Линклар

Юклар карвони йўлга чиқди

  • Барно Анвар

Яқинларгача¸ Покистоннинг Ҳайбар довони орқали Афғонистонга ташилган НАТО таъминот юклари тез орада ўз йўналишини Тожикистон ва Ўзбекистон йўлларига бурадиган кўринади.

Яқинларгача¸ Покистоннинг Ҳайбар довони орқали Афғонистонга ташилган НАТО таъминот юклари тез орада ўз йўналишини Тожикистон ва Ўзбекистон йўлларига бурадиган кўринади.

АҚШ контр-адмирали Марк Ҳарничекнинг билдиришича¸ Ўзбекистон ва Тожикистон НАТО нинг Афғонистондаги коалиция кучларига мўлжалланган ноҳарбий юклари транзитига рози бўлган.

Эндиликда расмий Тошкент ва Душанбе розилиги билан бу давлатлар ҳудудидан ҳафтасига 50 дан 200 га қадар контейнерда НАТОнинг Афғонистондаги қўшинларига мўлжалланган ноҳарбий юклар олиб ўтилади.

Тожикистон Ташқи ишлар вазири билан учрашувдан сўнг АҚШ контр-адмирали НАТО юклари транзити учун ҳам темир йўл, ҳам автомобил йўлларидан фойдаланиш масаласи муҳокама қилинганини маълум қилди.

- Биз сизнинг давлатларингиздаги темир йўл ва автомобил қатновидан фойдаланиш имконларини муҳокама қилдик. Афғонистон билан чегарадош ҳар бир давлатнинг бу борада муҳим аҳамиятга эга экани сир эмас.

Аммо, Афғонистондаги базаларимизга нисбатан яқинроқ бўлгани боис, яъни масофа туфайли, Тожикистон анча муҳим нуқта, деди АҚШ қўмондонлигининг контр-адмирал Марк Харничек жума куни Душанбеда қилган баëнотида.

АҚШ ҳарбийси баёнотидан бироз ўтиб, Тожикистон ташқи ишлар вазирлиги ҳам бу борада келишув имзоланганини маълум қилди.

Контр-адмирал Марк Ҳарничек сўзларига кўра, расмий Тошкент ҳам транзит қатновига розилик бергани ҳақда билдириш жўнатган. Аммо Ўзбекистон ҳукумати идоралари бу ҳақда ҳозирча сукут сақламоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Раҳимжон Нурназаров бу борадаги саволларимизга жавоб беролмаслигини айтди.

Раҳимжон Нурназаров: Йўқ¸ мен бу тўғрида ҳеч нарса дея олмайман. Ҳеч қанақа қўшимча маълумот бера олмайман.

Озодлик: Ўзи бу келишувга эришилдими ëки йўқми?

Раҳимжон Нурназаров: Хабарим йўқ.

Айни вақтда АҚШ нинг Тошкентдаги элчихонаси матбуот котиби Молли Стивенсон ҳам бу борадаги тафсилотлар билан АҚШ Мудофаа вазирлигига мурожаат қилишни тавсия этди.

Ҳозирча Ўзбекистоннинг ўз ҳудуди орқали НАТО юклари ўтишига розилик бергани ҳақида фақат АҚШ томони маълум қилмоқда.

Душанба куни АҚШ марказий қўмондонлиги қўмондони генерал Дэвид Петрэус Тошкентда бўлиб, президент Каримов билан, ундан сал аввал эса Душанбеда бўлиб, президент Имомали Раҳмон билан айни масалани муҳокама қилган эди.

Демак, бу учрашувлар чоғида Ўзбекистон ва Тожикистон раҳбарияти АҚШ ҳарбийларининг ўз ҳудудидан транзит қатновидан фойдаланишига розилик берган.

НАТО қарийб уч йилдан буён Роосия ва Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари, хусусан, президент Каримов ҳукуматини транзит қатнови бўйича келишувни имзолашга ундаб келаётган эди.

НАТО расмийлари ҳаво орқали бир тонна ноҳарбий юкни Афғонистонга етказиш қарийб 9 минг еврога тушаётгани¸ айни шунча юк темир йўл орқали ташилса, ҳар тоннаси 100 еврога тушишини билдириб келмоқда.

Шу боис, Ўзбекистон ва Тожикистон орқали темир йўл ва автомобил қатнови йўлга қўйилса, НАТО учун тобора таҳликали бўлиб бораëтган Покистон йўналишига муқобил қуруқлик йўли топилиши бараварида Афғонистондаги АҚШ етакчилигидаги коалиция қўшинларини бир неча ўн баробар арзонга таъминлаш имкони ҳам амалга ошган бўлади.
XS
SM
MD
LG