Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 02:28

Ҳисобли дўст айрилмас


Кузатувчиларга кўра¸ минтақа раҳбарлари ичида ëши энг кичиги ва энг янги сайланган президент бўлмиш Бердимуҳамедовнинг Ислом Каримов билан шахсий муносабатлари ҳам¸ анчайин илиқ.
Кузатувчиларга кўра¸ минтақа раҳбарлари ичида ëши энг кичиги ва энг янги сайланган президент бўлмиш Бердимуҳамедовнинг Ислом Каримов билан шахсий муносабатлари ҳам¸ анчайин илиқ.

Туркманбоши Ниëзов 21 йиллик ҳукмронлиги даврида қўшни Ўзбекистонга атиги икки марта келган бўлса¸ Қурбонқули Бердимуҳаммедов икки йил ичида иккинчи бор Тошкентга келаëтир.

Ислом Каримовнинг Қурбонқули Бердимуҳаммедовга йўллаган таклифномаси:

“Ўзбекистон Туркманистон билан ён қўшничилик ва ўзаро ҳурматга асосланган кўп қиррали муносабатларнинг ривожланиб бораётганини юқори баҳолайди. Икки томонлама ўзаро ишончли мулоқотни давом эттириш мақсадида, Сизни, ҳурматли Қурбонқули Маликқулиевич 2009 йилнинг 24-25 феврал кунлари Ўзбекистон Респуликасига таклиф қилмоқчиман”, деган сўзлар билан бошланади.

Сешанба куни бундан икки йил аввал Туркманистонга президент бўлган Бердимуҳаммедовбери иккинчи марта Тошкентга келмоқда.

Қиёс учун: Туркманистонга 21 йил президентлик қилган Сапармурод Ниёзов ҳам бу давр ичида Ўзбекистонга атиги икки марта келган. У пайтларда икки давлат ва уларнинг етакчилари ўртасидаги муносабатларни ҳам “ён қўшничилик ва ўзаро ҳурматга асосланган”, деб бўлмас эди.

Таҳлилчилар, Бердимуҳаммедовнинг ҳокимиятга келгандан бери марҳум туркманбоши сиёсати туфайли қўшни давлатлар билан совуқлашиб кетган алоқаларни тиклашга ҳаракат қилаётганини камида икки асосга кўра изоҳламоқдалар.

Биринчидан, Бердимуҳамедов мамлакатни халқаро ва минтақа миқёсидаги изоляциядан олиб чиқишга, иккинчидан эса¸ энергетик лойиҳалар истиқболи учун Ўзбекистон билан яқинлашувнинг муҳимлигини англаганидан қўшнилар сиëсатига таҳрир киритмоқда¸ деган фикрда Лондондаги халқаро муносабатлар қироллик институтининг Марказий Осиё бўйича таҳлилчиси¸ профессор Юрий Фёдоров каби таҳлилчилар.

- Бердимуҳаммедовнинг мамлакатни изоляциядан олиб чиқиш ҳаракатлари нафақат унинг ўзи¸ балки мамлакатнинг халқаро майдондаги обрўсини кўтариш учун муҳимдир. Бундай уринишлар амалий масалалар, хусусан, туркман гази экспорти учун янги йўналишларни топишда учун ҳам муҳимдир.

Чунки Туркманистондан Хитойга йилига 30 миллиард куб метр газнинг етказилишини кўзда тутувчи йирик газ келишувини олиб қарасангиз, газ транзити Ўзбекистон орқали ўтади.

Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги муносабатлар яхшиланмаса, иккала мамлакат учун ўта муҳим бўлган бу лойиҳанинг истиқболлари шубҳа остида қолиши турган гап, дейди минтақашунос профессор.

Ўзбекистонлик мустақил сиёсатшунос Камолиддин Раббимов ҳам икки давлат ўртасида кузатилаётган яқинлашув, биринчи навбатда уларнинг ўз энергия воситаларига янги бозор топишга оид муштарак мақсад билан суғорилган, деган қарашда.

- Ўзбекистон билан Туркманистон Марказий Осиë минтақасидаги асосий газ экспортëрлари. Уларнинг ўртасидаги координация Марказий Осиë томонидан бўладиган газ экспорти¸ унинг нархи ва йўналишига жиддий таъсир кўрсатади.

Икки давлат координация қиладиган бўлса¸ Россия билан ҳам¸ ЕИ билан ҳам газ муносабатларида у ëки бу йўналишга¸ ўзгаришга эришиши мумкин. Буни Каримов ҳам¸ Бердимуҳамедов ҳам тушуниб бораяпти, дейди Камолиддин Раббимов.

Исмини ошкор қилишимизни истамаган Туркманистон собиқ вазириларидан бири¸ Тошкент билан Ашхобод ўртасидаги яқин муносабатлар энергия соҳасидаги имкониятлардан ташқари, Каримов анча йиллардан бери гапириб келадиган Ўзбекистоннинг жаҳон бозорига чиқиш имкониятларини ҳам амалга оширишини айтади.

- Туркманистон ҳам Ўзбекистон учун Эрон орқали Ҳинд океанига чиқишда транзит мамлакат ҳисобланади. Айниқса, бугунги иқтисодий бўҳрон шароитида Ўзбекистон учун бу масаланинг долзарблиги ошади. Бу йўл Ўзбекистон учун Европа ва жаҳоннинг бошқа бозорларига чиқишни осонлаштиради.

Яъни айтмочиқманки, муносабатларнинг яхшиланаётгани иккала мамлкат учун ҳам ҳар томонлама ижобий ҳолдир, дейди Туркманистон ҳукуматида узоқ йиллар вазир лавозимида ишлаган суҳбатдошимиз.

Бердимуҳаммедов туркманбошидан кейин яккаланиб қолган мамлакатни бош берк кўчадан олиб чиқишга ҳаракат қилаётган бўлса, бошқа қўшнилари билан чиқишмайдиган президент Каримовнинг янги туркман раҳбари билан яқин алоқаларни ўрнатишга уринаётганининг иқтисодий манфаатлардан айри яна бир муҳим сабаби бор, дейди профессор Фёдоров.

- Каримов тажрибали сиёсатчи сифатида, қўшнилар орасида яккаланиб қолишнинг ўзи учун ҳам, мамлакат учун ҳам оқибатлари бўлишини жуда яхши билади. У минтақа ва халқаро майдонда иттифоқчиларга эга бўлиш муҳимлигини тушунади, албатта.

Туркманистон билан дўстлик даражасида бўлмаса ҳам, ҳеч бўлмаганда яхши қўшничилик алоқаларига эга бўлиш унинг учун ютуқ бўлади.

Бундан ташқари, икки мамлакат ўртасида этник ва чегараларга оид масалаларнинг ечим топмагани инобатга олинса, Тошкент учун ҳеч бўлмаганда, битта қўшни давлат билан чегаранинг нисбатан тинч бўлиши муҳимдир, дейди Лондондаги халқаро муносабатлар қироллик институтининг профессори Юрий Фёдоров.
XS
SM
MD
LG