Линклар

logo-print

Ҳайдалиш куйи чалинди

  • Фаррух Юсуфий

Қирғиз парламенти президент Бакиев топшириғини бажарди ва АҚШ ҳарбийларини Манасдан ҳайдаб чиқаришга қарор қилди. Бу қарор уни кучга киритиш учун яна президент Бакиев столига қайтиб келди. Бакиев энди исталган дақиқада ўз қароридан қайтиши мумкин....

Қирғиз парламенти президент Бакиев топшириғини бажарди ва АҚШ ҳарбийларини Манасдан ҳайдаб чиқаришга қарор қилди. Бу қарор уни кучга киритиш учун яна президент Бакиев столига қайтиб келди. Бакиев энди исталган дақиқада ўз қароридан қайтиши мумкин....

Қирғиз парламентининг АҚШ базасини ëпиш масаласидаги мажлиси Ўзбекистон парламентининг 2005 йилда Хонобод базасидан америкалик ҳарбийларни қувиш томошасини эслатди.

Қирғизистон парламентининг қарори энди президент томонидан маъқулланса, 180 кун ичида АҚШ ҳарбийлари мамлакатни тарк этиши лозим бўлади.

Америкаликларни Манасдан хайдаш ниятини феврал ойи бошида эълон қилган президент Қурманбек Бакиев ҳукуматнинг қарори мутлақ иқтисодий сабабларга кўра қабул қилинганини баён қилганди.

- Биз америкалик ҳамкорларимиз билан уларнинг мамлакатдаги ҳарбий ҳозирлиги эвазига Қирғизистонга товон тўлаш мавзусида бир неча марта гаплашганмиз. Лекин, афсус, Қўшма Штатлар билан бу масалада муросага эриша олмадик. Биз уч йилдан бери келишув шартларини қайта кўриб чиқиш лозимлиги ва тўланаётган товон пули Қирғизистонга тўғри келмаслиги ҳақида гапириб келаяпмиз.

Бу баёнотни Бакиев Москвада Россия Президенти Дмитрий Медведев билан учрашувда икки миллиард АҚШ долларига тенг кредит ва 150 миллион долларлик беғараз ёрдамга оид ваъдаларни олиб бўлгач қилгани боис, бу қарорнинг иқтисодий эмас, сиёсий эканига ҳеч ким шубҳа қилгани йўқ.

Александр Гольц Россияда чиқадиган “Ежедневный журнал” нашрининг ҳарбий шарҳловчиси.

- Менимча, Манас базасининг тақдири апрелда бошланадиган Россия-Америка музокараларида узил-кесил ҳал бўлади. Маълумки, айнан Россия АҚШ базасини ёпиш борасида Қирғизистонга босим ўтказиб келди.

Россия учун Манас масаласи америкаликлар билан савдолашувда муҳим қарта бўлади. Ушбу савдолашувлар қандай якун топишига қараб, Манас базаси ё ёпилади, ёхуд қолади, дейди ҳарбий шарҳловчи.

Айни пайтда, Қирғизистон парламентининг пайшанба кунги мажлиси ва умуман Манас атрофида вужудга келган вазият 2005 йилда АҚШ ҳарбийларининг Хонобод базасидан қувилиши билан боғлиқ вазиятни эслатади.

Ўшанда Олий мажлисда Қарши-Хонобод базасини ëпиш масаласи муҳокама қилинганда Қашқадарё вилояти ҳокими Нуриддин Зайниев ҳам гапни иқтисодий ва экологик зиëн ҳақдаги узоқ гаплар билан айлантирган эди.

- Ҳарбий контингентнинг 2001 йилдан бери вилоятда бўлишидан воҳа иқтисодиëти ва аҳолиси ҳеч қандай фойда кўрган эмас. Ҳатто Хонобод қишлоғига ҳам ҳеч қандай иқтисодий ëрдам кўрсатилмади.

Аксинча¸ АҚШ ҳарбийларининг Хонободда бўлиши маҳаллий аҳолининг иқтисодий ва маиший-ижтимоий манфаатларига зид бўлиб қолди, деган эди ўшанда Қашқадарё ҳокими.

