Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:02

Мелиса судни отиб қўйди


Самарқандда юзага чиққан фожеага оид аниқ тафсилотлардан бири¸ унга бевосита ëхуд билвосита ичкиликбозликнинг аралашганидир.
Самарқандда юзага чиққан фожеага оид аниқ тафсилотлардан бири¸ унга бевосита ëхуд билвосита ичкиликбозликнинг аралашганидир.

Самарқанддаги кафелардан бирида участка инспектори ва Пайариқ туман суди ходимлари орасида чиққан жанжал милиция ходимининг суд ижрочисини отиб ўлдириши билан якун топди.

Самарқандлик инсон ҳуқуқи фаоли Маматқул Мухторовнинг айтишича, бу воқеа 19 феврал куни Челак шаҳридаги “Рустам” кафесида содир бўлган.

- Суд ижрочилари ресторанга кирган. Улар маст бўлишган ва пул тўлашмаган. Улар пулини тўламагандан кейин рестораннинг хўжайинлари участка нозирини (участковой) чақиришган. Участка нозири келган ва булар (суд ижрочилари назарда тутилаяпти) участка нозирига ëпишишган.

Участка нозири пистолетини олибди ва отибди. Биттаси жойида ўлган¸ иккитаси касалхонада оғир аҳволда ëтибди¸ дейди самарқандлик инсон ҳуқуқи фаоли Маматқул Мухторов.

Суд ижрочисини отиб қўйган милиция ходими¸ катта лейтенант Азиз Жамолов Пайариқ туман ички ишлар бўлимида профилактика инспектори вазифасида ишлаб келган.

“Эзгулик” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти айни воқеа тафсилотларини бошқача атлқин қилди.

Жамият тарқатган хабарга кўра, участка инспектори ¸ катта лейтенант Азиз Жамолов Пайариқ тумани суд ижрочилари билан кафеда улфатчилик қилган. Кўп ароқ ичилгани боис улфатлар ўртасида жанжал чиққан.

Азиз Жамолов тўппончани чиқариб, суд инспектори Санжар Жумановнинг бошидан отган. Шунингдек, бир нафар кафе хизматчиси ва бир нафар хўранда ҳам оғир жароҳат олган.

Инсон ҳуқуқи фаоли Маматқул Мухторовнинг айтишича, Самарқанд вилоятида милиция ходимлари томонидан оғир жиноятлар содир этилиши сўнгги пайтларда кўпайди:

- Бунақа ҳолатлар жуда ҳам кўп. Мана хабарингиз бор Қўшободда бир йигитни иккита милиция уриб ўлдириб¸ қудуққа ташлаб юборган. Яқинда Зафар Воҳидов деган участка нозири ëш йигитни ушлаб¸ уриб пулини олган. Яна оëғининг остига дубинка билан урган. Бунга ҳам бир ҳафта бўлди.

Булар ўзи зўравонликка ўрганиб қолишган. Буларнинг ўргангани қўлига соддароқ ëки пулдорроқ одам тушса¸ уларнинг чўнтагига наша тиқиб¸ ëлғондан туҳматлар қилиб¸ қамашади.

Мана яқинда бир яхшигина магазинчи йигитни “сен наша сотдинг” деб қамаган. Бу бола сигарет ҳам чекмайди¸ нос ҳам чекмайди¸ наша ҳам чекмайди. Уни олиб бориб қамашган¸ дейди самарқандлик инсон ҳуқуқи фаоли Маматқул Мухторов.

Мазкур воқеа юзасидан Пайариқ туман прокуратураси жиноят иши қўзғатган.
XS
SM
MD
LG