Линклар

logo-print

Ҳокимлар алмашинув фасли бошланди

  • Садриддин Ашур

Кимнинг¸ қачон¸ қаерга ва нимага ҳоким бўлишини Ўзбекистонда фақат президент Ислом Каримов ҳал қилишини етти ëшдан 70 ëшгача бўлган ўзбекистонликларнинг бари билади.

Кимнинг¸ қачон¸ қаерга ва нимага ҳоким бўлишини Ўзбекистонда фақат президент Ислом Каримов ҳал қилишини етти ëшдан 70 ëшгача бўлган ўзбекистонликларнинг бари билади.

Кейинги икки кун ичида кетма-кет Ўзбекистон бош вазирининг Жиззах ва Наманган вилоятлари ҳокимини ўзгартиргани ҳақда норасмий хабарлар олинди.

19 феврал куни Наманган вилояти халқ депутатлари кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев қатнашди. Йиғилишда кўрилган масалалардан бири ташкилий масала бўлиб, вилоят ҳокими Икромхон Нажмиддинов ўз вазифасидан озод этилган. Илгари вилоят ҳокимининг ўринбосари бўлиб ишлаган Баҳодир Юсупов ҳокимлик вазифасига тайинланган.

Бу ҳақдаги тафилотларни наманганлик инсон ҳуқуқи фаоли ва журналист Носир Зокир хабар қилади.

Носир Зокир: Мен ҳозиргина Наманган вилояти ҳокимлигининг ëн-атрофидан келдим. Лекин у ерга киришнинг иложи йўқлигини ўзингиз биласиз.

Ўша ерда қатнашган манбаларимизнинг айтишлари бўйича¸ Наманган вилояти ҳокими Икромхон Нажмиддинов бугун ишдан олинган ва унинг ўрнига Баҳодир Юсупов деган шахс ҳоким бўлган.

Биз Баҳодир Юсупов ҳақида маълумот олишга ҳаракат қилдик. Бу йигит бир неча йиллар давомида сув хўжалиги ташкилотида ишлаган ва ундан кейин Учқўрғон тумани ҳокими бўлган. Кейинги пайтларда эса Наманган вилоят ҳоким ўринбосари бўлиб ишлаган. Шу киши ҳоким этиб тайинланди¸ деган ахборот бизга етиб келди.

Озодлик: Депутатлар иштирокида йиғилиш бўлганми? Йиғилиш бўлган бўлса¸ унда ким иштирок этган? Одатда вилоят ҳокимларини президент алмаштирарди.

Носир Зокир: Албатта. Наманганда бу йиғилиш бўлиши ҳақидаги гап 5-6 кун олдин бошланган эди. Биз Наманганда кўчага чиққанимизда йўларни ремонт қилиб¸ у ëқ бу ëқларда қараб юрган одамларни кўрдик. Кўчалар тўсилган.

У ëққа ўтиш мумкин эмас¸ бу ëққа ўтиш мумкин эмас¸ деган ëзувларни кўрганимизда халқ орасида “Президент келармишу¸ ҳозирги ҳокимнинг ўрнига қизини қўйиб кетармиш” деган гаплар бўлган эди. Ўша гап халқ орасида бўлган эди.

Лекин бугунги олган маълумотларимиз бўйича¸ президент бу ерга келмаган. Буни кўчадан ҳам билишингиз мумкин. Агар президент келадиган бўлса¸ бутун йўлларни тўсиб¸ умуман ҳеч қаерга ўтиб бўлмаслик керак эди. Бош вазир келган бўлишининг эҳтимоли бор.

Озодлик: Икромхон Нажмиддинов Наманганда неча йил ҳоким бўлди?

Носир Зокир: У Андижон воқеаларидан озгина олдин ҳоким бўлган эди. У киши асли учқўрғонлик. Дон маҳсулотлари вазирлигининг биринчи ўринбосари бўлган эди. Ўша ердан Наманганга ҳоким бўлган эди.

Икромхон Нажмиддинов инсон сифатида яхши одам эди. Мен бир-икки марта суҳбатлашганман. Бир яхши фикрлари бор. Санъатга¸ спортга¸ иқтисодий ишларга қизиққан одам эдию¸ лекин битта вилоятга ҳоким бўлиб тайинлангандан кейин ўзича иш қилолмайдида.

Ҳамма бизнинг давлат тизимини яхши билади. Ўша одам ҳам давлат тизими бўйича тайинландию¸ лекин илгариги ҳокимлардан фарқли ўлароқ¸ айтарли халққа таъсир ўтказадиган даражада тазйиқлар¸ мухолифат вакилларига¸ инсон ҳуқуқлари фаолларига ëмон муносабатда бўлмаган эди.

Озодлик: Янги ҳоким ҳақда нима биласиз?

Келаëтган одамнинг кимлигини биз ҳозирча билмаймиз. Лекин бизнинг назаримиз бўйича¸ ким бўлишидан қатъий назар¸ давлат сиëсатига ўзгартириш киритадиган одам бўлмайди, албатта. Юқоридан келаëтган буйруқни юргизадиган одам бўлади, албатта.

Ўзбекистонда сўнгги кунларда вилоят ҳокимларининг алмаштирилиши мавсуми бошланган кўринади. Олинган маълумотларга кўра, 18 феврал куни Жиззах вилояти ҳокими Муса Анорбоев ҳам ўз вазифасидан озод этилиб, вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган сенатор Маҳмуд Холбўтаев ҳокимлик вазифасини ижро этувчи этиб тайинланган.

Бу ҳақда жиззахлик инсон ҳуқуқи фаоли Зиёдилло Раззоқов берди.