Қарши-Хонобод базасидан Афғонистондаги амалиëтлар учун ҳам ҳарбий, ҳам таъминот мақсадида фойдаланган Қўшма Штатлар учун бу катта йўқотиш бўлган эди¸ дейди россиялик ҳарбий таҳлилчи Павел Фельгенҳауэр.

- Қарши-Хонобод базаси Афғонистондаги қўшинларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳарбий ва транспорт операцияларини амалга ошириш учун географик жиҳатдан Манасдан кўра анча қулайроқ жойлашган эди.

Шу сабабдан Пентагон¸ Андижон воқеаларини танқид қилиш эвазига Афғонистондаги ҳарбий ҳаракатлар тақдирини шубҳа остига қўйишга қарши чиққан эди¸ дейди россиялик ҳарбий таҳлилчи Павел Фельгенҳауэр.

Бундан ташқари, Хонобод базасини ўз эҳтиёжларига мослаш учун катта маблағларни сарфлаган Пентагон учун унинг ёпилиши айниқса оғриқли бўлган, деб қўшимча қилади ҳарбий шарҳловчи.

Лекин, Оқ уй янги маъмурияти Афғонистонда тинчлик ўрнатишни ўз ташқи сиёсатининг устивор йўналиши, деб эълон қилган¸ президент Барак Обама у ердаги қўшинлар сонини оширишга буйруқ берган ҳозирги шароитида Манаснинг ёпилиши ҳам америкаликлар учун, Хонобод базаси каби катта йўқотиш бўлади.

Яна Александр Гольц гапиради.

- Айниқса, Обаманинг Афғонистондаги Америка ҳарбий ҳозирлигини кучайтиришга оид қарори инобатга олинса, бу жуда жиддий йўқотиш бўлади. Яқин келажакда у ерга қўшимча 17 минг АҚШ аскари ташланади. Бу дегани¸ у ерга катта миқдорда ҳарбий техника, қурол-аслаҳа ва ҳоказоларни ташлаш эҳтиёжи пайдо бўлади, деганидир.

Манаснинг ёпилиши¸ Афғонистондаги коалиция кучлари аҳволини жиддий тарзда қийинлаштириши мумкин. Қулайлик масаласига келсак, Манас базаси Хонободдан кўп ҳам қолишмасди. Чунки америкаликлар уни йўқ жойдан бошлаб, ўз эҳтиёжларига мослаб қурган.

Хонобод базаси ва унинг инфратузилмалари эса совет давридан қолган. Шунинг учун менимча, маблағ сарфлаш нуқтаи назаридан ҳам Манас базасини йўқотиш жуда алам қилса керак¸ дейди россиялик ҳарбий шарҳловчи Гольц.

Айни пайтда, АҚШ ҳарбийлари Манаснинг эҳтимолий ёпилиши Афғонистондаги операцияларга путур етказмаслиги, Американинг ўз қўшинлари таъминотини амалга оширишнинг бошқа йўллари борлигини баён қилишда давом этмоқда.

Ҳафта бошида АҚШ Марказий қўмондонлиги бошлиғи генерал Дэвид Петрэус Тошкенда президент Ислом Каримов билан учрашиб, Афғонистонда хавфсизлик ва барқарорлик масаласини муҳокама қилди.

Икки томон расмийлари¸ президент билан генералнинг¸ Ўзбекистонда АҚШ базасини қайта очиш масаласини муҳокама қилганига оид тахминларни на тасдиқлади ва на инкор қилди.

Бироқ Россиянинг “Независимая газета”сига кўра, Петрэус билан Каримов учрашувида Ўзбекистонда АҚШ базасини қайта очиш масаласи муҳокама қилинган.

Бундан ташқари, ўтган ҳафта Пентагоннинг исмини ошкор қилмаган мулозими Ассошиэйтед Прессга Ўзбекистон билан ҳарбий ҳамкорликни тиклаш масаласи жиддий кўриб чиқилаётганини маълум қилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG