Линклар

logo-print

Пенсионерлар норозилик билдирди


Аксари ой ўртасида қўлига тегиши керак бўлган пенсия ҳисобига кун кечириб келаëтган жиззахлик пенсионерлар¸ нафақа пулининг ўз вақтида берилмаëтгани улар рўзғорини егуликсиз қолдирганидан шикоят қилмоқдалар.

Аксари ой ўртасида қўлига тегиши керак бўлган пенсия ҳисобига кун кечириб келаëтган жиззахлик пенсионерлар¸ нафақа пулининг ўз вақтида берилмаëтгани улар рўзғорини егуликсиз қолдирганидан шикоят қилмоқдалар.

Маҳаллий ҳуқуқ фаолларига кўра¸ жиззахлик 40 қа яқин нафақахўр пенсия пулларининг ўз вақтида берилмаётганига норозилик билдириб, ҳафта охирида вилоят ҳокимияти олдига йиғилган.

Жиззахлик ҳуқуқ фаоли Бахтиёр Ҳамроевнинг билдиришича, 20 феврал куни туш пайтида бир гуруҳ пенсионерлар Жиззах вилоят хокимлиги биноси олдига тўпланиб, пенсия пуллари ўз вақтида берилишини талаб қилганлар.

- Қариялар¸ ногиронлар кўп вақтдан бери Жиззах вилояти ҳокимлигига пенсиясини ололмаëтганидан шикоят қилиб борганлар. Кейинги пайтларда улар 15-20 кунлаб пенсияни олишолмаяпти..

Қариялар йиғилгач, 10-15 дақиқа ичида миршаблар ҳам пайдо бўлган. Кейин ҳокимиятдан бир киши чиқиб: “Нимага келдинглар?” деса¸ “пенсиямизни беринг” деган талаб бўлган.

Ҳокимлик вакили: “Бир соатнинг ичида банкдан пул келади. Бораверинглар”, деб уларни қайтариб юборган. Пенсия тарқатадиган асосий почтага икки қоп пул келган. Бу пул 20 кишига етган¸ холос¸ дейди Бахтиёр Ҳамроев.

“Озодлик овози” интернет нашрининг ёзишича, акция иштирокчилари 40 нафар бўлиб, уларнинг айримлари икки ой, баъзилари эса уч ойдан буён пенсия пулларини ололмаяптилар.

Пенсия пулларини тарқатиш учун маъсул бўлган Жиззах почтаси акционерлик жамиятига мурожаат қилганимизда, ташкилот ходими норозилик акцияси ҳақида гапиришни хоҳламади. Лекин у пенсия пуллари кечикаётганлигини тан олди.

“Жиззах почтаси” ходими: Жиззах вилоятида ҳам пенсия вақтида берилмаяпти. Бугунгача пенсияларнинг беш фоизинигина тўладик.

Озодлик: Бугунгача қайси ойнинг беш фоизни тўладингизлар?

“Жиззах почтаси” ходими:
Феврал ойининг беш фоизни тўладик.

Озодлик:
Нимага бунақа бўлаяпти?

“Жиззах почтаси” ходими: Нақд пул муаммосида,бу... Банкдан пул беришмаяпти.

Озодлик: Қачондан бошлаб шунақа бўлаяпти?

“Жиззах почтаси” ходими:
2008 йил октябрдан шунақа бўлаяптида.

Жиззах вилоят Марказий банкидан нақд пул етишмаслиги сабабини аниқлаш имкони бўлмади.

Жиззах вилоят ҳокимлиги мутасаддиси эса вилоятда пенсия пуллари билан боғлиқ муаммо йўқлигини айтиб, пенсионерларнинг норозилик акцияси ўтказганлигини ҳам инкор қилди.

Озодлик: Яқинда 40-50 пенсионер пенсия ўз вақтида берилмаëтганлиги бўйича вилоят ҳокимлиги биноси олдига келишган экан.

- Йўқ¸ бу ерга келгани йўқ.

Озодлик: Ўтган ҳафтада?

- Йўқ¸ келгани йўқ.

Озодлик: Бундай ҳолат бўлмадими?

- Йўқ¸ келса биз биламизку.

Озодлик:
Мен ҳозир почта ходимлари билан гаплашдим. Улар “пенсияни ўз вақтида бера олмаяпмиз”, дейишди. Аҳоли бундан шикоят қилиб келмаяптими?

- Йўқ¸ келмаяпти.

Жиззахлик пенсионерлар билан суҳбатлашганимизда, улар пенсия пуллари ўз вақтида берилмаётгани боис мушкул аҳволга тушиб қолаётганликларини айтишди.

Жиззах шаҳрида яшовчи пенсионер Саъдулла ота хонадонида оила аъзолари фақат пенсия пули ҳисобига кун кечиришади. Саъдулла отага кўра, ўзи ва рафиқаси оладиган пенсия пули рўзғорнинг асосий даромади ҳисобланади. Бироқ отахон пенсия пулининг кечикиши боис айни кунларда оила аъзоларининг ҳатто озиқ-овқатга ҳам пуллари йўқлигини айтади.

Саъдулла ота:
Пенсия кечикаяпти. Ўзи пенсия ҳар ойнинг 15- кунидан кейин берилиши керак. Улар эса ойнинг охирида бераяпти.

Озодлик:
Пенсиянинг кечикиши сизнинг оилангиз учун муаммо туғдирадими?

Саъдулла ота:
Албатта¸ туғдиради. Мана, бола-чақага озиқ-овқат олиш керак. Бунинг учун эса пул йўқ. Ҳозир ҳеч нарса йўқ¸ қуп-қуруқ ўтирибмиз.

Ҳуқуқ фаоли Бахтиёр Ҳамроев пенсия пулларининг ўз вақтида берилмаслигини молиявий инқироз билан боғлайди.

- Аваллари пенсия ва нафақалар ўз вақтида берилаëтган эди. Мана шу уч ой мобайнида пенсия пулларининг берилиши секин-секин камайиб кетаяпти.

Бизнинг ҳукумат олдин жаҳон иқтисодий инқирози бизни четлаб ўтади¸ бизга таъсир қилмайди, деган хулоса чиқарган эди. Албатта¸ бу фикр нотўғри. Хоҳлаймизми ëки йўқми жаҳон бўйлаб кузатилаётган иқтисодий инқироз бизга ҳам таъсир қилади¸ дейди
Бахтиёр Ҳамроев.

Кузатувларга кўра, нафақат Жиззахда балки мамлакатнинг барча ҳудудларида кейинги тўрт- беш ойдан буён пенсия пулларининг берилиши кечикаяпти. Ҳозирча ҳукумат расман бунинг сабабларини изоҳламади.
XS
SM
MD
LG