Зиёдилло Раззоқов: Кечадан олдинги кун бош вазир Шавкат Мирзиëев Зоминга келди. Зоминга ўтиш пайтида¸ янги ҳоким тайинлаш учун вилоятга ташриф буюрди-да¸ депутатлар билан учрашиб¸ қишлоқ хўжалиги муовини Маҳмуд Холбўтаевни вақтинчалик ҳоким этиб тайинлаб кетди. Уни ҳали матбуотда ëритиб¸ расман ҳоким этиб тайинлагани йўқ.

Озодлик: Эски ҳокимни нима учун ишдан олибди?

Зиёдилло Раззоқов: Биз ҳам ҳайронмиз энди. Бирор юқори лавозимга кўтармаган ҳам. Бош вазир келди ва унинг ўрнига бошқасини тайинлаб кетди. Нимага бу телевидениеда кўрсатилмади¸ айтилмади?

Икки кундан бери матбуотда ҳам чоп этилмаяпти¸ телевидениеда ҳам айтилмаяпти. Халқ орасида “Президент келар эканда¸ депутатлар билан учрашиб¸ янги ҳокимни сайланганлигини тасдиқлаб кетар экан” деган хабарлар бор. Лекин ҳали расман тасдиқлангани йўқ.

Озодлик: Янги ҳоким ҳақида нима дейсиз? Кузатувчилар уни жуда қаттиққўл ҳоким дейишаяпти. У 2005 йилда Дўстлик туманида ҳоким бўлиб турган пайтида бир гуруҳ намойишчиларни калтаклатган экан. Маҳмуд Холбўтаевнинг шахсияти ҳақида нима дея оласиз?

Зиёдилло Раззоқов: 2005 йилда Дўстлик туманидаги барча фермерлар кўтарилган пайтда¸ мен ҳам ўша ерда кузатувчи сифатида қатнашганман. Маҳмуд Холбўтаевнинг залга музокарага чақирганига ўзим гувоҳ бўлганман. Биз ўша ерда унинг фермерларга нисбатан олиб борган ноқонуний ҳатти-ҳаракатларини юзига айтганмиз.

“Фермерларга босим ўтказгансиз¸ ерларини тортиб олгансиз¸ суднинг қарори билан сиз таништирганмисиз” деганимизда¸ у жавоб бера олмай қолган эди. “Йўқ¸ мен чақирмаганман. Мен уларни огоҳлантирганман” деган.

“Қонуний бўлганда¸ фермерларни йиғиб¸ ўша суднинг қарори билан таништиришингиз ва уларнинг қўлига бир нусхадан беришингиз керак эди. Шуни биласизми?” деб ҳам айтиб ўтган эдик.

Ундан кейин зудлик билан вилоятда бир ўзгариш содир бўлдида¸ Ëмонқулов ишдан кетиб¸ унинг ўрнига Мирзачўл тумани ҳокими Муса Анорбоев келди. Кейин Маҳмуд Холбўтаев ҳокимнинг қишлоқ хўжалик муовини бўлди.

Маҳмуд Холбўтаев фермерларга жуда қаттиққўл¸ деганига мен унчалик баҳо бера олмайман. Мен унинг фермерларга қўпол муносабатини¸ уларга ҳурматсизларча эътибор қаратишини яхши биламан. Буни қаттиққўл деб бўлмайди.

Керак бўлса бу сенатор. Сенаторлар барча фуқаролар билан қандай муносабатда бўлиш кераклигини яхши билиши керак.

Кузатувчиларнинг айтишларича, Ўзбекистонда ҳеч қайси бир ҳоким ўз вазифасида узоқ йиллар ишлай олмайди. Аксарият ҳокимлар бир-икки йил ишлагандан сўнг ишдан олинади.

Иттифоқо янги ҳокимлар тайинланаётганда президент унга катта ишонч билдириб тайинлайди, орадан кўп ўтмасдан ҳоким президентнинг аччиқ танқиди остида ишдан бўшатилади¸ айримлари устидан жиноят иши қўзғатилади.

Хўш, нега шундай? Нега Ўзбекистонда ҳокимлар ўз мансабларида узоқ вақт ишлай олмайди? Улар ҳақиқатан ҳам президентнинг ишончини оқлолмайдими, ёки халқнинг ишончини? Бу саволларга сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев жавоб беради.

Тошпўлат Йўлдошев: Ўзи Ислом Каримов кейинги пайтларда тез-тез юқори мансабли амалдорларни алмаштирадиган бўлди. Унинг кадрлар сиëсати ўзи истаган одамни ўзи тайинлашдан иборат. У биров билан ҳисоблашмайди¸ бировнинг фикрини олмайди.

Орада уни мақтаб-мақтаб тайинлайди. Орадан бир-икки йил ўтгач¸ "порахўр экан" деб ўзи олиб ташлайди. Ислом Каримовнинг кадрлар заҳираси йўқ. Малакали¸ халқнинг манфаатини ўйлаб ишлайдиган кадрларнинг ўзи қолгани йўқ. Каримов билан ишлаб бўлмайди.

Ким ишлашидан қатъий назар¸ барибир порахўрлик билан шуғулланиши керак. Порани олгандан кейин¸ тепадагиларга ҳам етказиб туриш керак. Мана шу борада тепадаги амалдор билан пастдаги амалдор ўртасида келишмовчилик чиқиши мумкин.

Кадрлар тез-тез ўзгаришининг асосий сабаби¸ Ўзбекистонда порахўрлик ниҳоятда катта масштабларда¸ катта миқëсда бўлаëтганлиги. Унга қарши курашиш учун, ҳаттоки ,қонунларни ҳам бекор қилиб ташлашган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG