Линклар

"Деҳқон ердан безиди"


"Тожикистон бозорларидаги озиқ-овқат маҳсулотларининг асосий қисми қўшни Ўзбекистондан олиб келинади",дейдилар тожикистонлик кузатувчилар.

"Тожикистон бозорларидаги озиқ-овқат маҳсулотларининг асосий қисми қўшни Ўзбекистондан олиб келинади",дейдилар тожикистонлик кузатувчилар.

Тожикистон ҳукумати республика озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги дастурни қабул қилди ва бу мақсад учун 260 миллион доллар маблағ ажратди.

Тожикистон савдо ва иқтисодий тараққиёт вазирлиги республика ҳукумати амалга ошираётган тадбирлар мамлакатни озиқ-овқат бўҳронидан сақлаб қолишига шубҳа қилмайди.

Вазирлик масъулларига кўра, 2008 йилда республиканинг ўзида 942 минг тонна дон маҳсулотлари етиштирилган. Мамлакатга хориждан 500 минг тонна ун ва 250 минг тонна буғдой олиб келинган.

Агар мана шу заҳиралар қўшиб ҳисобланса, ғамланган маҳсулотлар истеъмол талабини 130 фоизга қоплайди.

Бироқ мутахассисларнинг айтишларича, биргина ғалла маҳсулотлари билан мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаб бўлмайди. Шунингдек, мустақил кузатувчилар расмийлар берган маълумотларга шубҳа билдирадилар.

- Мамлакат савдо ва иқтисодий тараққиёт вазирлиги берган маълумотлар бизда мавжуд рақамларга тўғри келмайди. Масалан, 2008 йилда республикада ғалла ва бошқа маҳсулотлар 13 фоизга кам етиштирилган. Бу масаланинг бир томони.

Иккинчидан, Республика аграр давлат бўлишига қарамай, ғалла, мева-сабзавот ва сут маҳсулотларигача бўлган товарларнинг 70 фоизи четдан олиб келинади. Бу аччиқ ҳақиқатдир, - дейди иқтисод фанлар номзоди Наргиз Ҳасанова.

Сўғд вилоятига кириб келаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг асосий қисми Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келади.

Тожикистон Божхона қўмитаси Сўғд вилоят бўлими вакили Султон Эрбоевнинг айтишича, Ўзбекистон томонидан озиқ-овқат олиб ўтилишида ҳеч қандай муаммо йўқ. Бироқ шунга қарамай, айрим ҳолатларда тадбиркорлар озиқ –овқат йўлларини ноқонуний йўллар орқали олиб ўтишга ҳаракат қиладилар:

- Таъкидлаб ўтиш жоизки, шу кунгача қўшни Ўзбекистон билан муносабатларимизда бирон-бир муаммо пайдо бўлгани йўқ.

Албатта, одамлар фойдаланадиган норасмий ўтиш жойларини ҳеч ким ҳеч качон тўла ёпиб ташлаш имконига эга эмас, -дейди Султон Эрбоев.

Кузатувчиларнинг айтишларича, бугун ўзбек-тожик чегарасига борган ҳар бир одам тонналаб юкларнинг Тожикистонга олиб ўтилаётганига гувоҳ бўлади.

Конибодом туманида яшовчи мустақил кузатувчи Мақсуд Жўраев мана шу ҳақда гапириб берди:

- Чегара постида хизмат қиладиган бир яқин танишимни учратдим. Суҳбатимиз давомида,у : “Ака, Ўзбекистон билан Тожикистон чегарасидаги пост анчадан бери ёпиқ. Лекин чегарадан ўтмоқчи бўлганларнинг ялиниб ёлвориши киши юрак бағрини эзиб юборади.Раҳмим келиб кетади.

Мажбур уларни ўтказиб юборамиз.Улар асосан юк билан ўтишади.Жумладан, сабзавот,мева,яъни қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини олиб ўтишади. Ўзингиз бир ўйлаб кўринг, биз бу ишни қилмасак, савдо - сотиқни йўлга қўймасак, ҳар икки томондаги оддий халққа зулм,жабр бўлади”,-деб айтди,-деди Мақсуд Жўраев.

Сўғдликларнинг гувоҳлик беришларича, Шўролар даврида минтақада етиштирилган мева-сабзавот Ўзбекистон ва Қирғизистондан ташқари Россияга ҳам олиб бориб сотиларди. Ҳозир эса аксинча.

Жабборрасулов туманида истиқомат қилувчи Жамолиддин Саидовнинг айтишича, ҳудудда деҳқончилик билан шуғулланиш йил сайин фойда ўрнига зиён келтирадиган соҳага айланиб бораяпти.

Ерга ишлов бериш учун техника, ўғит ва бошқа бир қатор жиҳозлар керак. Бироқ улар қиммат. Битта кетмон билан оилани тебратиб булмайди. Шу боис қишлоқларда илгари деҳқончилик билан шуғулланганларнинг асосий қисми айни пайтда Россияда мардикорлик қиляпти

-Деҳқон ердан безиб қолди. Кейинги пайтларда жумҳуриятимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш борган қийинлашмоқда. Бора-бора деҳқончилик йўқ бўлиб кетиши ҳам мумкин. Чунки деҳқоннинг аҳволи чатоқ. У деҳқончилик қилиши учун вақтида уғит, ёнилғи мойлаш материалларини тополмайди,эҳтиёт қисмлар йуқ, техника ва суғориш учун сув етишмайди.

Мана шу нарсалар бўлмагандан кейин деҳқон нима қилсин?Оқибатда деҳқонлар ерни ташлаб, бошқа жумҳуриятларга мардикорликка кетишга мажбур бўлишмоқда.

Кимни алдаяпмиз, узимизни ўзимиз алдаяпмиз, давлат раҳбарларини алдаяпмиз.

Президент: “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириб, кўрикка куйинглар” деса, Ўзбекистондан қовун, тарвуз ва бошқа маҳсулотларни сотиб олиб, виставка-кўрикларда бу бизнинг маҳсулотларимиз, дея кўрсатмоқдамиз,-деди Жамолиддин Саидов.

Таҳлилчи Бахтиёри Вализода эса Тожикистонда қолган деҳқонларнинг яна бир қисми тирикчилик ўтказишнинг енгил усулини топганини айтади:

- Минтақада қолган деҳқонларнинг яна бир қисми Ўзбекистондан олиб келинаётган маҳсулотларни олиб сотиш билан шуғулланмоқда. Чунки йил-ўн икки ой далада машаққат чекиш ўрнига мана шундай енгил йўл билан пул топиш қулай, - дейди Бахтиёри Вализода.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, бунинг оқибатида бозорларда нарх-наво ошиб кетаяпти, аҳолининг эса зарур бўлган тўйимли озиқ- овқат маҳсулотларини сотиб олишга қурби етмай қолаётир. Жумладан, Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Қизил Хоч халқаро ташкилоти ўтказган тадқиқотларда кўрсатилишича, тожикистонликлар ўрта ҳисобда бир йилда 8-9 килограмм гўшт, 50 килограмм сут маҳсулотлари истеъмол қилади.

Ҳолбуки, Соғлиқни сақлаш вазирлиги меъёрларига кўра, ҳар бир киши бир йилда ўртача 60 килограмм гўшт ва 250 килограмм сут маҳсулотлари истеъмол қилиши лозим.
XS
SM
MD
LG