Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:25

Муқобил йўллар изланмоқда


Манас базасини йўқотиш¸ Афғонистондаги халқаро кучлар учун янги мураккаблик туғдиришини эътироф этган ҳолда Пентагон раҳбари¸ вазитдан чиқишнинг муқобил йўллари борлигини алоҳида таъкидалди.
Манас базасини йўқотиш¸ Афғонистондаги халқаро кучлар учун янги мураккаблик туғдиришини эътироф этган ҳолда Пентагон раҳбари¸ вазитдан чиқишнинг муқобил йўллари борлигини алоҳида таъкидалди.

НАТО Мудофаа вазирларининг Краковда бўлиб ўтган икки кунлик учрашувида Афғонистондаги қўшинлар сонини ошириш ва улар таъминотини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.

Кузатувчилар фикрича¸ АҚШ қўшинларининг Қирғизистондаги ҳарбий базадан чиқариб юборилиши НАТОнинг Афғонистонга қўшимча ҳарбий куч юбориш ҳаракатларини қийинлаштириши шубҳасиз.

Боиси¸ Қирғизистондаги Манас ҳарбий базаси НАТОнинг Афғонистондаги ҳарбий амалиётлари учун 2001 йилдан бери муҳим рол ўйнаб келмоқда.

АҚШ матбуотининг ëзишича, ҳар ой Манас базаси орқали Афғонистондаги халқаро кучларга 500 тонна юк етказиб берилади ва камида 15 минг ҳарбий бу базада тўхтаб ўтади.

20 феврал куни Қирғизистон президенти Қурманбек Бакиев АҚШ базасини мамлакат ҳудудидан чиқариш тўғрисидаги қонунни имзолади.

Мазкур қонун 19 феврал куни Қирғизистон парламенти депутатлари томонидан кўпчилик овоз билан қабул қилинган эди.

Эндиликда кучга кирган бу қарорга кўра¸ АҚШ ҳарбийлари 180 кун ичида Манасни тарк этиши керак бўлади.

Шундай бўлса-да¸ НАТО Мудофаа вазирларининг Краков шаҳридаги учрашуви чоғида гапирган Роберт Гейтс расмий Вашингтон Манас ҳарбий базаси тақдири борасида Қирғизистон ҳукумати билан сўзлашувларни давом эттиражагини айтди.

Роберт Гейтс АҚШ томони ҳарбий базадан ҳануз умидини узмагани, бироқ ижара ҳақи учун ортиқча пул тўлаш нияти йўқлигини билдирди.

- Биз масаланинг молиявий тарафи, жумладан, ижара ҳақини ошириш ўзини оқлаш-оқламаслиги масаласини кўриб чиқишга тайёрмиз. Аммо айни пайтда¸ биз солиқ тўловчиларнинг пулини ҳавога совуриш фикридан йироқмиз, деди Роберт Гейтс.

Гейтснинг бу баëноти билан кетма-кет АҚШ қўшинлари қўмондонларидан бири контр- адмирал Марк Ҳарничек Тожикистон давлат телевидениеси томонидан кўрсатилган чиқиши чоғида Тожикистон ҳукумати НАТОнинг ноҳарбий юкларини мамлакат ҳудуди орқали Афғонистонга транзит қилишга розилик берганини маълум қилди.

- Тожикистон томони НАТОга ўз темир ва магистрал йўллари орқали Афғонистонга ноҳарбий юкларни етказиб беришга рухсат берди, деди АҚШ расмийси.

Қирғизистон ҳукумати АҚШнинг мамлакатдаги Манас ҳарбий базасини ёпишга қарор қилгандан сўнг Вашингтон Афғонистондаги қўшинлар таъминоти учун муқобил йўлларини топиш уринишларини жадаллаштирди.

АҚШ ҳарбийси¸ Ўзбекистон ҳукуматининг ҳам ноҳарбий юкларни мамлакат ҳудуди орқали Афғонистонга транзит қилишга рухсат берганини маълум қилди.

Айни пайтда¸ Краковда учрашаётган НАТО Мудофаа вазирларининг бошқа бир масалани ҳам музокаралар марказига чиқариши кутилмоқда.

Маълум бўлишича, Покистоннинг Пунжоб вилояти ҳукумати Карачи портига келган НАТО юклари учун вилоят ҳудудида янги терминал барпо этишга оид шартномани бекор қилган. Маҳаллий расмийларнинг билдиришича, хавфсизлик борасида мавжуд хавотирлар туфайли шундай қарор қабул қилинган.

Афғонистондаги АҚШ ва НАТО қўшинлари таъминоти Покистоннинг қабилалар истиқомат қилувчи минтақалари, хусусан, Ҳайбар довони ҳамда Балужистон вилояти орқали амалга оширилади.

Бироқ толибонга ҳайрихоҳ бўлган маҳаллий жангарилар сўнгги пайтда минтақада кўприклар, катта омборлар, ҳаттоки, Афғонистондаги халқаро кучларга мўлжалланган НАТО юк машиналарига ҳужум уюштирди.

Таъминот масаласи НАТО учун бош оғриқ бўлаётган бир пайтда¸ АҚШ мудофаа вазири Роберт Гейтс расмий Вашингтон ҳозирда Манас ўрнини боса оладиган муқобил йўллар топиш борасида бир нечта давлат билан музокаралар олиб бораётганини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG