Линклар

Коммунага айлантирилган Уллибиби

  • Абдулла Искандар

Коммуна ая Исмоилова¸ пойдевори "Ҳужум " даврида қўйилган ўзбек санъатининг бугунга келиб саноқли қолган атоқли намояндаларидан бири.

Коммуна ая Исмоилова¸ пойдевори "Ҳужум " даврида қўйилган ўзбек санъатининг бугунга келиб саноқли қолган атоқли намояндаларидан бири.

Бугунги қаҳрамонимиз 82 ëшни қоралаган Ўзбекистон халқ артисти Коммуна Исмоилова¸ суҳбатимизни "мен туғилган Хива шаҳрида 1927 йилда бунақа исм йўқ эди"¸ деган гап билан бошлади.

Коммуна Исмоилова: Менинг дадам Хива шаҳридаги газетанинг бош муҳаррири бўлган. Мен туғилган пайтда дадамни райкомга чақиришган. Унга “Исмоилов¸ бизга “Хива коммунаси” деган янги газета очиш ҳақда буйруқ келди. Авваламбор янги туғилган қиз билан табриклаймиз. Ўша қизингизнинг номини Коммуна деб қўйинг"¸ дейишган.

Менинг қулоғимга Уллибиби деб азон айтишган¸ аммо туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномага Коммуна деб ëздириб олишган. Менинг ота-онам 1928 йилда Тошкентга САГУга ўқишга келишган. 1932 йилда САГУни тугатишган ва дадам шу йили Манғитга райкомнинг биринчи секретари этиб тайинланган. Онам бўлса женсектор бўлган. Мен мана шунақа оиланинг фарзандиман.

Болалик даври қадимий Хива миноралари ëнида шодон ўтаëтган Коммуна¸ сал ўтмай олис Европадаги уруш жабҳасига бориб қоламан¸ деб ўйламаган эди.

Коммуна Исмоилова: 1943 йил 11 февралда Хоразмдан олиб келишган.

Озодлик: Ким олиб келган?

Коммуна Исмоилова: Гавҳар Раҳимова билан Фахриддин Содиқов. Хотин-қизлар ансамбли¸ фронтовый бригада деб.


Уруш машшоқлари

Соз чалиб қўшиқ айтадиган талантлардан таркиб топган гуруҳ урушдаги аскарлар кўнглини кўтариш учун кетаëтган эди.

Коммуна Исмоилова: Шу ансамблда 12 та қиз¸ тўртта музикант билан 6 ой фронтда бўлганмиз. Кейин олти ой Ўзбекистоннинг бутун вилоятларида юриб¸ ҳисобот концертини бердик.

Европани қоплаган уруш саҳнасининг созандалари билан бирликда Коммуна Исмоилова жабҳаларнинг оловли йўлларини кезди.

Коммуна Исмоилова: Биринчи борганимиз шимол-ғарбий фронт¸ ғарбий фронт¸ кейингилари биринчи ва иккинчи Украина фронти¸ 1944 йилда борганимиз эса биринчи-иккинчи Болтиқбўйи фронти ва учинчи украин фронти¸ 1945 йилда борганимиз биринчи-иккинчи Беларус фронти. Мана шу фронтларнинг ҳаммасида бизнинг ансамблимиз хизмат қилиб¸ аскарларнинг руҳини кўтариб¸ уларнинг душманга нафратини яна ошириб¸ юртимиз учун хизмат қилиб келганмиз.


Ўзбек генерали Собир Раҳимов билан учрашув ва видолашув

Ўзбек генерали Собир Раҳимов¸ иккинчи жаҳон уруши пайтида совет аскарлари учун қўшиқлар куйлаган дастанинг раҳнамоси сифатида кўрилди. Коммуна Исмоилова хотираларига қулоқ берамиз.

Коммуна Исмоилова: Олдин 1943 йилда Сталинградда учрашдик. Ундан кейин 1945 йил март ойида Гданскда 37- дивизия билан учрашиб¸ концерт берганмиз.

Озодлик: Собир Раҳимов қандай киши эди?

Коммуна Исмоилова: Бақувват¸ юрти учун фидойи¸ очиқ кўнгил¸ жуда инсонпарвар¸ санъатни жуда севадиган инсон эди. Кейин Мариенбергда дам олдик. Биз кейин биринчи Беларус фронтига кетдик. Ундан кейин Мариенбергга штабга қайтиб келганимизда¸ Собир Раҳимовнинг жасадини у ерга олиб келишган экан.

Собир Раҳимовнинг адъютанти бўлган Асқаржон (Усмон Юсуповнинг ўғли) бизни кутиб олди. Биз ҳаммамиз Собир Раҳимовнинг тепасига бориб¸ мотам ашулаларини айтиб¸ сочимизни ëйиб¸ “отамиз¸ акамиз” деб видолашганмиз. Кейин у кишининг жасадини Москвага олиб кетишди. Биз эса у ëқда хизматимизда қолдик. Тошкентга 27 июнда қайтиб келдик.


