Линклар

logo-print

"Визасиз кунлар ҳам келармикин?! "

  • Садриддин Ашур

Амударëнинг икки соҳилида яшаб келаëтган туркман ва ўзбекларнинг йўллар очилиб¸ ўзаро борди-келдининг яхшиланиши ҳақдаги орзулари ижроси¸ асосан ана шу икки шахс хоҳиш-ихтиëрига қараб қолган.

Амударëнинг икки соҳилида яшаб келаëтган туркман ва ўзбекларнинг йўллар очилиб¸ ўзаро борди-келдининг яхшиланиши ҳақдаги орзулари ижроси¸ асосан ана шу икки шахс хоҳиш-ихтиëрига қараб қолган.

Ашхобод раҳбарининг икки йил мобайнида иккинчи бор Тошкентга келиши¸ икки давлат чегара ҳудудларида яшовчилар дилида қўшничиликнинг яхшиланишига умид уйғотмоқда.

Абдураҳмон Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманида яшайди. Миллати туркман. У сўнгги йилларда икки давлат ўртасидаги муносабатлар анча илиқлашганидан хурсанд эканлигини айтади.

- Туркманбоши вафотидан кейин ўзбек-туркман алоқалари ижобий томонга ўзгарди¸ деса ҳам бўлади. Олдин Туркманистондаги қариндошлар олдига бориш-келиш жуда қийин эди. Кейинчалик сал енгиллик бўлди.

Лекин биратўла енгиллик бўлди деб бўлмайди. Негаки тўсиқлар¸ барибир бор. Барибир виза очиш керак¸ ҳужжат тўғрилаш керак. Туркманбоши даврига нисбатан сал бўлса ҳам силжишлар бор. Аҳолида ҳам озгина ишонч пайдо бўлаяпти¸ дейди Абдураҳмон.

Абдураҳмоннинг сўзларига кўра, илгари чегарада жуда кўп нохушликлар бўлиб турарди. Ҳатто аскарлар қурол ишлатишгача бориб, ўртада одамлар нобуд ҳам бўлган эди. Кейинги икки йил ичида бунга хотима берилган кўринади¸ деган умидда бу туркман йигити.

- Отишмалар йўқ. Бунақа нарсани эшитганимиз йўқ. 4-5 йил олдин чегарада отишмалар бўлганини эшитганмиз. Президент алмашганидан бери унақа нарса бўлганини эшитганим йўқ¸ дейди Абдураҳмон.

Лекин Туркманистонга чегара бўлган Хоразм вилоятининг Шовот туманида яшовчи Суҳбат Абдуллаев фикрича, икки мамлакатнинг чегарага туташ туманларида яшайдиган аҳоли ҳали ҳеч қандай енгилликни кўргани йўқ:

- Ҳатто қадим хон замонларида ҳам чегараларга бундай чеклашлар қўйилмаган эди. Чунки ўзбек ва туркман бир-бири билан қиз бериб¸ қиз олиб қон-қариндош бўлиб кетган халқ эди. Лекин бу нарса негадир икки президент даврида негадир таранглашди.

Қурбонқули Бердимуҳаммедов президент бўлганидан кейин халқ чегараларнинг очилишини¸ борди-келди яхши бўлишини кутган эди.

Масалан¸ Туркманистоннинг Тошҳовуздан то Маригача бўлган қисмини Хоразм ҳўл мева ва сабзавотлар билан таъминлар эди. Ҳозир чегараларнинг ëпилгани муносабати билан бу нарса қолиб кетди. Бу жиҳатдан Туркманистон ҳам¸ Хоразм ҳам зарар кўрди.

Ажаб эмас¸ бу икки президент бирор тўхтамга келиб¸ чегараларни енгиллаштириш имкониятларини топса¸ бу нарса тўғрилашган бўларди¸ дейди Суҳбат Абдулла.

Хўжайли туманида яшовчи Кубай Ортиқовнинг айтишича, давлатлар мустақил бўлганига 18 йил бўлди. Одамлар энди чегарани тан олишлари ва бунга кўникишлари лозим:

- Мен фикр қиламанки¸ бу нарса вақтинча. Ҳозир одамлар тушунмаяпти. Олдин чегара йўқ эдику. Энди давлат чегарасини тан олмаяпмиз. Биз бундан 10-15 йил олдинги нарсани қўмсаймиз. Ахир янги давлатлар барпо бўлди.

Биз кўнамизми¸ кўнмаймизми чегара муқаддас ер. Ҳар кимнинг ўзининг остонаси ўзига муқаддас. Ўзбекистонга ўз чегараси¸ Туркманистонга ўз чегараси. Барибир келажакда бу чегара масаласи ҳал бўлар. Тушунишармиз¸ дейди Кубай Ортиқов.

Кубай Ортиқов фикрича, чегараолди муаммолари аввалги йиллардагидек чигал эмас.

- Менинг истагим шуки¸ икки президент ўз халқларининг манфаатини кўзлаб борди-келди¸ давлатлар ўртасида олди-сотди яхши йўлга қўйилса¸ савдо-сотиқ яхши ривожланса. Ахир қўшни билан яхши қўшничилик қилиш керак.

Унда йўқ нарса бизда бор¸ бизда йўқ нарса улардан топилади. Бир дарëнинг сувини ичамиз. Динимиз¸ тилимиз бир бўлган бир халқмиз.

Борди-келди ҳозиргидан ҳам яхши бўлса¸ ҳаммамиз учун ҳам яхши бўлар эди¸ дейди Кубай Ортиқов.

21 йиллик президентлиги даврида Ўзбекистонга бор-йўғи икки марта расмий сафар қилган марҳум туркманбошидан фарқли ўлароқ, Қурбонқули Бердимуҳаммедов икки йилда икки марта Ўзбекистонга келди.

Икки мамлакат аҳолиси бу яқинлашув фақатгина изчил иқтисодий ҳамкорликкина эмас, балки яхши қўшничилик ва эркин борди-келдига ҳам оқ йўл очади деб, умид қилмоқдалар.
XS
SM
MD
LG