Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:31

Россия Тожикистонга қайтаяпти


Кузатувчилар фикрича¸ таълим сифатининг пастлиги¸ иқтисодий қийинчиликлар ва коррупция сабаб тожик ëшларининг илмга нисбатан иштиëқи сўниб бормоқда.
Кузатувчилар фикрича¸ таълим сифатининг пастлиги¸ иқтисодий қийинчиликлар ва коррупция сабаб тожик ëшларининг илмга нисбатан иштиëқи сўниб бормоқда.

Россиянинг Марказий Осиëдаги сиëсий-ҳарбий ва иқтисодий доминантлиги савол остига олинаëтган бир пайтда¸ бу етакчиликни маърифат жабҳасида муҳрлаш уринишлари давом этаëтир.

23 феврал куни Хўжандда Россиянинг “Евроосиё тадқиқотлари институти” жамғармаси сўғдлик талабаларга Дмитрий Менделеев номидаги стипендияларни топширди.

Стипендияларни топшириш маросимида қатнашган Россия президентининг хорижий давлатлар билан минтақалараро ва маданий алоқалар бошқармаси бошлиқ ўринбосари Николай Цветковга кўра, Россия Тожикистон билан яқин дўст сифатида алоқаларни қайтадан мустаҳкамламоқда.

- Россия Тожикистонга қайтаяпти - фақат бир пайтлар бўлганидек катта оға сифатида эмас. Умуман олганда, 3000 йиллик тарихга эга бўлган Хўжандга катта оға бўлиш мантиққа ҳам тўғри келмайди.

Айрим оммавий ахборот воситаларининг “Тожикистон-Россия муносабатлари совуқлашди” қабилидаги хулосалари ҳақиқатдан йироқ. Агар шундай бўлганда эди, Тожикистонда Россиянинг йирик лойиҳалари ишламас эди, дейди Николай Цветков.

Мазкур жамғарма Сўғд вилоятида, асосан, маориф ва маданият соҳалари билан иш олиб бормоқда. Болаларга рус тилини ўргатишда мактабларга ёрдам бериш, рус-тожик тилларида болалар учун “Почемучка” журналини чоп этиш шулар жумласидандир.

Хўш, бу институт филиалининг Сўғд вилоятида фаолият олиб боришига қанчалик эҳтиёж бор эди? Бу саволга филиал раҳбари Хуршеда Содиқова жавоб беради:

- Совет Иттифоқи тарқалганидан сўнг ҳамма мустақил бўлиб, ўз тилига жуда берилиб кетди. Натижада илгари 15 республиканинг мулоқот тили бўлган рус тилига ҳеч ким эътибор бермай қўйди.

Масалан, мен тожик тилидаги мактабда ўқиганман. Мен белорус, грузин, украин тилини билмайман. Шахсан мен учун рус тили улар билан мулоқот тили эди, дейди Хуршеда Содиқова.

Унинг айтишича, рус тили орқали тожикистонликлар бошқа халқлар адабиёти ва маданияти билан танишиш имкониятига эга эди.

Хуршеда Содиқовага кўра, худди шундай жамғарма қўшни Ўзбекистонда ҳам амал қилмоқда. Бу эса тожик болаларининг ўзбек тенгқурлари билан мулоқотга киришиши учун яна бир имконият яратади.

- Биз Ўзбекистонга боролмаймиз. Лекин шу жамғарма туфайли кўп бўлмаса-да, Ўзбекистон билан алоқалар бор.

Мен ҳеч қаерда чегара бўлмаслигини, маданий алоқалар эркин бўлишини истайман. Шунинг учун ҳам биз ишимизни болалардан бошлаганмиз.

Ҳамманинг меъдасига тегиб кетган бемаъни, сафсата сиёсатдан кўра, янгироқ бир гапни балки¸ болалар айтишар, дейди умид билан Хуршеда Содиқова.

Қиймати 50 АҚШ долларига тенг бўлган Менделеев номидаги стипендия соҳибаларидан бири Мадина Рустамова Хўжанд давлат университетида таҳсил олади.

- Сўнгги пайтларда “ёшлар илм олишга ҳавасманд эмас, илмнинг қадри йўқ”, деган гапларни эшитиш мумкин. Лекин мана шу Менделеев стипендияси бугунги кунда бунинг аксини исбот қилмоқда.

Ишончим комилки, мазкур степендия бошқа тенгқурларимнинг ўқишга ҳавасмандлигини оширади, дейди Мадина Рустамова.

Мадинадан ташқари тожикистонлик яна 22 талаба Россия жамғармаси стипендияларини олаяпти.

Айни пайтда маҳаллий кузатувчилар орасида Россия жамғармасининг тожикистонлик талабаларга кўрсатаётган ҳиммати беғараз эмас, дегувчилар ҳам бор.

Таҳлилчи Манзура Каримовага кўра, айнан ёшларни қамраб олган тадбирлар уларда Россияга бўлган мойилликни оширишга қаратилган.

- Назаримда, расмий Душанбенинг сўнгги пайтларда АҚШ томонига юз ўгираётгани, Америка билан тиғиз ҳамкорлиги Россияни ташвишга солиб қўйганга ўхшайди. Шу боис Россия қисқа муддат ичида республикада қатор иқтисодий-маданий тадбирларни бошлади.

Россия ҳукуматининг айнан маориф, аниқроғи, ёшларга эътиборни кучайтиргани ҳам тушунарли. Зеро, ёшлар ҳар бир мамлакатнинг келажагидир, дейди Манзура Каримова.

Жамғарма вакиллари ўзлари чоп қилаётган “Почемучка” журнали орқали яқинда муштарийлар орасида сўғдликлар рус тилидан ташқари бошқа қайси тилларни ўрганишни исташлари ҳақида сўровнома юритганлар. Сўралганларнинг 35 фоизи рус тили билан биргаликда ўзбек тилини ҳам ўрганишга эҳтиёж борлигини билдирганлар.

Россиянинг “Евроосиё тадқиқотлари институти” жамғармаси 2005 йилда ташкил топган. Ўша йилнинг ўзида Тожикистон пойтахти Душанбеда, 2006 йили эса Сўғд вилоятида жамғарма филиали очилди.

Шу йиллар мобайнида жамғарма республика боғчалари, мактаб интернатларига қатор хайрия тадбирларини амалга оширди. Жамғарма молиявий кўмагида “Почемучка” журнали ва “Тожикистон мактабларида рус тили ва адабиёти” методик қўлланмалари чоп қилинмоқда.
XS
SM
MD
LG