Тошкент 1945

Урушдан кейинги Тошкент шаҳри ғариб бир маскан эди¸ деб эслайди Коммуна Исмоилова.

Коммуна Исмоилова: Биргина трамвай юрарди. У пайтда Қизил майдон (ҳозирги мустақиллик майдони) ëнидаги метронинг ўрнида филармония бўлган. Унинг ëнида эса “Хива” кинотеатри бўларди. Шу бизларнинг концерт залимиз эди.

У пайтда Тошкент жуда эски шаҳар эди. Биргина Навоий кўчасида трамвай юрарди. У ҳам Чорсунинг олдига келиб¸ Чорсудан айланиб¸ вокзалнинг олдига келарди. Биз ўша трамвайда юрардик. У пайтда автобус¸ троллейбус деган гаплар йўқ эди.

У пайтларда енгил автомобиллар ҳам бўлган эмас. Биз концертга борадиган бўлсак¸ биз учун ичига сомон солинган грузовой машина келарди. Ўшанинг ичига ўтириб¸ туманларга кетардик. Вилоятларга поезд билан борардик. Биз ўша пайтда Ўзбекистондаги қийинчиликни кўрганмиз. Чорсуда “Бола масжид” деган масжиднинг ëнида бизнинг ëтоқхонамиз бўларди.

У пайтда трамвай 15 тийин эди. Трамвайга пул топа олмай қолганимизда¸ Чорсудан Қизил майдон (ҳозирги мустақиллик майдони) олдидаги филармониягача пиëда юриб келардик. У пайтда роса қийналганмиз лекин. Ўзингиз ўйланг ойлигимга икки буханка нон берарди. Концерт бўлсин¸ туманларга¸ колхозларга чиқайлик деб Худодан тилаб ўтирардик. Гастролда юриб¸ тирикчилигимизни қилардик.


Замонавий Ўзбекистоннинг барқут либосли тиланчилари

Уруш йиллари машаққатларини бошдан кечирган Коммуна Исмоилова тирикчилик ўтмай қолди¸ дея фоҳишалик ва тиланчилик қилаëтган бугунги ўзбек аëллари зеҳниятини тушунишга қийналади.

Коммуна Исмоилова: Биласизми¸ у пайтда тиланчи ҳам кам эди. Бир майизни 40 бўлиб ейишган деган мақол бор. Мана бир мисол. 1947 йилда мен маҳаллада бир ўртоғимнинг уйида турганимда¸ маҳалла комиссияси бировдан ун¸ бировдан гуруч олиб¸ ўша етишмаëтганларга олиб бориб беришарди. У пайтда ишламайдиганлар 300 грамм¸ ишлайдиганлар 500 грамм нон оларди. Ўзингиз ўйланг¸ бир кунга 500 грамм нон билан одам ҳаëт кечириб биладими? Ўша аҳилликдан¸ бир-бирига меҳр-оқибатнинг борлигидан бемалол ҳаëт ўтган.

Айниқса¸ бугун кўчада кетаëтганда гадойларни кўраман. Ўзи ëш¸ эгнида помбархт кўйлак. Бошида зарли рўмол. Уялмасдан юзини шувут қилиб¸ пул сўрашади. Эгнингга помбархт кийма¸ қорнингни тўйдир. Ишла бир ерда. Ҳозир ҳар қанақа ишни қилса¸ тирикчилик¸ эркинлик бериб қўйишибди. Мана сендан ҳаракат¸ мендан баракат дейди. Ҳаракат қилса¸ қорнини тўйдиради. Ҳеч қандай қийинчилик жойи йўқ. Ҳамма айб ўзида.

Ўша пайтда шунча қийинчилик бўлса ҳам бунча гадой бўлмаган. Ҳозирги гадойларнинг уйига борсангиз¸ уйини кўриб миллионернинг уйидан тузук дейсиз. Ҳалигилар тўй қилишади¸ ҳайрон қоласиз. Ишламайдиган одамнинг уйида тўйга шунча дастурхон қилинган. Ўзи бўлса¸ гадой.

Озодлик: Мана¸ Ҳиндистонда қўлга олинган фоҳишалар “қийинчилик¸ нон ейишга пулимиз йўқ¸ шунинг учун фоҳишалик қилдик” деяпти.

Коммуна Исмоилова: Шунақа дейишга бети йўқда уларнинг. Нимага бошқалар қилмайди? Бу ўзининг ифлослигидан. Бу ерда ота-она ҳам катта рол ўйнайди. Ота-она уларнинг эркинлигини бериб қўйган. Кейин ишга деб алдаб¸ шунақа жойга олиб борадиган одамлар ҳам борда.

