Линклар

Қозоқлар намойишга чиқди


Олмаотадаги норозилик тадбири иштирокчилари бундан буён Қозоғистон ҳукумати юритаётган иқтисодий сиёсатга ишонмасликларини айтдилар.

Олмаотадаги норозилик тадбири иштирокчилари бундан буён Қозоғистон ҳукумати юритаётган иқтисодий сиёсатга ишонмасликларини айтдилар.

Намойишчилар ҳукумат иқтисодий инқироз шароитида аҳолини ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қила олмай, қозоғистонликларни ночор аҳволга келтириб қўйганига норозилик билдирдилар.

- Ҳукумат ҳаракатларига ошхонада ўтириб норозилик билдиришни бас қилиб, очиқдан-очиқ ҳукумат истеъфосини талаб қилиш лозим,-дея мурожаат қилди йиғилганларга мухолифатдаги “Азат” партиясининг раҳбари Бўлат Абилов.

Жаҳон молиявий инқирози минтақа давлатлари ичида иқтисоди энг кучли дея таърифлаган Қозоғистонга ўта салбий таъсирини кўрсатди.

Тўсатдан амалга оширилган миллий валюта девалвацияси, бир қатор банкларнинг инқироз ёқасига келиб қолгани, минглаб оддий қозоғистонликларнинг иш жойларини йўқотиши, уй-жойни ипотекага олган одамларнинг банкларга ўз қарзини қайтаролмай қолгани мамлакатда турли қатлам аҳолисининг амалдаги ҳукумат юритаётган сиёсатига қаттиқ қаршилик кўрсатишига олиб келди.

Масалан, бундан икки йил аввал йилига 12 фоизни ташкил қилган ипотека фоизлари, бугунги молиявий инқироз шароитида йилига 20 фоизни ташкил қилаётгани, мамлакатда ишсизлар сонининг ортиб бориши кўплаб одамларнинг аҳволини оғирлаштириб қўймоқда.

Ҳукумат томонидан бир кун ичида амалга оширилган миллий валюта девалвацияси эса, ўз омонатларини қозоқ тангаси ҳисобида банкдаги депозитларда сақлаётган аҳолининг хонавайрон бўлишига олиб келди.

-Ҳукумат бизга 2030 йилга келиб жуда яхши ҳаёт ваъда қилаяпти. Аммо мен аксар қозоғистонликлар сингари бу вақтни кутиб яшагим келмаяпти. Мен бугун Қозоғистонда ҳаёт яхши бўлишини хоҳлаяпман.

2030 йилга келиб ҳукумат халқни ҳеч вақосиз қолдиради,-деди митинг қатнашчилари олдида сўзга чиққан мухолифатдаги “Свобода слова” газетасининг бош муҳаррири Гулжон Ергалиева.

Қозоғистон президентининг бундан икки йил аввал халққа қилган мурожаатида, 2030 йилга келиб мамлакат 50 та энг рақобатбардош давлатлар қаторига қўшилиши, мамлакат аҳолиси турмуш даражаси эса ривожланган давлатлардагидан фарқ қилмаслиги ваъда қилинганди.

Айни пайтда қозоғистонликлар ҳукуматдаги деярли барча лавозимларга ўз одамларини тайинлаб, Қозоғистон иқтисоди бошқарувини буткул ўз қўлига жамламоқчи бўлган президент Назарбоевнинг ўртанча куёви Тимур Кулибаевга нисбатан чора кўрилишини талаб қилмоқда.

-Яқинда ғарблик журналистлар “Қозоғистон президентининг куёви Кулибаев ногиронларни кўчага ҳайдаб юборди” номли мақолани чоп этдилар.

Президентнинг ўртанча куёви мамлакатда ўз билганича иш юритиб, ҳаттоки ногиронларга тегишли бўлган ташкилотлар биноларини зўрлик билан қўлга киритяпти. Бу биноларни у хорижлик сармоядорларга сотиб юбораяпти.

Аммо унга қарши ҳеч ким бирор чора кўраётгани йўқ. Бутун ҳукумат ва банклар ҳаммаси президентнинг ўртанча куёви қўлида.

Қозоғистон президент куёвлари қилмишидан азият чекишни бас қилиши керак. Президент бунга қарши чора кўрмоғи лозим,-деди “Бибиона” ногиронлар жамияти раисаси Бибигул Иманғазиева.

Қозоғистон ҳукумати мухолифатнинг бу каби норозилик митингини бутун Қозоғистон бўйлаб ўтказишига рухсат бермади.

Олмаотадаги аксар Олий ўқув юртлари маъмуриятлари эса талабаларнинг ушбу митингда иштирок этишини қатъиян ман қилди.

Олмаотадаги митинг ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг кучли назорати остида бўлиб ўтди.
XS
SM
MD
LG