Линклар

logo-print

"Муҳожир ови" давом этаëтир


 Меҳнат биржаларида навбат кутиб турган минглаб қозоғистонликлар ўзбек мардикорлари бўшатган иш ўринларини эгаллашга тайёр турибдилар.

Меҳнат биржаларида навбат кутиб турган минглаб қозоғистонликлар ўзбек мардикорлари бўшатган иш ўринларини эгаллашга тайёр турибдилар.

Остона ҳукумати кучайиб бораëтган ишсизлик муаммосини меҳнат муҳожирлари иш ўринларини маҳаллий фуқароларга олиб бериш йўли билан ҳал қилишга киришди.

Шу мақсадда Қозоғистон ҳуқуқ -тартибот идораларига мамлакатда ноқонуний тарзда ишлаб юрган минглаб меҳнат муҳожирларини аниқлаш ва ўз юртларига қайтариш вазифаси топширилган.

Расмий маълумотларда айтилишича, "муҳожир ови" 2009 йил давомида мунтазам тарзда амалга оширилади.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан ўтган ҳафта якунида ўтказилган амалиёт натижасида қўлга олинган гастарбайтерларнинг аксариятини қўшни давлат фуқаролари ташкил этади.

-Нолегал меҳнат муҳожирларининг асосий қисми Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон фуқароларидир.

Амалиёт натижасида қўлга олинган меҳнат муҳожирларининг баъзиларига нисбатан мамлакат ҳудудидан бадарға қилиниш ҳақида қарор чиқарилган экан.

Бироқ уларнинг бу қарорни бажармай, Қозоғистон ҳудудида қолгани аниқланди, деб маълум қилди Озодликка Олмаота шаҳар ички ишлар департаментининг матбуот котиби Евгений Лисенко.

Амалиёт пайтида Олмаота шаҳрининг ўзида 111 нафар ноқонуний меҳнат муҳожири қўлга олинган. “Муҳожир ови”да Ички ишлар вазирлиги ходимларига Миллий хавфсизлик қўмитаси вакиллари ҳам ёрдам берганлар.

- Қозоғистон ҳудудида ноқонуний тарзда ишлаётган ва яшаётганларни аниқлаш учун шаҳардаги барча бозорлар, қурилиш объектлари, меҳмонхона, санаторий, дам олиш уйлари, пансионат, даволаниш масканлари, ётоқхоналар ва кўнгил очар масканлар текширилди. Бунда бизга махфий хизмат ходимлари кўмак бердилар, деди Евгений Лисенко.

Унга кўра, ноқонуний муҳожирларни аниқлаш ва қўлга олиш тадбири жорий йил давомида мунтазам тарзда ўтказилиши режалаштирилган.

Гарчи мамлакатда ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ноқонуний мигрантларни аниқлаш бўйича кескин чоралар кўрилаётган бўлса-да, баъзи уддабурон муҳожирлар юртига қайтариб юборилмасликнинг йўлини топаётганлигини кузатдик.

Олмаота шаҳридаги Кўк бозорда мева-сабзавот билан савдо қиладиган ўзбекистонлик суҳбатдошимиз Равшанжон миграция полицияси томонидан ўтказилган рейдга қарамай, қўшни давлатда тинчгина ўз ишини давом эттираётган меҳнат муҳожирларидан бири.

-Текширган вақтда бозорда ишлаймиз, деб айтмаймиз-да. Дам олишга, тамошага келганмиз, деймиз. Келишиш йўлини топамиз, тинчгина кетаверамиз.

Полициячиларнинг пул талаб қилган вақти ҳам бўлган, дейди маҳаллий миграция полицияси ходимларига пул бериб, депортациядан қутилиб қолаётган ўзбекистонлик Равшанжон.

Қозоғистон Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазирлиги сўнгги икки ой ичида мамлакатда ишсизлар сони 7,2 фоиз, яъни икки баробарга кўпайганини, бу эса ўта хавотирли кўрсаткич эканини маълум қилди.

Бундан келиб чиқиб эндиликда қозоқ ҳукумати молиявий инқироз шароитида ишсиз қолаётган қозоғистонликларни янги иш жойларига жойлашиш имконидан маҳрум қилаётган мигрантлар сонини тезда камайтириш кераклигини билдирмоқда.

Олмаота шаҳар Ички ишлар департаментининг маълум қилишича, аввалги йилга нисбатан бу йил шаҳар ҳудудида юрган меҳнат муҳожирлари сони 50 минг кишига камайган.

Кўпчилик кузатувчилар қозоқ расмийларининг мамлакат ҳудудида юрган меҳнат мухожирларини куч билан Қозоғистондан бадарға қилиши самара бермаслигини бот-бот таъкидлаб келмоқдалар.

Ўзбекистонлик таҳлилчи Камрон Алиев ҳам мана шундай фикрда.

-Қозоғистон ва Россия томонидан мигрантларни зўравонлик билан ортга қайтарилиши бу давлатлар иқтисодига фойда келтирмайди.
Бу давлатлар маҳсулотлар тан нархини тушириш ва ўз товарларини халқаро бозордаги рақобатбардошлигини ошира олишида меҳнат муҳожирларининг аҳамияти катта. Масалан, ўша мардикор аввал 600 долларга ишлаётган бўлса, ҳозир 300 долларга ҳам ишлашга рози.

Пул тополмаёган мардикор эса ўз-ўзидан Қозоғистонни тарк этаверади. Шу сабабли уларни мажбуран депортация қилишнинг ҳожати йўқ, дейди Комрон Алиев.
XS
SM
MD
LG