Линклар

Каримовнинг гапидан қирғизлар норози


Қамбарота ГЭСининг қурилиши Қирғизистонга сув заҳираларини тўла назорат қилиш имкониятини яратади.

Қамбарота ГЭСининг қурилиши Қирғизистонга сув заҳираларини тўла назорат қилиш имкониятини яратади.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг ҳукумат йиғилишида Қирғизистонда ГЭС қурилаётганини танқид қилгани бишкеклик сиёсатчилар норозилигига сабаб бўлди.

Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасининг 13 февралдаги йиғилишида нутқ сўзлаган президент Ислом Каримов Қирғизистон ва Тожикистонни сув-энергетика масаласида калтабин сиёсат юритаётганликда айблаган эди:

-Ким кўр-кўрона тарзда бундай объектларни қуришга киришади? Бу эртага бутун ҳудудни, айниқса, қуйи оқимларда сувга эҳтиёжманд бўлиб юрган миллионлаб одамларнинг қадрини, керак бўлса, бугунги эҳтиёжини, ҳаётини, ҳаёт-мамотини ҳал қилади. Бу одамлар эртага сув камайса қандай ҳаёт кечиради? Бу масалани кўтаришга бизнинг ҳаққимиз борми ёки йўқми? -деди президент Каримов.

Ўзбекистон давлат раҳбари ўз нутқи давомида расмий Тошкент бу қурилишларни молиялаштиришга ва қўллаб-қувватлашга ҳам тайёр эканлигини айтди. Лекин бунинг учун Қирғизистон ва Тожикистон қурилаётган ГЭСлар лойиҳаларини халқаро экспертизадан ўтказиши шарт.

-Биз холис экспертиза ўткизмасдан туриб қурилишни бошлаш мумкин эмас, деган позицияда қатъий туришимиз зарур. Агар мана шу ишни қилмасак, эртага кеч бўлади.

Бу масалани ҳал қилишнинг ягона йўли, халқаро жамоатчилик Бирлашган Миллатлар Ташкилоти назоратида экспертиза ўтказиши ва унинг хулосаларини бизга тақдим этиши керак. Шунда биз музокараларга ўтишга тайёрмиз,-деди Ислом Каримов.

Ўзбекистон раҳбарининг бу чиқиши қирғизистонлик сиёсатчилар ва мутахассислар норозилигига сабаб бўлди.

Қирғизистон Фанлар академиясининг сув муаммолари институти директори, академик Дуйшен Маматқанов фикрича, президент Каримов бу чиқиши билан Ўзбекистон қўшни давлатлар манфаатини ҳисобга олмаган ҳолда сиёсат юритаётганини исботлади.

-Орол бассейнига йилига 30 миллиард кубометр сув берамиз, шундан фақат 4 миллиард кубометри Қирғизистон эҳтиёжи учун ишлатилади. Ўзбекистон президенти ўз нутқи билан шу 4 миллиард кубометрдан ортиқча сувни ишлатишга ҳақларинг йўқ, деб айтаяпти. Бу эса халқаро меъёрларга ҳам тўғри келмайди.

Ўзбекистонга сув етказиб бериш учун Қирғизистон йилига 200 миллион доллар чиқимдор бўлади. Ўзбекистон бунинг учун бир тийин ҳам ажратмайди. Шунинг учун Қирғизистон ҳам сув бериб, ҳам чиқимдор бўлганидан кўра, бу сувни тўплаб электр энергияси ишлаб чиқаргани фойдалироқ,-деди Дуйшен Маматқанов.

Бишкеклик сиёсатчиларнинг айтишларича, Қирғизистонда қўшни давлатларга сув етказиб бериш учун кетган ҳаражатни сув олаётган мамлакатлар тўлаши шартлиги тўғрисида қонун қабул қилинган. Бироқ қўшни давлатлар сув тўплаш ва етказиб бериш ҳаражатларини тўлашдан бош тортиб келаётиганликлари учун бу қонун ишламаяпти.

Сиёсатчиларга кўра, бундай шароитда Қирғизистон ўз манфаати доирасида ҳаракат қилишга ҳақлидир.

- Айни пайтда қўшни давлатлардагина эмас, ҳатто сув бошида бўлган Қирғизистонда ҳам сув танқислиги сезила бошланди. Сув олтиндан қиммат, деган гапнинг ҳақиқат экани энди билинаяпти. Шунинг учун ҳам Қирғизистон бу йўналишда ўз манфаатлари доирасида ҳаракат қилади.

Қамбарота ГЭСининг қурилиши билан Қирғизистон бир қатор муаммоларни, жумладан, сув заҳираларини назорат қилиш муаммосини ҳам ҳал этади. Бу эса Қирғизистондан сув оладиган қўшни давлатларни ташвишга солмай қўймайди, албатта, -деди қирғиз парламенти депутати Ибрагим Жунусов.

Айни пайтда Қирғизистонда Қамбарота, Тожкистонда Роғун ГЭСларининг қурилиши минтақа давлатлари ўртасидаги манфаатлар тўқнашувини кескинлаштиради, деган фикрлар ҳам мавжуд.

Қирғизистоннинг собиқ ташқи ишлар вазири Эднан Қорабоев масаланинг мана шу жиҳатига эътибор қаратади:

-Агар бу масала юзасидан ҳуқуқий базани ярата олсак, муаммога ечим ҳам топилади. Албатта, ҳуқуқий асосга эга бўлгач ҳам сув масаласи ҳамма кутганидек адолатли тарзда ҳал этилиши қийин кечади. Бироқ ҳуқуқий базанинг яратилиши зиддиятларнинг олдини олишга ва музокаралар механизмининг яратилишига сабаб бўлади,-деди Эднан Қорабоев.

Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, январ ойида Тошкентга борган Россия президенти Дмитрий Медведев Ўзбекистон президенти Ислом Каримов билан музокаралар чоғида қўшни давлатлар розилиги олинмасдан туриб расмий Кремл минтақанинг бирон бир давлатида сув иншоотлари қурилишига кўмаклашмаслиги тўғрисида гапирган эди.

Бироқ феврал ойида Москвага борган Қирғизистон президенти Қурмонбек Бакиев Дмитрий Медведев билан Қамбарота ГЭСи қурилишига Россия бир миллиард 700 миллион доллар маблағ ажратиши тўғрисидаги шартномани имзолаб қайтди.
XS
SM
MD
LG