Линклар

"Мусулмон эколог оқсоқоллар" ташаббуси

  • Сарвар Усмон

Ўзбекистонлик оқсоқоллар гуруҳи "Энг мурувватли қўшни", деб номланган кўрик-танловни жорий қилдилар.

Ўзбекистонлик оқсоқоллар гуруҳи "Энг мурувватли қўшни", деб номланган кўрик-танловни жорий қилдилар.

Қўшнининг пулига олинган хотин хотин бўладими? Ўғилчанинг булбулчасини қўшнининг пулига кестириш дурустми? Бугун айнан мана шу кутилмаган саволлар устида Сиз тингловчи билан бирга ўйлаб кўрмоқчимиз.

Ўзбекистондаги уч жамоат ташкилоти: "Экосан" халқаро жамғармаси, Фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш "Нуроний" жамғармаси ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси бир савоб иш бошлади.

Ташкилотлар номини ҳадеб такрорлаш айтишгаям, эшитишгаям қийин бўлгани учун уччаласини бирлаштириб "Мусулмон эколог оқсоқоллар", деб атадик.

Демак, "Мусулмон эколог оқсоқоллар" "Қўшни қўшнига" шиори остида "Энг мурувватли қўшни" республика кўрик-танловини эълон қилди.

Тадбирдан кўзланган мақсад ҳақида "Экосан" жамғармаси вакили Озодликка бундай деди:

- Энг мурувватли қўшни республика кўрик танловимиз бу йил Қишлоқ тараққиëти ва фаровонлиги йили муносабати билан эълон қилинди. Бу танловимиз ўзи анъанавий тарзда ўтказилади.

Бундан асосий мақсадимиз қўшничилик¸ дўстликни янада ривожлантириш ва қўшниларнинг бир-бирларига бўлган муносабатларини янада яхшилаш.

Кўрик танловимизнинг яна бир мақсади нафақат қўшниларга¸ атрофдагиларга меҳр-мурувватли бўлиш¸ балки табиий атроф муҳитга ҳам меҳр-мурувватли бўлишни назарда тутади¸ деди "Экосан" жамғармаси вакили Хония Асилбекова.

Кўрик-танловни уюштирувчилардан яна бири Фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш "Нуроний" жамғармасидир. Жамғарманинг Сирдарё вилоят бўлими мутасаддисининг айтишича, шу кунда танловни бошлашга тайёргарлик кўрилмоқда.

- Шунақа чора-тадбирлар режаси бор.

Озодлик: Бу жойларда қандай ўтказилади?

- Мен ҳозир бу ҳақда сизга аниқ жавоб бера олмайман. Сабаби биз ҳали ишга киришганимиз йўқ.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасидан ҳам идоранинг бир вакили бу ишга бош қўшганини сўраб билдик.

"Энг мурувватли қўшни" кўрик-танлови ғолиблари қўшнига кўрсатгани маънавий ва моддий ёрдамга қараб аниқланади.

Моддий ёрдамнику ўлчаб бўлар, маънавийси қандай тарозуда ўлчанади?! Ҳай, майли, бу йўл-йўлакай пайдо бўлган бир саволча эди.

Бадавлат қўшни муҳтож ҳамсоясининг тўйини ўтказиб бериши ёки газ ёки сув ўлчагич ўрнатиб бериши ҳам мумкин. Танлов шартларининг айнан мана шу бандига ҳайрон бўлдик ва "Экосан" вакилидан сўрадик.

Озодлик: Бу “Экосан” ташкилоти¸ “Нуроний” жамғармаси¸ Ўзбекиситон мусулмонлар идорасининг ташаббусими ëки ҳукуматдан қандайдир бир илтимос бўлдими? Бунақа савол қўйишимга сабаб шуки¸ газ ҳисоблагичлар ўрнатиб бериш ҳақида ҳам гап кетаяптида. Нимага энди кир ювиш машинаси олиб бериш эмас¸ айнан газ ҳисоблагич ўрнатиш?

