линклар

logo-print

НАТО олдидаги жумбоқ - Афғонистон


АҚШ Мудофаа вазири Роберт Гейтс Краковда Обама маъмуриятининг Афғонистон стратегияси бўйича кенг тушунтириш ишлари ўтказмоқда.

АҚШ Мудофаа вазири Роберт Гейтс Краковда Обама маъмуриятининг Афғонистон стратегияси бўйича кенг тушунтириш ишлари ўтказмоқда.

Полшанинг Краков шаҳрига тўпланган НАТО Мудофаа вазирлари Афғонистонда қайта бош кўтарган жангариларга қарши амалиëтлар келажагини муҳокама қилишга киришдилар.

Бу ҳақда Озодликка НАТО матбуот котиби Жеймс Аппатурай хабар қилди.

Гарчи Краковдаги икки кунлик йиғин норасмий дейилаëтган бўлса-да¸ айнан шу учрашувда НАТО га аъзо давлат раҳбарларининг 3-4 апрел кунлари Баден-Баден ва Страсбургда ўтадиган олий даражали йиғини кун тартиби ишлаб чиқилади.

Жеймс Аппатурайга кўра¸ ҳозирда НАТО олдида турган энг оғир муаммо Афғонистондаги жангариларга қарши амалиëтларни кучайтириш учун бу мамлакатдаги қўшинлар сонини ошириш ва Афғонистон сайловлари хавфсизлигини таъминлашдир.

- Афғонистон¸ билишимча¸ Мудофаа вазирлари кун тартибидаги энг асосий масала. Краковда иккита алоҳида йиғин ўтади. Биринчиси НАТО Мудофаа вазирлари учрашуви. Иккинчиси Афғонистондаги халқаро кучлар таркибига ўз ҳарбийсини юборган давлат расмийлари йиғини.

Бу учрашувда Афғонистон Мудофаа вазири Абдулраҳим Вардак¸ шунингдек БМТ нинг Афғонистондаги вакили Кай Айде ҳам иштирок этади. Бу йиғинларда¸ ишончим комилки¸ АҚШ томонида ўз Афғонистон стратегиясини бошқалар билан муҳокама қилади¸ деди НАТО матбуот котиби Жеймс Аппатурай.

АҚШ президенти Барак Обама душанба куни Афғонистонга қўшимча 17 минг аскар жўнатиш ҳақдаги фармонга имзо чекди. Бу ҳарбийлар афғон тупроғига етиб боргач¸ Афғонистондаги Америка ҳарбийлари сони 50 мингдан ошади.

Эндиликда Вашингтон НАТО аъзоларидан ҳам Афғонистонга кўпроқ қўшин юборишни кутмоқда ва АҚШ Мудофаа вазири Роберт Гейтс Краков йиғини арафасида ҳозирча иттифоқчиларнинг бу масалада сукут сақлаëтгани Оқ уй ҳафсаласини пир қилганини билдирди.

НАТО бош котиби Яап Хооп де Схеффер йиғин олдидан ҳарбий иттифоқ аъзоларини Афғонистонга кўпроқ қўшин юбориш ëхуд молиявий ëрдамни кўпайтиришга даъват қилди.

- 2009 йили Афғонистондаги амалиëтлар учун АҚШ янги қўшин юборади. Мен бошқа иттифоқчиларнинг ҳам кўпроқ қўшин юбориш ташаббуси билан чиқиши¸ жуда бўлмаса¸ Афғонистондаги тарақиëт ва қайта қуриш лойиҳаларига кўпроқ маблағ ажратишига умид қилиб турибман. Шундай қилсак¸ адолатдан бўларди. Зотан зиммамиздаги юкни баравар бўлишишлик ҳарбий иттифоқ сиëсий соғломлиги учун жуда муҳимдир¸ деди НАТО бош котиби.

Афғонистондаги АҚШ қўшинлари қўмондони генерал Дэвид МкКиернан¸ иттифоқчилар учун қийин келиши кутилаëтган 2009 йилда қўшинлар сонининг кўпайишига эҳтиëж ниҳоятда катталигини айтади.

- Мен келадиган қўшимча кучларнинг аксарини биз етарли кучга эга бўлмаган ва хавфсизлик вазияти ëмонлашиб бораëтган Афғонистон жанубига ташлайман. Айнан ана шу ҳудудларда биз ўз ҳозирлигимизни кучайтириб¸ жангариларга қарши курашни кучайтирмас эканмиз¸ афғон жамиятидаги ривожланишни шакллантириб¸ унга етарли таянч қозона олмаймиз¸ деди Афғонистондаги АҚШ қўшинлари қўмондони.

Айни пайтда¸ НАТО ва АҚШ расмийлари¸ 20 августга белгиланган Афғонистон умумхалқ сайловлари даврида хавфсизликни таъминлаш ҳам¸ иттифоқчилар олдида турган асосий вазифалардан бири эканини таъкидламоқдалар.
XS
SM
MD
LG