Линклар

Жамият унутган қатлам

  • Гулнора Равшан

Саҳардан қош қорайгунча қабариқ қўллар билан кўча супуриб¸ пол ювадиган тожигу ўзбек фаррошлари¸ жамиятнинг аксар қисмининг паст назари остида кун кечирмоқдалар.

Саҳардан қош қорайгунча қабариқ қўллар билан кўча супуриб¸ пол ювадиган тожигу ўзбек фаррошлари¸ жамиятнинг аксар қисмининг паст назари остида кун кечирмоқдалар.

Марказий Осиëда кўпчилик фақат очдан ўлмаслик учунгина рози бўладиган иш - фаррошликка¸ нафақат жамиятнинг юқорироқ қатламлари¸ балки ҳукуматнинг ўзи ҳам орқа ўгиргандек...

Қирқ бешни қоралаган Шаҳрия Душанбе шаҳридаги 103-микрорайонда 12 йилдан буён кўча супуради.

Ўтган асрнинг 80-йилларида ўрта мактабни тугатган Шаҳрия ҳам бошқа қизлар сингари олий маълумотли бўлиш мақсадида ҳужжатларини педагогика институтига топширган.

- Аммо, афсуски, биринчи имтиҳонданоқ қуладим, дейди у.

Шундан сўнг ота-онаси уни турмушга узатди. Йиллар ўтиб, Шаҳрия тўрт фарзандли бўлди.

Аввал-бошда турмуш ўртоғи ўқитувчиликдан топган даромади билан бинойидек рўзғор тебратиб турди.

Аммо Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин мустақилликка эришган Тожикистонда 1991 йил сўнгида фуқаролар уруши бошланиб кетди. 1997 йилга келиб мамлакатда тинчлик ўрнатилса-да, ишсизлик муаммоси аримади.

Шаҳриянинг турмуш ўртоғи ҳам рўзғор тебратиш илинжида минглаб тожикистонликлар қаторида Россияга мардикорликка кетди.

- Неча йилдан буён турмуш ўртоғим Москвада. Ўша ерда уйланиб, уйли-жойли бўлиб кетди. Тўртта болага қараш менинг зиммамда, дейди Шаҳрия.

Унинг айтишича, турмуш ўртоғи ўз фарзандларига бир тийин ҳам юбормай қўйганидан кейин Шаҳрия кўча супириб, болаларини боқишга мажбур бўлган.

Ҳали душанбеликларнинг аксарияти ширин уйқудалигида Шаҳрия туз тотмай, узун супургисини елкасига осиб, ўз таъбири билан айтганда, “ишхонаси”га келади.

- Эрталаб соат тўртдан иш бошланади. Ишлаган ишимизга яраша ҳақ олмаймиз, дейди Шаҳрия супургисининг учи билан ахлатларни йиғиштирар экан.

Аввал 120 сомоний бўлган ойлик маош жорий йил бошидан 170 сомонийга (тахминан 45 доллар) кўтарилган. Бироқ...

- Олган ойлигим озиқ-овқатга етмайди. Бир кило картошка бир ярим сомоний. Ёғни 6 сомонийга оламиз. Яна уни бозорга олиб келиб сотганлар 7 сомонийга сотишади, дейди аёл.

Шаҳрия сўнгги 6 йил ичида янги кийим олиб киймаганини, ўзига тўқ оилалар берган эски-тускини кийиб юрганини айтади.

Атир-упа, аёллар учун безак ёки санаторийларда дам олиш ўзи учун бегоналигидан куйинар экан, Шаҳрия қабариб кетган кафтларини хижолатомуз яширади.

Шаҳрия ишлайдиган бригадада яна 29 аёл кўча супуради. Уларнинг барчаси бева аёллар бўлиб, ҳаммаларининг учта-тўрттадан фарзанди бор экан.

Шаҳриянинг айтишича, ҳукумат бу аёлларга ҳеч қандай имтиёз бермаган.

- Давлатдан умуман ёрдам йўқ. Хорижий ташкилотлар ҳам ёрдам бермайди, ҳолимизни сўрамайди ҳатто. Ойликка яшаймиз, дейди Шаҳрия.

- Ака-укалар, қариндош-уруғлар ҳам ёрдамлашадими рўзғорингизга? - сўраймиз Шаҳриядан.

- Йўқ. Чунки ҳозир ака-ука ҳам ўзини-ўзи аранг эплаб турибди. Завод-фабрика бўлмагандан кейин ҳамманинг аҳволи шу-да, дейди суҳбатдошимиз.

Шаҳриянинг тўнғич ўғли шаҳар бозорларидан бирида арава тортади. У ўғли топаётган даромад ўзини қувонтирмаётганини айтади:

- Фарзандларимиз арава тортса, мана бу ерга келиб, писта сотса, эртага бизнинг келажагимиз йўқ.

- Ойлик кам, қўшимча даромад йўқ экан, бошқа иш қилишнинг иложи йўқми? - сўраймиз суҳбатдошимиздан.

- Бошқа иш бозор-да. Нарса олиб-сотиш. Лекин солиқ учун пул, жой учун пул... Ундан кўра, тинчгина кўча супурган яхши, дейди Шаҳрия.

Даромад ҳақида гапирар экан, суҳбатдошимиз Россия пойтахтида кўча супураётган фаррошларга ҳавас қилишини яширмайди.

- Москвада кўча супурганларга энг кўп пул берилар экан. Йигитлар ўша ерларда кўча супуриб, машина олаяпти, уйлар қураяпти. Бу иш у ёқларда қадрланар экан, дейди ҳали иқтисодий бўҳрон ташвишларидан хабарсиз суҳбатдошимиз.

Шаҳриянинг касбдоши бўлган Рухсора Душанбе кўчаларини супурадиган ишчиларнинг 90 фоизини аёллар ташкил этишини айтади.

- Аммо бизнинг хавфсизлигимиз мутлақо таъминланмаган. Масалан, ўтган йили хавфли участкада кўча супурадиган бир ёшгина ишчимизни қоронғида машина босиб кетди.

Аёл ўлмади, аммо бир умрга мажруҳ бўлиб қолди, дейди Рухсора.

Суҳбатдошимиз ҳукумат фаррош аёлларга йилда бир марта коржома, у ҳам бўлса енгсиз калтача кийим ва учтадан супурги беришини, ундан бошқа ҳеч қандай ижтимоий имтиёз берилмаслигини айтиб нолийди.

Супурги учи билан нонини топиб, бола-чақаси катта қилаётган бу аёллар кам таъминланган кишиларга мурувват кўрсатилиши керак бўлган 20 феврал - Ижтимоий адолат кунидагина эмас, йилда бир марта нишонланадиган 8 март байрамида ҳам расмийлар эсидан чиқиб қолаётганларидан куюнадилар.
XS
SM
MD
LG