Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:00

Ўғрилик изи қўшниникига элтмоқда


Қирғиз милицияси¸ гарчи ўғрилар томон деб Ўзбекистонни кўрсатаëтган бўлса-да¸ ҳозирча бу борада ҳамкорлик қилишни сўраб Ўзбекистонга мурожаат қилинмаганини ҳам эътироф этади.
Қирғиз милицияси¸ гарчи ўғрилар томон деб Ўзбекистонни кўрсатаëтган бўлса-да¸ ҳозирча бу борада ҳамкорлик қилишни сўраб Ўзбекистонга мурожаат қилинмаганини ҳам эътироф этади.

Ўш милициясида мавжуд бўлган оператив маълумотларга кўра, Қирғизистонда ўғирланаётган Тико русумидаги автомашиналар изини Ўзбекистондан қидириш керак.

Жалолободлик Дилмурод Мамасидиқовнинг ўғирлаб кетилган машинаси икки ойдан сўнг эгасига қайтарилди.

- Мен Сузоқ туман Ирис қишлоқ ҳукуматида яшайман. Икки ой аввал, 2008 йил 27 декабр куни чойхонага ишга келдим. Машинамни чойхона олдида қолдирдим. Ўн минутдан кейин қайтиб чиқсам, машинамни ўғирлаб кетишибди.

Машинамни қулфлаган эдим. Қандай қилиб ўғирлашганига хайронман, дейди жалолободлик Дилмурод Мамасидиқов.

Кўп ўтмай¸ Мамасидиқовнинг машинаси Жалолобод вилояти туманларининг биридан топилди. Бироқ ўнлаб қирғизистонликларнинг ўғирланган Тико русумидаги автомашиналарининг изи бир неча йиллардан бери топилмаётир.

Ўш шаҳар йўл хавфсизлик хизмати раҳбари Айжигит Зикировнинг маълум қилишича, оператив маълумотларда бу машиналарнинг Ўзбекистонга олиб ўтилгани тўғрисида гапирилади.

- Ўтган йили Ўшдан 46 та машина ўғирланган. Уларнинг аксариятини Кореяда ишлаб чиқарилган Тико автомашиналари ташкил этади.

Олинган оператив маълумотларга қараганда ўғирланган Тико автомашиналарининг Ўзбекистон Республикасига олиб кетилаётгани маълум бўлди. Чунки у ерда бу автомашиналар нархи қиммат экан, дейди Айжигит Зикиров.

Бироқ қирғиз милицияси ҳозирча ўғирланган машиналарни қидириб топишда ҳамкорлик қилишни сўраб Ўзбекистон томонига мурожаат қилмаган. Айжигит Зикировнинг айтишича, айни пайтда бу оператив маълумотлар асосида тергов олиб борилмоқда. Тергов якунлари чиқарилгач, Ўзбекистон томонига ҳамкорлик қилиш масаласида махсус мурожаат жўнатилади.

Милиция расмийсининг айтишича, ўғирланган машиналарнинг Ўзбекистондан топилиши ҳам қийин кечиши мумкин. Чунки ўғриларнинг автомашиналарни парчалаб¸ сотиб юборган бўлишлари эҳтимолдан узоқ эмас.

Ўз исмини айтишимизни истамаган ўшлик таксисичилардан бири бу борада бир воқеани айтиб берди.

- Бир мижозни олиб кетаётганимда йўлда бир одам тўсди. Қўлида машинанинг давлат рақами бор эди. Машинамдаги мижоз уни олишимизни айтди.

У машинага ўтирганидан кейин мижозим ундан “Менинг машинам нима бўлди”, деб сўради. Кейинроқ маълум бўлишича, бизни тўхтатган одам милицияда ишлар экан. Мижозимнинг эса машинаси ўғирлаб кетилган экан.

Ўғрилар Қирғизистон билан Ўзбекистон чегарасига яқин ерда машинани парчалаб¸ Ўзбекистон тарафга сотмоқчи бўлган.

Машинани сотиб олган одам эса унинг ўғирланганинини сезиб қолиб, ўзи милицияга бориб бу ҳақда маълум қилибди, деди суҳбатдошим.

Ўш шаҳар ички ишлар бошқармаси тарқатган маълумотда кўрсатилишича, сўнги уч ой ичида Ўш шаҳридан 16та Тико автомашинаси ўғирлаб кетилган. Жалолобод вилоятида эса айни шу давр мобайнида 12 Тико автомашинасининг ўғирлангани қайд этилган.

Ўш шаҳар милицияси ўғирланган ва Ўзбекистонга олиб кетилмоқчи бўлган автомашиналарни қўлга олиш мақсадида қўшни давлатга олиб чиқувчи йўлларга блок постлар қўйилганини маълум қилди.

Бироқ бундай блок постлар мавжудлигидан ҳайдовчилар хурсанд эмас.

“Акипрес” ахборот агентлигининг маълум қилишича, ўшлик бир гуруҳ Тико ҳайдовчилари мазкур блок постлардаги қонунбузарликлар борасида Қирғизистон ички ишлар вазирлигига мурожатнома юборганлар.

Мурожатномада ушбу блок постларда машиналарнинг шаҳарга кириши ва чиқишини рўйхатга олиш учун ҳайдовчилардан 10 сўм, яъни 2,5 доллар олинаётгани, лекин ҳеч қандай квитанция берилмаётгани айтилади.
XS
SM
MD
LG