Хония Асилбекова: Ўзи кўрик-танловнинг асосий ташаббускори "Экосан" халқаро ташкилоти. "Экосан" халқаро ташкилотининг асосий фаолияти ҳам кенг жамоатчиликни атроф муҳофазасига¸ жумладан¸ табиат неъматларидан оқилона фойдаланишга жалб қилиш¸ уларнинг экологик билимларини янада ривожлантиришдан иборат.

Шунинг учун бундай кўрик-танловлар орқали биз жамоатчиликни жалб қилмоқчимиз. Шунинг учун ҳам газ ч¸ сув ўлчагичларни ўрнатишга катта эътибор қаратдик. Асосий мақсадимиз табиий ресурслардан оқилона фойдаланишни янада рағбатлантириш.

"Энг мурувватли қўшни" кўрик-танлови икки босқичда ўтказилиб, биринчи босқич натижалари Наврўз байрамида чиқарилади, иккинчи босқич ғолиблари Рамазон ҳайитида тақдирланади.

Ғолибларга "Экосан"нинг дипломлари ва махсус мукофотлари берилади.

"Мусулмон эколог оқсоқоллар", шубҳасиз, савобли ишни бошлабдилар. Биз бу гапни ҳеч қандай киноясиз айтаяпмиз. Зеро "Нуроний" жамғармаси Қашқадарё вилоят бўлими вакили айтганидай, бундай тадбир “қўшнининг қўшнига меҳр-муҳаббатини ошириш учун керак”.

Лекин, "Мусулмон эколог оқсоқоллар" ўз ташаббуси билан жамиятнинг энг оғриқли муаммоси – камбағаллик, қашшоқлик муаммосини очиқлаб қўйди.

Аҳоли камбағал-қашшоқ қатламининг қалин-юпқалиги тўғрисида Ўзбекистонда гапиравермайдилар.

Ёрдамга муҳтож оилалар аҳолининг неча фоизини ташкил қилади? Бу савол жавоби "Энг мурувватли қўшни" кўрик-танлови уюштирувчиларида ҳам йўқ.

Озодлик: Яна бир савол. Шундай ëрдамга муҳтожлар қатлами Ўзбекистонда қанчалик?

- Биз бундай тадқиқотларни ўтказмаганмиз.

"Нуроний" жамғармасининг вилоятлардаги вакилларидан бирининг айтишича, муҳтож оилалар кўп.

Озодлик: Бу кўрик-танлов жараëнида газ ҳисоблагичлари¸ сув ҳисоблагичларини ўрнатиб бериш¸ тўй ўтказиш ва ҳоказо ишларга ëрдам бериш назарда тутилган. Шунақа ишларни ўзлари қила олмайдиган оилалар кўпми?

- Албатта.

Озодлик: Аҳолининг қанча фоизи шундай ëрдамга муҳтожлигини айта оласизми?

- Йўқ¸ айта олмайман. Бундай ҳисоб-китобни ҳали қилганимиз йўқ. Бизларда 300 дан ортиқ ëлғиз-муҳтож қариялар бор. Ўшаларни биламан, лекин.

Озодлик: Бу вилоят бўйичами?

- Вилоят бўйича. Ëлғиз-муҳтож қариялар. Ëрдамга муҳтож оилаларни ҳисоблайдиган бўлсак¸ у кўп бўлиб кетади.

Бир жамоат ташкилотига ўша ҳисоб-китобларни қилишга рухсат берадиларми-йўқми?

Буни айтиш қийин.

Лекин ҳисоб-китоб қилинган.

БМТ Ривожланиш дастури сайтидан мана бу информацияни топдик:

"Ўзбекистондаги қашшоқлик тўғрисидаги дастлабки маълумотлар 2001 йили олинган. Ўша йили мамлакат аҳолисининг 27.5 фоизини – 6 миллион 800 минг кишини камбағал-қашшоқ, деб аташ мумкин эди.

Бу рақам 2003 йилга келиб бироз пасайган – 26.2 фоизга тушган эди. Ўзбекистонда ҳар уч оиладан бирини ўта қашшоқ оила дейиш мумкин. Қашшоқларнинг 63 фоизи қишлоқларда яшайди".

