Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:31

Мудраган кутубхоналар уйғонмоқда


Собиқ иттифоқнинг энг ўқимишли халқларидан ҳисобланган ўзбеклар қорин тўйғизиш илинжида бугун қўлига китоб олмайдиган жамиятга айланиб бормоқда.
Собиқ иттифоқнинг энг ўқимишли халқларидан ҳисобланган ўзбеклар қорин тўйғизиш илинжида бугун қўлига китоб олмайдиган жамиятга айланиб бормоқда.

Ўзбекистонда жорий йилнинг май ойидан ишга тушириладиган электрон кутубхона тармоғининг қоронғу жавонларда чанг босиб ëтган китоблар дунëсига жон олиб кириши умид қилинмоқда.

Хоразмлик 23 ёшли Ойбек умуман китоб ўқимайдиганлар тоифасидан. У мактаб даврида битта шеърий китобни ўқиган¸ холос. Ойбек ҳозирда номини ҳам эслай олмайдиган ушбу китоб унинг шу ёшигача ўқиган ягона китоби.

- Китоб ўқиш менга ëқмайди. Сабаби рўзғор тебратиш учун ишлаш керак. Эрталабдан кечгача ишлаймиз. Кун бўйи ишлагандан кейин кечқурун китоб ўқишга вақт йўқ. Дам олиш керак.

Энди мактабда дарсликларни ўқиганмиз. Адабий китобларни умуман ўқимаганман. Синфдошлардан қизларнинг ичида ўқийдиганлари бор эди. Ўғил болаларнинг ҳеч биттаси ўқимас эди. Шеърлар ëзилган биттагина китоб ўқиганман, холос¸ дейди
Ойбек.

Тошкент вилоятида яшовчи ўқитувчи Улуғбек Усмоновга кўра, кейинги пайтда Ойбек сингари китоб ўқимайдиганлар кўпчиликни ташкил қилади. Улуғбек муаллим одамларнинг китоб ўқимай қўйганига бир қанча сабаблар келтиради.

- Ҳозирги кунда китобхонлар ниҳоятда камайиб кетди. Буларнинг асосий сабабларидан биттаси жаҳон адабиëти ëки рус адабиëти классикларининг ҳозирги пайтда лотин алифбосига ағдарилмаганидир.

Иккинчидан, китоблар ниҳоятда қиммат бўлиб кетган. Ҳозир ўртача ҳажмдаги китобларнинг нархи 10 минг сўм атрофида туради. Мактаб кутубхоналари ҳам олдингига қараганда қашшоқлашиб кетган.

Асосий сабаблардан яна биттаси олдин мактабларда¸ олий ўқув юртларида китобхонларга катта аҳамият бериларди. Китобхонлик кечалари ўтказиларди. Болаларнинг кўпчилиги мактаб¸ туман¸ вилоят кутубхоналарига обуна бўларди. Ҳозир бу нарсалар жуда ҳам қийин. Чунки болаларнинг аксарияти тирикчилик билан банд¸ дейди Улуғбек Усмонов.

Андижон шаҳридаги “Бобур” номли ахборот- кутубхона маркази директор ўринбосари Гулнора Исмоилова андижонлик кутубхоначилар бу каби муаммоларни ҳал қила олганларини айтади.

Унга кўра, кейинги йилларда ахборот- кутубхона марказига келаётган китобхонлар сони ошиб бораётир.

- 2000 йилда 17 минг 600 та китобхонга хизмат кўрсатган бўлсак¸ 2006 йилда 19 минг 900 китобхонга хизмат кўрсатганмиз. Бу ҳозир яна ошган. Ҳозир 21 мингта¸ дейди Гулнора Исмоилова.

Гулнора Исмоилова китобхонлар кўпайишига хизмат кўрсатиш турларининг ошиб бораётгани сабаб бўлаётганини айтади. Шунингдек, Ўзбекистонда сўнгги йилларда электрон кутубхоналар тизими ташкил этиш ҳаракатлари ҳам¸ ўқувчилар сони ошиғига ëрдам берган.

Айни кунларда Республика ахборот-кутубхона маркази Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги қошидаги Ёш дастурчиларни тайёрлаш ва қўллаб қувватлаш маркази билан ҳамкорликда автоматлаштирилган тизимни ишлаб чиқди.

Ёш дастурчиларни тайёрлаш ва қўллаб қувватлаш маркази ходими Дилмурод Каримбердиев айни лойиҳа раҳбари. Унга кўра, ушбу дастурий таъминотдан фойдаланиш осон ва қулай бўлгани учун уни ҳар қандай кутубхонада қўллаш мумкин. Бу эса, Каримбердиевга кўра, китобхонларга хизмат кўрсатиш сифатини яхшилайди.

- Ахборот кутубхоналар марказининг автоматизициялаштирилган дастурий таъминот тизимини ишлаб чиққанмиз. Бир нечта кутубхоналарни жамлаштирган система бўлади. Ҳамма маълумотлар битта ягона базада сақланади.

Китобхон ўз уйида ўтириб¸ кутубхонада қанақа китоблар борлигини билиши мумкин. Шунингдек, электрон дарсликларни қидириш¸ буюртма бериш мумкин¸ дейди Дилмурод Каримбердиев.

Дилмурод Каримбердиевга кўра, марказлаштирилган тармоқ орқали бир қанча кутубхона ва китобхонлар ўртасида ахборот алмашиниши таъминланади.

Гулнора Исмоилова автоматлаштирилган тизим йўлга қўйилгач¸ китобхонлар сони янада ошишига ишонади. Суҳбатдошимизга кўра, айни пайтда Андижондаги “Бобур” номли ахборот-кутубхона марказига келаётган китобхонлар орасида турли ёшдаги одамларни учратиш мумкин. Улар орасида ҳатто 100 ёшли отахон ҳам бор.

- 100 ëшли китобхонимиз ҳам бор. Ҳафтада икки-уч марта албатта келади. Фамилияси Берганов. Эски шаҳар қисмида яшайди. Уйи кутубхонамизга яқин. У 100 ëшдан ўтди. Ҳар куни газеталаримиздан фойдаланади¸ дейди Гулнора Исмоилова.

Гулнора Исмоиловага кўра, андижонлик китобхонлар асосан ижтимоий-сиёсий мавзулардаги китобларни ўқишни маъқул кўрар экан.

Албатта Ўзбекистондаги кутубхоналарни Европа ва АҚШдаги замонавий кутубхоналар билан солиштириб бўлмайди. Шунга қарамай, ўзбек кутубхоначиларининг гувоҳлик беришларича, бир пайтлар гавжум бўлган Ўзбекистон кутубхоналарига ҳам китобхонлар қайта бошлаганлар.
XS
SM
MD
LG