Коммуна ая Исмоилова бугун Ўзбекистонда ном қозонган каттаю кичик санъаткорларнинг севимли устози ҳам.
Хонлар ўтар¸ тахт ўтар

Бугун 82 ëшни қоралаган Коммуна опа Ўзбекистонни бошқарган анча раҳбарларни кўрди. Улар ичида Усмон Юсупов санъатга эътибори билан ажралиб турар эди¸ деб эслайди Коммуна опа.

Коммуна Исмоилова: Усмон Юсупов ўзи жуда камтарин¸ ўзи деҳқондан чиққан¸ пахта заводда юк ташувчи бўлиб ишлаган. Бу одам ўзи қийинчилик кўргани учун юртига жуда садоқатли¸ юртим деб жонини фидо қиладиган одам эди. Раҳбарларнинг кўпини кўрганман.

Усмон акадан кейин Аминжон Ниëзовни¸ Шароф Рашидовни¸ Нуриддин Муҳиддиновни кўрганман. Буларнинг ҳаммаси юрти учун фидойи инсонлардан эди.

Мана¸ Шароф Рашидов миллийлигимиз йўқолмасин деб¸ қайсидир йили институтларга¸ мактабларга бориб қизларга «Биринчи май куни парадга атлас ва бошингизга дўппи кийиб чиқинглар» деб айтган. Йигитларга эса «Тўн кийинглар. Бизларнинг миллийлигимиз¸ ўзбеклигимиз билинсин» деган. У ҳам шоир эди¸ санъатни ҳам севарди.


Гулшан аро гулчеҳралар

Ўзбек аëлларига бағишланган "Давр менинг тақдиримда" эшиттиришининг бугунги қаҳрамони Коммуна Исмоилова ўз даври етиштирган машҳур ўзбек аëлларига замондош бўлганидан фахрланади.

Коммуна Исмоилова: Биринчи¸ Ëдгора Насриддиновадан фахрланаман. Санъатда ўзини булбул қилиб кўрсатган Ҳалима опамдан фахрланаман. Илойим ўшанинг ëшини берсин. Шунча шогирдлар қолдирган Мукаррама Турғунбоевадан фахрланаман. Зулфия опадан фахрланаман. Театрни олсак¸ Сора опамдан фахрланаман. Илойим руҳлари шод бўлсин.


Ëдгора Насриддинованинг ëди

Ўзбек аëллари ичидан етишиб чиқиб¸ дунëнинг олтидан бирини эгаллаган давлат (собиқ СССР) нинг юксак раҳбарий лавозимини эгаллаган Ëдгора Насридинова ëди¸ Коммуна опа учун азиз.

Коммуна Исмоилова: Мен Ëдгора опа билан кўп учрашганман. Ëдгора опа менга Ўзбекистон халқ артисти унвонини берган. Шароф акадан Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвонини олганман. Биласизми¸ Ëдгора опа жуда камтар инсон эди. Уни ҳеч ким Олий Совет раиси¸ деб ўйламас эди.

Мен аварияга учраб касалхонада ëтганимда¸ менинг ëнимга секретари билан келиб¸ «Коммуна¸ сен эсон-омон ëтибсан. Умринг узун бўлади. Мен сенга битта нарса айтай. Мана хўжайиним Нуриддин ака вафот қилди. Мен Бухорода эдим. Ўлганидан кейин чақириб олишди. Ўшанинг қирқини ўтказиб¸ Москвага чақирганида¸ хайрлашиб кетай деб мозорига бордим. Ишонасанми¸ Нуриддин акамнинг ити 40 кунгача туз тотмабди. Охири эгасининг мозорига бориб¸ ўша ерни ковлаб-ковлаб ўлиб қолган. Кейин гўрков уни олиб деворнинг ëнига кўмган. Мен бориб мозорнинг нимага бузилганини сўрасам¸ гўрков «Кечарасиз битта ит ковлаб-ковлаб ичига кирибди. Ўша ерда ўлиб қолибди. Биз олиб ўша ëққа кўмдик» деди. Мана ит мендан ҳам кўра вафодорроқ экан» деб айтганини мен ҳалигача эслаб юраман. Қаранг у шу даражада камтар одам бўлганда. Менга ўхшаган битта санъаткорга дардини айтиб ўтирибди.


Халқ ардоғида эркаланиб яшадим¸ тақдиримдан айланай...

Коммуна опа ўтган умрининг ҳеч бир лаҳзасидан нолимайди. Оллоҳ берган умрни эл кўнглини олишга сарфладим¸ мингдан минг розиман¸ дейди Комуна опа суҳбатимиз сўнггида.

Коммуна Исмоилова: Мен жуда бахтлиман. Худога шукур битта ëлғиз қиз фарзандимдан учта қиз неварам бор. Куëвим жуда яхши. Илоҳим умридан барака топсин.
XS
SM
MD
LG