Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:22

Сих ҳам¸ кабоб ҳам куймади...


Қозоғистон парламенти депутатлари¸ кузатувчилар томонидан сиëсий ўйин деб айтилаëтган бу жараëнда¸ ютқизган томонга айлангандек.
Қозоғистон парламенти депутатлари¸ кузатувчилар томонидан сиëсий ўйин деб айтилаëтган бу жараëнда¸ ютқизган томонга айлангандек.

Қозоқ депутатлари ташаббуси билан ишлаб чиқилган “Эътиқод эркинлиги тўғрисида”ги қонун мамлакат Конституциявий Кенгаши томонидан ғайриконституциявий деб топилди.

Қозоғистон Конституциявий кенгаши мазкур қонуннинг конституцияга зид экани ҳақида 11 феврал куниёқ қарор чиқарган. Бироқ бу ҳақда ҳали кенг жамоатчиликка маълум қилинган эмас.

Шу боис бунга аниқлик киритиш мақсадида Конституциявий Кенгаш вакиллари билан боғландик-

- Афсуски, ҳозирча Кенгашимиз қарорини кенг жамоатчиликка эълон қилолмаймиз. Сабаби президент Нурсултон Назарбоев Конституциявий Кенгаш қарорига бир ой ичида ўз норозилигини билдириши мумкин. Биз уни кутишга мажбурмиз.

Агар ўн кунлардан кейин қўнғироқ қилсангиз, сизга аниқ жавоб айтишимиз мумкин, деди Конституциявий Кенгаш матбуот котиби Гулнора Байгелди.

Айни пайтда Қозоғистонда диндорлар ҳақ-ҳуқуқларини кескин чекловчи қонун кучга кирмаган бўлса-да, мамлакатдаги аксар диний озчилик ёки ноанъанавий мазҳаб вакиллари уларга нисбатан ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ўтказилаётган тазйиқ ва босим сусаймаётганидан нолиб гапирмоқдалар.

- Ҳозир маълум бир маънода диний бирлашмалар фаолиятини муайян даражада чеклаш ва уларни қаттиқ назорат остига олиш бўйича тенденция кучайиб бормоқда, деди Озодликка Қозоғистон мусулмонлари Иттифоқи раиси Мурод Тилебеков.

Конституциявий кенгаш тингловларида давлат органларидан олтитаси иштирок этган. Бу жараённи кузатиб борган ҳуқуқ ҳимоячилари бевосита президентга бўйсунган икки органнинг парламент депутатлари ташаббуси билан ишлаб чиқилган “Эътиқод эркинлиги тўғрисида”ги қонунга кескин эътироз билдиргани таажжубланарли ҳол эканини айтмоқдалар.

- Қозоғистон Омбудсманининг мамлакат президенти институти экани тушунарли. Аммо шунга қарамай, бу орган ишлаб чиқилган қонунни чиппакга чиқариб қўювчи хулоса тақдим этган.

Шунингдек, президент билан келишмаган ҳолда на ички, на ташқи сиёсат билан боғлиқ баёнотлар беролмайдиган Ташқи ишлар вазирлиги мазкур қонуннинг ғайриконституциявий дея тан олиниши учун шердек шиддат ва жасорат билан курашди.

Биз бундай бўлишини кутмаган эдик, дейди Ҳелсинки халқаро инсон ҳуқуқлари қўмитасининг Олмаота ваколатхонаси раҳбари Нинель Фокина.

Қозоғистонда “Эътиқод эркинлиги тўғрисида”ги қонун атрофида шов-шувли жараён қарийб бир ярим йил давомида кузатилди.

Аммо бу кампания учун давлат бюджетидан катта маблағ сарфланганини билдирган кузатувчилар пировардида қонунни расмийлар томонидан конституцияга зид дея тан олишга мажбур бўлингани давлат амалдорларининг анқовлиги натижаси эканини таъкидламоқдалар.

Бироқ инсон ҳуқуқлари халқаро бюросининг Олмаота ваколатхонаси раҳбари Евгений Жовтис бу жараён шунчаки қозоқ ҳукуматининг навбатдаги сиёсий ўйини эканини айтади.

- Бу қозоқ ҳукуматининг кўп мақсадларни кўзлаб амалга оширган сиёсий-технологик операцияси эди. Бу орқали ҳукумат бир неча мақсадга эришди.

Деярли бир ярим йил мобайнида Миллий хавфсизлик қўмитаси ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари “Эътиқод эркинлиги тўғрисида”ги қонун баҳонасида кўплаб диний озчилик вакилларига босим ўтказиш, уларни яширин фаолият олиб боришга мажбур қилиш, жарима солиш ва мамлакат ҳудудидан бадарға қилиш имконига эга бўлдилар.

Бошқа тарафдан эса¸ қозоқ ҳукумати халқаро ҳамжамиятга Қозоғистоннинг авторитар режим тарафга оғмаётганини, қозоқ расмийлари халқаро жамоатчилик фикрларини эътибор олишга ва ўз Конституциясини халқаро қонунларга мувофиқ равишда талқин қилишга қодирлигини ҳамда мамлакатнинг демократия йўлидан кетаётганини намойиш қила олди, дейди қозоғистонлик ҳуқуқшунос.
XS
SM
MD
LG