Линклар

logo-print

Тожикистонда "жосус" топилди

  • Гулнора Равшан

Жосусликда айбланаётган Салимзоданинг Қирғизистон тарафига Тожикистонга тегишли қандай давлат сирларини еткизгани ҳозирча ноаниқ.

Жосусликда айбланаётган Салимзоданинг Қирғизистон тарафига Тожикистонга тегишли қандай давлат сирларини еткизгани ҳозирча ноаниқ.

Болтиқ ахборот агентлиги тарқатган маълумотда айтилишича, Қирғизистон миллий хавфсизлик қўмитаси зобити Муҳаммадий Салимзода 2008 йил августида Тожикистонга хусусий сафари чоғида йўқолган.

Манбага кўра, Тожикистон миллий хавфсизлик қўмитаси орадан 5 ой ўтиб, Салимзоданинг қўлга олинганини тасдиқлаган.

Тожикистон бош прокуратураси ходимларидан бири бу хабарни тасдиқлар экан, Салимзода мамлакат жиноят кодексининг 306 ва 308 моддалари, яъни давлат тўнтариши уюштиришга ҳаракат қилганликда ҳамда жосусликда гумонланаётганини билдирди.

Аммо Қирғизистон томони Тожикистоннинг бу иддаоларини рад этган.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг матбуот хизмати бошлиғи Ирисбек Биқинўғли Озодлик радиосига Салимзода уларнинг ходими эмаслигини билдирган.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси расмийси Тожикистонда қўлга олингани айтилаётган бу шахс Қирғизистон Мудофаа вазирлигида ишлаганини маълум қилган.

Қирғизистон ташқи ишлар вазирлигининг номини ошкор қилишни истамаган ходими эса бу масала ўрганилаётганини ва натижалари оммавий ахборот воситаларида эълон қилинишини айтди.

-Ҳозир бу масала ўрганилмоқда. Расмий жавоб кейинроқ берилади,- деди Қирғизистон ташқи ишлар вазирлиги ходими .

Айни пайтда Муҳаммадий Салимозданинг турмуш ўртоғи Дилбар Мунавварий Тожикистон томонининг иддаоларини асоссиз дея баҳолайди:

-Биз 15 йилдан буён Қирғизистонда яшаймиз. Эрим Муҳаммадийнинг жосуслигига ҳеч ишонмайман.

Биз асли тожикистонликмиз. Тожикистон бизнинг ватанимиз. Бизнинг ота-онамиз, қариндош-уруғимиз Тожикистонда.

Қолаверса, менинг эрим миллий хавфсизлик ходими эмас эди. У мудофа вазирлигида ишларди,- деди Дилбар Мунавварий.

Ҳибсга олинган зобит Муҳаммадий Салимзоданинг қизи Наргис эса отаси унинг никоҳ тўйини ўтказиш учун Тожикистонга келганини ва тўйдан бир кун ўтиб дом-дараксиз йўқолганини айтади:

-Биз 5 ой отажонимнинг қаердалигидан хабарсиз эдик. Анча уриншларимиздан сўнг унинг КГБ тарафдан қўлга олингани ва сўроққа тутилаётганини эшитдик. Бироқ шунга қарамай отамнинг тириклиги ва соғ-саломат эканидан хурсандмиз.

Отамга қўйилаётган айблар ҳаммаси ёлғон. Қирғизистон президенти Бакиевдан отамга ёрдам беришини сўраймиз. Менинг отам айбсиз, буни Тожикистон президенти ҳам билади,- дейди Наргис.

Наргисга кўра, бу оиланинг барча тўй ва маракалари Тожикистонда ўтган.

-Тожикистон миллий хавфсизлик ходимлари бир кун келиб отамни жосус сифатида қўлга олишини хаёлимизга келтирмагандик,- дея қўшимча қилади Наргис.

Айни пайтда Қирғизистон президенти маъмурияти қирғиз зобити Муҳаммадий Салимзоданинг Тожикистонда ҳибсга олиниши билан боғлиқ масалани ўз назоратига олганини ва унга ҳуқуқий кўмак кўрсатилишини билдирган.

Маълумотларда айтилишича, Муҳаммадий Салимзода Душанбеда туғилиб ўсган ва 1993 йил Қирғизистон фуқаролигини олган.
XS
SM
MD
LG