Линклар

Айбловга асос топилмади

  • Сарвар Усмон

Дилмурод Саййиднинг адвокати ва турмуш ўртоғининг билдиришича¸ ички ишлар ходимларининг жиноятни тасдиқловчи ашëвий далил ва гувоҳлик кўрсатмаси топиш уринишлари¸ ҳозирча самара бермаган.

Дилмурод Саййиднинг адвокати ва турмуш ўртоғининг билдиришича¸ ички ишлар ходимларининг жиноятни тасдиқловчи ашëвий далил ва гувоҳлик кўрсатмаси топиш уринишлари¸ ҳозирча самара бермаган.

24 феврал куни журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Дилмурод Саййиднинг Тошкентдаги уйида тинтув ўтказилди ва уйдан унинг ишига оид ҳеч қандай далилий ҳужжат топилмади.

Бу ҳақда Озодликка Ўзбекистон пойтахтидаги бир норасмий манба хабар қилди. Дилмурод Саййид 22 феврал куни ҳибсга олинган эди. Биз журналистнинг турмуш ўртоғи Барно Жуманова билан боғланиб, воқеа тафсилотларини сўрадик.

Барно Жуманова: Сизлар кимсизлар¸ десам ҳужжатларини кўрсатишди. Мен ëзиб олдим.

Булар: Самарқанд вилояти¸ Оқдарë тумани бўлим суриштирувчиси Саидов Ўткир Ўктамович¸ Самарқанд тумани бўлим инспектори Обидов Султонмурод Толипович¸ Самарқанд вилояти¸ Каттақўрғон тумани бўлим суриштирувчиси Аброров Акрамхон Акбархонович.

Улар менга қоғоз кўрсатишди. “Биз уйингизни текшириш учун катта инспектор Ислом Шеровнинг буйруғи билан келдик. Мана қоғозни ўқиб кўринг ва қўл қўйинг. Биз уйингизни тинтамиз” дейишди.

Озодлик: Ўша қоғознинг мазмунини айтиб беринг. Унда нима деб ëзилган?

Барно Жуманова: Ислом Шеров ëзган бу қоғознинг мазмуни шундай: “Мен жиноят ҳаракатлари борлигини аниқладим. Шунинг учун бу ишда гумондор сифатида келтирилган Дилмурод Саййиднинг уйи тинтув қилинсин. Тошкент шаҳар¸ Собир Раҳимов тумани ИИБ ходимлари Самарқанддан борган ходимлар билан бирга тинтув ўтказсин”.

Барно Жуманова Самарқанддан келган гуруҳ билан ўзи яшайдиган маҳалла участка нозири идорасида танишди.

- Кейин тўғри уйга келдик. Хўжайинимнинг укалари келишди. Кейин қўшниларимиздан иккита гувоҳ чақирдик. Бизларга айтишмадию¸ қанақадир ҳужжат излашди.

Охирида ҳеч қанақа ҳужжат топилмагани учун жиноят ишига алоқадор бирорта ҳужжат топилмади деб далолатнома тузишди ва “Эътирозларингиз борми?” деб сўрашди¸ дейди Барно Жуманова.

Демак, Дилмурод Саййидни жиноятчи, деб далиллайдиган биронта ҳам ҳужжат унинг уйидан топилмади.

Барно Жумановадан олганимиз маълумотни унинг қўшниси, тинтув пайтида холис гувоҳ сифатида иштирок этган, исмини айтмаслигимизни илтимос қилган аёл ҳам тасдиқлади.

- Тинтув бўлганда чақиришди. Мен кирдим. Яна бир қўшним ҳам бор эди. Тинтув ўтказганлар кейин "қидирган нарсамизни тополмадик. Бизга керакли нарса йўқ экан. Шунга қўл қўйиб беринг", дейишди. Мен қўл қўйиб бердим.

24 феврал кунги тинтувнинг Барно Жумановани жуда қўрқитиб юборган яна бир жиҳати бор.

Маълум бўлишича, Самарқанддан келган гуруҳ Жумановани излаб, 24 феврал эрталаб қизчаси тарбияланётган болалар боғчасига ҳам борган.

Бу воқеа тўғрисида гапирар экан, Барно Жуманова мана бундай деди.

Барно Жуманова: Эримга қилинаëтган туҳматнинг яна битта кўриниши. Қизимнинг боғчасига бориб¸ қизимни кўрсатишларини талаб қилишининг ўзи тазйиқнинг битта тури. Чунки боласи учун ҳеч ким ҳеч нарсадан қайтмайди. Мана шу гапни эшитиб¸ йиғлаб¸ қалтираб участка нозирининг хонасига югуриб бордим¸ дейди Дилмурод Саййиднинг турмуш ўртоғи Барно Жуманова.

Демак, журналистнинг уйидан уни жиноятчи деб далиллаши мумкин бўлган биронта ҳам ҳужжат топилмади.

Айни пайтда, яъни 24 феврал куни Дилмурод Саййиидга қарши кўрсатма бергани айтилаётган аёл ҳам юзма-юз учраштирилганда аввал берган кўрсатмаларидан воз кечди.

Бу ҳақда адвокат Руҳиддин Комиловдан маълумот олдик.

- Суриштирувчи томондан уни сўроқ қилиш¸ юзлаштириш ҳаракатлари амалга оширилди. Шунга кўра¸ унга нисбатан жиноят иши қўзғатилишга асос бўлган кўрсатма эгаси Марғуба Жўраева кўрсатмасини инкор қилди ва “Мен ўша пайтда маст эдим. Бунақа ишлар бўлмаган эди. Бунинг ҳаммаси нотўғри” деб айтди¸ деди адвокат Руҳиддин Комилов.

Маълумотларга қараганда, Дилмурод Саййид инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси сифатида кейинги пайтларда Самарқанд вилоят¸ Жомбой туманилик бир гуруҳ фермер манфаатларини ҳимоя қилаётган эди.

Адвокат тилга олган аёл – Марғуба Жўраева ўша фермерлардан пора олганликда гумон қилиниб қўлга олинган ва дастлаб Дилмурод Саййидни ўзига шерик, деб кўрсатма берган эди.

Эслатиб ўтамиз, журналист ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Дилмурод Саййид Самарқанд вилоят прокуратураси қошидаги Солиқ ва валюта жиноятларига қарши кураш департаменти ходимлари томонидан 22 феврал куни Тошкентда ҳибсга олинган эди.

Тинглаётганингиз лавҳа тайёрланаётган соатларда айблов эълон қилмай ҳибсда ушлаб туриш учун қонунда белгиланган 72 соатли муҳлат якунига етгани йўқ, айблов эса, ҳали эълон қилинмаган эди.
XS
SM
MD
LG