Линклар

Ёшлар орасида силга чалинганлар кўп


Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти тарқатган маълумотда айтилишича, Ўзбекистонда ҳар юз минг кишидан 77 нафари сил касалига чалинган.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти тарқатган маълумотда айтилишича, Ўзбекистонда ҳар юз минг кишидан 77 нафари сил касалига чалинган.

Регнум ахборот агентлиги тарқатган маълумотда айтилишича, Ўзбекистонда ҳар юз минг кишидан саккиз нафари сил касаллиги билан оламдан ўтади.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу кўрсаткич ўтган йилларга нисбатан анча камайганлигини таъкидлайди.

Сил камбағаллар касаллиги экани ҳисобга олинса, Ўзбекистонда бу касалликни бартараф қилиш мушкуллиги кузатилади.

Фарғона шаҳар силга қарши кураш диспансери ходимасига кўра, тўйиб овқат емаслик оқибатида иммунитет пасайиши сил касаллигини келтириб чиқаради.

-Сил касаллиги билан ким оғрийди? Сил билан асосан, кам таъминланган оиладаги одамлар касалланади. Касалликни келтириб чиқарувчи сабаб тўйиб овқатланмаслик бўлиши мумкин. Оқсил, витаминли маҳсулотларни кам истеъмол қилишдан ҳам сил келиб чиқиши мумкин.

Касалликкнинг асосий сабабларидан бири мунтазам нон ейишдир. Ҳозирда айрим оилаларда фақат нон ейилади. Бошқа маҳсулотларга эътибор берилмайди. Бу эса иммунитетнинг пасайиб кетишига олиб келади. Организмни қувватсизлантиришга сабаб бўлади. Бу эса силга чалинишнинг асосий омили ҳисобланади,- дейди Фарғона шаҳар силга қарши кураш диспансери ходимаси.

Кейинги йилларда иқтисодий муаммолар боис, аксарият ўзбекистонликларнинг асосий емиши фақат нон билан чой эканлиги ҳисобга олинса, мамлакатдаги вазиятни тасаввур қилиш қийин эмас.

БМТ маълумотига кўра, Ўзбекистон аҳолисининг учдан бири қашшоқлик даражасидан паст кўрсаткичда кун кечиради.

Тиббий мутахасисларга кўра, Ўзбекистонда сил касаллиги 18 ёшдан 30 ёшгача бўлганлар орасида кўп учрайди. Шунингдек, болалар орасида ҳам сил касалига чалинаётганлар кўпчиликни ташкил этади.

Фарғона шаҳар силга қарши кураш диспансери ходимаси сил касаллиги турли асоратларга олиб келиши мумкинлигини айтади.

-Сил касаллиги туфайли ўпкадан ташқари мия қобиғи, суяклар, буйрак, жигар зарарланиши мумкин. Сил беморни ногирон қилади ва бу кассаллик ўлимга сабаб бўлади,- дейди Фарғона шаҳар силга қарши кураш диспансери ходимаси.

Тиббиёт фанлари доктори, профессор Суҳбат Абдуллага кўра, Ўзбекистонда сил касаллиги билан боғлиқ бугунги вазият ўта жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин.

-Сил касаллигининг жуда ёмон бир тарафи бор. Касаллик туғма бўлиши ҳам мумкин. Буни олдини олмаса жамият жуда катта муаммо билан тўқнаш келади. Келажакда соғлом насл қолдиришга ноқодир бўлган бир авлод пайдо бўлади.

Ундан кейин ўша авлод майдалашиб кетаверади, оқибатда майиб- мажруҳ фарзандларгина дунёга келади. Энг ёмон тарафи ана шунда. Нима қилиб бўлса ҳам сил касаллигини олдини олиш шарт,-дейди Суҳбат Абдулла.

Ўзбекистон расмийлари мамлакатда сил касаллигига қарши кураш бўйича кенг кўламда ишлар амалга оширилаётганлигини таъкидлашади.

2001 йили Ўзбекистонда “Аҳолини сил касаллигидан ҳимоя қилиш” ҳақидаги қонун қабул қилинди.

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги тарқатган маълумотларга қараганда, айни пайтда мамлакатда силга қарши тўртта махсус дастур амалга оширилаяпти. Ҳозирда яна битта дастур устида иш олиб борилаяпти. Бу дастурлар учун ҳалқаро ташкилотлардан молиявий кўмак олинмоқда.

Масалан, ҳозирда Глобал фонд томонидан Ўзбекистонда силга қарши Миллий дастур учун 69 миллион АҚШ долларидан зиёд маблағ ажратилган.

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимига кўра, кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида мамлакатда сил билан касалланиш камайиб бораётгани кузатиляпти.

-Ҳозир сил билан касалланиш кўрсаткичлари тушган. Бунга сил касаллигининг олдини олишга ҳукумат жиддий эътибор қаратаётгани сабаб бўлаяпти. Бу борада буйруқлар, қонунлар кўп.

“Аҳолини сил касаллигидан ҳимоя қилиш” ҳақидаги қонунда кўрсатилга бандлар амалга оширилмоқда.

Шунингдек, мамлакатга ДОТС дастури киритилган. Айни сабаблар боис кейинги икки-уч йил ичида сил касаллиги билан боғлиқ кўрсаткичлар камайиб бораётир,- дейди Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходими.

Вазирлик тарқатган маълумотларда айтилишча, 2001 йилда ҳар юз минг одамдан ўн икки нафари сил туфайли оламдан ўтган. 2008 йилда эса бу кўрсаткич 4 одамга камайган. Яъни ўтган йили ҳар юз минг кишидан саккиз нафари сил касаллигидан вафот этган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларида қайд қилинишича, Ўзбекистонда ҳар 100 минг кишидан 77 нафари сил касаллиги билан оғрияпти.
XS
SM
MD
LG