Линклар

Бизнесга айланган қатағон


Сталин қатағони қурбонлари хотираси учун баланд обидалар қуриб қўйган Каримов ҳукумати¸ ҳуқуқ фаоллари томонидан¸ ўзгача фикрловчиларга қарши айнан сталинча репрессия олиб бораëтганликда айбланмоқда.

Сталин қатағони қурбонлари хотираси учун баланд обидалар қуриб қўйган Каримов ҳукумати¸ ҳуқуқ фаоллари томонидан¸ ўзгача фикрловчиларга қарши айнан сталинча репрессия олиб бораëтганликда айбланмоқда.

Москвадаги “Мемориал” инсон ҳуқуқлари маркази кейинги 5 йил давомида Ўзбекистонда сиёсий ва диний айблар билан қамалганларнинг узун рўйхатини тузиб чиқди.

293 варақдан иборат ушбу рўйхат ўз ичига 1500 га яқин шахс ҳақдаги маълумотни қамраб олган.

“Мемориал”нинг Марказий Осиё дастури раҳбари Виталий Пономаревнинг Озодликка билдиришича, ушбу рўйхат китоб ҳолида нашр қилиниб, март ойида китобнинг тақдимот маросими ўтказилади.

- Мазкур рўйхат 2004 йилдан бошланган даврни ўз ичига олади. Рўйхатда Ўзбекистонда қатағон сиёсати қурбони бўлган тахминан 1500 одам ҳақида маълумот мавжуд.

Уларнинг барчаси сиёсий ва диний мотивлар билан айбланиб, жиноий жавобгарликка тортилганлар. Лекин бу рўйхатга ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қидирувда бўлган шахслар киритилмаган, дейди Виталий Пономарев.

Шунингдек, “Мемориал” нашрида Ўзбекистондаги қатағон сиёсати динамикаси таҳлил қилиниб, Андижон воқеаларига алоқадорликда айбланиб қамалганлар билан боғлиқ жиноий ишлар тафсилотлари келтирилади.

“Мемориал” ташкилоти рўйхатида келтирилишича, кейинги беш йил мобайнида Ўзбекистонда 18 нафар журналист қамалган.

Ҳозирда Швецияда яшаётган журналист Тўлқин Қораевга кўра, агар Ўзбекистондан қочиб кетмаганида, у ҳам қамалиб, “Мемориал” рўйхатига киритилган бўларди.

- Биринчи имкониятдаëқ Ўзбекистонни тарк этдим. Акс ҳолда, мана шу “Мемориал” чиқарган рўйхатда менинг ҳам исмим бўларди.

Бу ерда Юсуф Расул ҳам бўларди¸ Қудрат Бобожон ҳам бўларди, керак бўлса, шу ерда Матлуба Азаматованинг номи ҳам турарди.

Биз Қирғизистонда бўлган пайтимизда Умида Ниëзова қамоққа олинди. Умида Ниëзова ярим йилдан ортиқ қамоқда бўлди.

Мана, масалан, Солижон ака Абдураҳмоновни олайлик. Унинг наркотикни на сотгани¸ на сотиб олгани¸ на истеъмол қилгани¸ на сақлагани исботини топмади, аммо у 10 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Яна бир журналист - Каримовнинг жияни Жамшид Каримов. Аммо унинг ҳам қалами Ислом Каримов учун оғир келди. Мана шунинг ўзи Ўзбекистондаги репрессив режим мустақил журналистларга қаттиқ қарши эканлигини кўрсатиб турибди, дейди Тўлқин Қораев.

Каримов режимининг нафақат журналистлар, балки ҳуқуқ фаолларига нисбатан ҳам шафқатсиз эканлиги кузатилади.

“Мемориал” рўйхатида қайд қилинишича, кейинги 5 йил ичида 30 нафар ҳуқуқ фаоли қамоққа тиқилган.

Виждон тутқунларини озод қилиш қўмитаси раҳбари Баҳодир Намозовга кўра, Ўзбекистонда ҳуқуқ фаоллари ҳукумат ёқтирмайдиган шахслар ҳисобланади.

- Аъзамжон Фармонов¸ Норбой Холжигитов¸ Ҳабибулло Оқпўлатов¸ Алишер Кароматов. Охиргиларидан Аъзам Турғунов¸ Солижон Абдураҳмонов.

Ҳаммасининг ишида товламачилик ëки шунга ўхшаган айблов бор. Ҳаммасининг сохта айб эканлиги кўриниб турибди.

Буларнинг айби ҳуқуқ ҳимоячиси бўлганлиги ва мавжуд бўлган камчиликларни танқид қилишгани.

Бир шоиримиз бор. У: “Бизнинг ютуқларимизни кўролмайдиган нонкўрлар бор”, деб айтади. Ҳуқуқ ҳимоячилари ўша “нонкўрлар” бўлса керак. Халқ шоири ўшаларни назарда тутган бўлса керак, дейди Баҳодир Намозов.

Ўзбекистонда мухолифатчиларни қатағон қилиш кампанияси ўтган асрнинг 90-йиллари бошидан бошланиб, кейинги йилларда ҳам бу ҳолат давом этди.

“Мемориал” рўйхатида кейинги беш йил давомида қамалган 14 мухолифатчининг исм-шарифи ҳам келтирилади.

Мухолифатдаги “Эрк” партияси бош котиби Отаназар Орипов Каримов режими жамиятни мухолифатчилардан иҳоталаш сиёсатини амалга ошираётганлигини айтади.

- Эскидан қамалганлар Исроил Холдоров. Ўшдан ўғирлаб келиниб қамалган. Қамбаров Баҳодир қамалган эди. У яқинда чиқди. Аъзам Турғунов¸ бухоролик Жамол Қутлиев. Мана, яқинда чиққан Бобомурод Мавлонов.

Ҳукуматнинг мустақилликнинг бошидан бери тутаëтган сиëсати бор. Бу сиëсат ўзгача фикрлайдиганларни иҳоталаш, дейди Отаназар Орипов.

“Мемориал” маълумотларида келтирилишича, кейинги йилларда қамалганларнинг 94,3 фоизи ноқонуний диний фаолият билан шуғулланганликда айбланган. Уларга нисбатан террорчилик ва экстремизм айбловлари юклатилган.

Отаназар Орипов фикрича, амалдаги ҳукумат террорчилик ниқоби остида хориждан иқтисодий кўмак олишни кўзлайди.

- Ўзбекистон ҳукумати эркин фикрли шахсларни терроризмда айблар экан, бундан ютадиган томонлари бор. Бу, биринчидан, сиëсий капитал¸ иккинчидан, ҳақиқий иқтисодий капитал.

Одамларни ташқи терроризмга алоқадорликда айблаш бу ҳукуматга жуда катта фойда келтиради. Чунки дунёда терроризм сингари оғир жиноятларга қарши курашиш учун жуда катта иқтисодий жамғармалар фаолият кўрсатаяпти.

Бизнинг ҳукумат терроризм хавфи бўлган давлатлар рўйхатига кириб олгандан кейин уни ўз бизнесига айлантириб юборди. Шунинг натижасида жудда катта маблағ ва сиёсий капитал ишлайди, дейди Отаназар Орипов.

Айни пайтда “Мемориал” архивида 1999 йилдан буён қатағон сиёсати қурбони бўлган жами 6000 ўзбекистонлик ҳақдаги маълумот сақланаяпти. Уларнинг барчаси диний ва сиёсий айбловлар билан жиноий жавобгарликка тортилганлардир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG