Линклар

logo-print

Афғон делегацияси Вашингтонга борди


Обама маъмуриятининг Афғонистонга оид стратегияси муҳокамасида қатнашиш учун афғон ҳукумати делегацияси Вашингтонга борди.

Афғонистон ички ишлар ва мудофаа вазирлари таркибида бўлган делегацияга Ташқи ишлар вазири Додфар Рангин Спанто бошчилик қилмоқда.

АҚШ президенти Барак Обама ҳозирда анчагина ҳудуди яна Толибон назоратига ўтган Афғонистондаги ҳарбий амалиётларни кучайтиришни ваъда қилган. Ўтган ҳафтада Обама бу мамлакатга қўшимча равишда яна 17 минг ҳарбий жўнатилишини маълум қилган.

Афғонистонга оид Обама маъмурияти стратегияси шанба куни Намояндалар палатаси спикери Нэнси Пелоси ва Афғонистон президенти Ҳамид Карзайлар ўртасида Кобулда муҳокама қилинган эди.

Президент Карзай АҚШ ва НАТО ҳарбийлари амалиёти чоғида тинч аҳоли вакиллари қурбон бўлганини танқид қилгани боис Вашингтон ва Кобул ўртасидаги муносабатлар бироз таранглашган.

Шанба куни АҚШ ҳарбийлари “аниқ нуқталарга қаратилган ҳаво ҳужумлари”дан иборат бўлди, дея маълум қилган амалиёт чоғида ҳам 13 нафар тинч аҳоли вакили қурбон бўлди.

Сешнаба куни Ҳиротда амалга оширилган амалиётлар чоғида ҳам хориж ҳарбийлари 15 жанггарини ўлдирилганини маълум қилган эди. Бироқ бироз ўтиб, маҳаллий амалдорлар бу ҳужумлар чоғида 3 нафар тинч аҳоли вакили ўлдирилганини аниқлади.

Лаҳор вилоятида юзлаб одам ҳужумлар чоғида оддий одамларнинг ўлдирилиши ва яна 4 фуқаронинг АҚШ ҳарбийлари томонидан ҳибсга олинишига норозилик билдириб кўчага чиқди ва Кобулга олиб борувчи асосий йўлни беркитиб қўйди.

Воқеа жойидан олинган маълумотларга кўра, норозилар қўлларида бир марҳум жасадини кўтариб, 35 километр масофани босиб ўтган. Ўтган ҳафтада БМТ сўнгги бир йил ичида мамлакатдаги ҳарбий ҳаракатлар чоғида 2 минг 118 нафар тинч аҳоли вакили қурбон бўлганини маълум қилди. Бу эса 2007 йилда қайд этилган рақамлардан 40 фоизга кўпдир.

XS
SM
MD
LG