Эслатиб ўтаман, бу маълумотни БМТ Ривожланиш дастури сайтидан олдик.

Лекин расмий Тошкент бу ҳақда одатда гапирмайди.

Масалан, энг сўнгги ҳужжат – президент Каримовнинг куни кеча Вазирлар Маҳкамаси йиғилишида қилган нутқини олиб кўрайлик.

Нутқ матнини синчиклаб ўқиб чиқдик. Унинг биронта ҳам бандида на "камбағал" ва на "қашшоқ" деган сўзларни кўрдик.

Нутқнинг биринчи ярми эришилган ютуқлар тўғрисида.

Президент нутқининг давоми ўша ютуқларни мустаҳкамлаш чоралари тўғрисида.

Мамлакат аҳолисининг камбағал-қашшоқ қатлами тўғрисида, бу қатлам турмушини енгиллаштириш тўғрисида бир оғиз ҳам сўз йўқ.

Мана шундай шароитда "Мусулмон эколог оқсоқоллар" ўз ташаббуслари билан ҳукумат гапиришни ёқтирмайдиган муаммони кўтариб, ўз бошларига ўзлари ғалва ошириб олмадими?

Эрта ўтиб индинга бирон телемаҳмадана мана бундай айблов билан чиқмайдими:

"Ўзбекистон мусулмонлари идорасига ўрнашиб олган ғарз ниятли пантуркист унсурлар ҳукуматимиз олиб бораётган доно сиёсатни кўра олмай, аҳоли орасида қашшоқлар кўп деган иддао билан чиқмоқда. Уларнинг ҳамкори бўлган ташкилотнинг номига эътибор беринг: "Нуроний" эмиш. Бу ташкилотнинг "нурчи"ларга алоқаси бор-йўқлиги текшириб кўрилганми? Улар тарқатаётган "нур"нинг "оний" эканлиги номининг ўзиданоқ кўриниб турибди. Ҳар қандай оний нур халқимизни танлаб олган тўғри йўлидан адаштиролмайди. Яна бир ташкилот – "Экосан"нинг номида ҳам нурчилик яширин. Маълумки, "Sun" "Қуёш" сўзининг инглизчасидир. Қуёш эса, нур деганидир. Демак, "Экосан" сўзи замирида "Нурни, нурчиликни экасан", деган маъно яшириндир".

Эртага бирон телемаҳмадана шундай айблов билан чиқмаслигига, яхши ният билан бошланган иш чаппасига айланиб кетмаслигига биров кафолат бера оладими?

Қанчалик некбин бўлмасинлар "Мусулмон эколог оқсоқоллар" ўз ташаббуслари билан лагерни эслатмоқдалар.

Пионер лагерини назарда тутаяпмиз. Бошқа лагерни эмас.

Легердаги кўрик-танловларни эслатмоқда.

Бундай кўрик-танловлар смена тугаши билан унутилади.

Бундай кўрик-танловлар қанчалик жозибали бўлмасин, мазмун-моҳиятига кўра, шунчаки бир ўйин.

Муаммони ечмайдиган чиройли ўйин холос.

Камбағаллик, қашшоқлик муаммосини эса, битта газ ўлчагич совға қилиш билан ечиб бўлмайди.

Тўғри, узоқдаги қариндошдан яқиндаги қўшни афзал, деган нақли бор, ўзбекнинг.

Лекин, қўл билан берганга қуш тўймас, деган нақл ҳам ўзбекники.

Хотиннику, қўшнилар тўй қилиб олиб берар, лекин уни ҳар куни боқиб ҳам беролмайдиларку?!

Бас, шундай экан, балки, "Мусулмон эколог оқсоқоллар"ми, бошқа бир гуруҳми, бошқа танлов ўтказар. Ғоялар танлови. Масалан, "Қашшоқликка барҳам бериш йўллари", деган мавзуда.

Агар шундай танлов ўтказилсаю¸ унда ғолиб чиққан ғоя амалга оширилса, ҳар бир ўзбек, шубҳасиз, ўғилчасининг булбулчасини қўшнининг пулига эмас, ўз пулига кестирадиган бўлади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG