Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:36

Қўлдан берганга қуш тўймас


Тожикистонлик кузатувчилар, расмий Душанбенинг Осиё тараққиёт банки берадиган маблағ мамлакат иқтисодини инқироздан сақлаб қолади, деган иддаосига шубҳа билан қарамоқдалар.
Тожикистонлик кузатувчилар, расмий Душанбенинг Осиё тараққиёт банки берадиган маблағ мамлакат иқтисодини инқироздан сақлаб қолади, деган иддаосига шубҳа билан қарамоқдалар.

Расмий Душанбе¸ халқаро молиявий гуруҳлар берадиган ëрдам эвазига Тожикистоннинг жаҳон молиявий инқирози зарбаларига чап беришига умид қилмоқдалар.

Ортда қолган ҳафта сўнгида президент Имомали Раҳмон билан учрашган Осиё тараққиёт банкининг Тожикистондаги доимий вакили Макоту Ожира, мамлакат иқтисодиётини глобал бўҳрон таъсиридан сақлаб қолиш мақсадида 2009-2010 йилларда бу мамлакатга 102 миллион доллар миқдорида ёрдам берилишини маълум қилди.

- Бу маблағнинг 40 миллиони глобал иқтисодий бўҳрон таъсирини юмшатиш, 24 миллиони эса пахта етиштириш ҳамда уни қайта ишлаш ва қолган 38 миллион доллар эса Тожикистонни Қирғизистон билан туташтирувчи автомобил йўли қурилишини давом эттириш учун мўлжалланган,- деди биз билан телефон орқали суҳбатда халқаро молия институти ходимаси Татьяна Ефтифиева.

Унининг айтишича, ажратилаётган грантнинг минтақадаги энг камбағал мамлакат саналмиш Тожикистон иқтисодиётини глобал иқтисодий бўҳрон таъсиридан сақлаб қолишига умид қилса бўлади.

Тожикистон йўлларини лойиҳалаштириш маркази директори Низом Ҳакимовга кўра¸ Осиё тараққиёт банки томонидан ажратилиши айтилаётган грант мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришга қаратилган дастурларга ҳам ажратилади.

- Грант Душанбе – Ваҳдат - Саритош автомобил йўлига доир лойиҳанинг учинчи фазаси учун сарфланади.

Минтақавий лойиҳа тўла бажарилгач, Тожикистон Қирғизистон, Хитой, Қозоғистон ва Россия билан автомобил қатновини йўлга қўя олади.Бу эса Тожикистон иқтисодиёти учун ўта аҳамиятлидир, дейди Нозим Ҳакимов.

Бироқ иқтисодчи олим Раҳматулло Валиев Осиё тараққиёт банки ажратаётган кўмаклар Тожикистонни глобал иқтисодий бўҳрон таъсиридан сақлаб қола олмайди, деган фикрда.

- Биринчидан, давлат идоралари фаолиятида шаффофликнинг йўқлиги, иккинчидан, мамлакатда, хусусан, давлат идораларида коррупциянинг гуллаб-яшнаётгани сабабли ажратилаётган грантлар ўз мўлжалига бориб етмайди, дейди мустақил таҳлилчи.

Унга кўра, Тожикистон фақат алюминий ва пахта экспорт қилади. Иқтисодий инқироз туфайли бу маҳсулотларга эҳтиёжнинг камайгани эса Тожикистон бюджетига салбий таъсир кўрсатади.

- Глобал иқтисодий бўҳрон таъсирида бу маҳсулотлар нархи жаҳон бозорида 60 фоизгача арзонлади. Бунинг устига, Россияда иш жойлари қисқараётгани сабабли мамлакат бюджетини бардамроқ қилиб турган тожикистонлик муҳожирлар ишсиз қолди. Март ойи якунига қадар меҳнат муҳожирларидан 50 фоизга яқинининг ватанига қайтиб келиши кутилмоқда.

Бундан ташқари, ҳозирда Тожикистоннинг бир миллард 800 миллион доллардан иборат ташқи қарзлари давлат бюджетининг 50 фоизини ташкил этади.

Шуни назарга олган ҳолда, Тожикистоннинг халқаро молия институтлари бераётган маблағ ҳисобига инқирозни четлаб ўтишига ишониш қийин, дейди Валиев.
XS
SM
MD
LG