Линклар

logo-print

БМТ ҳам паноҳ бўлмай қолди


Мазкур ҳужжатда¸ Шерали Ҳамдамовнинг БМТ Қочқинлар идораси ҳимоятида экани ва уни ўз ватанига мажбуран қайтариш халқаро қонунларга кўра таъқиқлангани айтилсада¸ Ҳамдамовнинг Ўзбекистонга экстрадиция қилиниш хавфи сақланиб қолмоқда.

Мазкур ҳужжатда¸ Шерали Ҳамдамовнинг БМТ Қочқинлар идораси ҳимоятида экани ва уни ўз ватанига мажбуран қайтариш халқаро қонунларга кўра таъқиқлангани айтилсада¸ Ҳамдамовнинг Ўзбекистонга экстрадиция қилиниш хавфи сақланиб қолмоқда.

БМТ томонидан қочқинлик мақоми берилишини кутиб Бишкекда яшаб юрган Ўзбекистон фуқароси¸ халқаро қоидаларга зид тарзда¸ қирғиз милицияси томонидан ҳибсга олинди.

Бугунга келиб бу шахснинг БМТ Қочқинлар иши бўйича Олий комиссарлиги Бишкек ваколатхонасидан бошпана изловчи шахс мақомини олган ўзбекистонлик қочқин Шерали Ҳамдамов экани маълум бўлди.

БМТ Қочқинлар иши бўйича Олий комиссарлиги Бишкек ваколатхонаси ходимаси Дилноза Сатторованинг айтишича, Шерали Ҳамдамовнинг қўлга олиниши воқеасига оид қарама-қарши тафсилотлар кўп.

- Расмий хабарда уни варақа тарқатаётган жойида қўлга олганлар. Бироқ биздаги маълумотга кўра, милиция ходимлари Шерали Ҳамдамовни яшаётган уйидан олиб чиқиб кетган. Ҳозир унга нисбатан жиноят иши очилган, деди Дилноза Сатторова.

Шералининг онаси, ҳозирда Канадада яшаётган ҳуқуқ ҳимоячиси Анорхон Ҳамдамова ҳам ўғлининг ижарага турган уйидан олиб чиқиб кетилганини айтади:

- Мен ўша куни унга қўнғироқ қилган эдим. У уйида эди. Бирданига суҳбатимиз узилиб қолди.

Бу воқеа 18 феврал куни бўлган эди. Кейин билсам уни милиция олиб кетибди, деди Анорхон Ҳамдамова.

Қирғизистон ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Бақит Сейитов эса бундай қарама-қарши маълумотларга ойдинлик киритмади.

- Қандай маълумот керак яна? Биз воқеа ҳақида тўла ахборот берганмиз ва бунга қўшимчалар қилмаймиз, деди Бақит Сейитов Шерали Ҳамдамовнинг Дўрдўй бозорида варақа тарқатгани ҳақида ИИВ тарқатган хабарни назарда тутаркан.

Ўзбекистонлик қочқин Шерали Ҳамдамов иши билан шуғулланаётган ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдурасулова эса ўз ҳимоясидаги шахс жиноят ишини Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги олиб бормаётганини қайд этди.

- Шерали Ҳамдамов Ички ишлар вазирлигида эмас, Миллий хавфсизлик хизмати структурасида сақланмоқда. Унга нисбатан экстремист, ҳизбут-таҳрирчи деган айблов билан жиноят иши очилган. Бу модда бўйича у 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Бироқ мен Шералининг ўзини ва онаси - ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Анорхон Ҳамдамовани яхши билган одам қаторида айта оламанки, бу оиланинг экстремистларга ва ҳизбчиларга ҳеч қандай алоқаси йўқ, деди Азиза Абдурасулова.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизматидан эса Шерали Ҳамдамов иши юзасидан бирон бир жўяли жавоб ола билмадик. Бу ташкилот матбуот хизмати ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдурасулова айтган маълумотни тасдиқламади ва айни пайтда рад ҳам этмади.

Шералининг онаси Анорхон Ҳамдамова ҳам 2005 йилги Андижон воқеаларидан сўнг Қирғизистонга бошпана излаб келган ва Канадага кўчирилган эди.

Анорхон Ҳамдамова ўғли спортчи ва намозхон йигит эканини, аммо Ўзбекистонда унга ҳам таъқиблар бўлганини, шунинг учун ҳам Шерали Қирғизистонга бошпана излаб келганини айтди.

Анорхон Ҳамдамовага кўра, ўғли диний ва экстремистик оқимларга мутлақо алоқадор эмас.

- У бир марта Қуръони каримни сотиб олган экан. Бироқ кейинроқ бу Қуръон аҳмадийлар оқимига мослаштирилган ва бузилган экани аниқ бўлиб қолди. Шундан кейин мен унга кўчадан китоб сотиб олишни таъқиқлаб қўйганман.

Шералининг турли диний оқимларга қўшилиб қолмаслиги учун фақат таниқли уламолар, масалан, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф асарларини ўқишни тавсия қилардим, деди Анорхон Ҳамдамова.

Анорхон Ҳамдамованинг айтишича, ўғли Шералининг ёнидан топилган қоғозлар экстремистик кайфиятдаги варақалар эмас, айнан турли зарарли оқимларга кириб қолишдан огоҳлантирувчи мақолалар эди.

Шералининг онаси бу борада экспертиза ўтказилса, ўғли ёнидан чиққан қоғозларнинг ҳеч қандай варақа эмаслиги аён бўлишини айтади.

БМТнинг Қочқинлар иши бўйича Олий комиссарлиги Бишкек ваколатхонаси ходимаси Дилноза Сатторованинг айтишича, Шералининг шахси жуда яхши ўрганилган ва унда турли диний оқимларга мойиллик кузатилмаган.

Шу муносабат билан БМТ Қочқинлар иши бўйича Олий комиссарлиги Бишкек ваколатхонаси бир қатор расмий ташкилотларга Шерали Ҳамдамов борасида мактуб жўнатган.

- Биз расмий ташкилотларга хат ёздик ва ҳозир жавоб кутяпмиз. Қирғизистон миграция қўмитасига, прокуратурага, Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик хизматига мактублар жўнатдик.

Ҳозирча хатларимизга расмий жавоб келмади. Шунинг учун ҳам бу борада бирон-бир шарҳ беролмайман, деди Дилноза Сатторова.

Қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдурасуловага кўра, Шерали Ҳамдамов Ўзбекистонга топширилиши ҳам мумкин.

- Шерали Ҳамдамовнинг Ўзбекистонга топширилиш хавфи бор. Негаки Қирғизистон хавфсизлик кенгаши котиби Адахан Мадумаров йиғинларнинг бирида “керак бўлса, қочқинларни ҳам Ўзбекистонга қайтарамиз”, деб очиқ-ойдин айтган.

Шунинг учун ҳам бишкеклик ҳуқуқ ҳимоячилари бу ишни ўз назоратларига олишга ва имкон қадар бу иш адолатли ҳал этилишига ҳаракат қилмоқдалар, деди Азиза Абдурасулова.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG