Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:04

Умид муждаси


Сешанба кунги бир соатдан кўпроққа чўзилган нутқи давомида президент Обама асосан оддий америкаликлар билан тиллашишга уринди.
Сешанба кунги бир соатдан кўпроққа чўзилган нутқи давомида президент Обама асосан оддий америкаликлар билан тиллашишга уринди.

Сешанба куни АҚШ Конгрессининг иккала палатаси ва Америка жамоатчилигига қилган биринчи ялпи мурожаатида президент Обама оғир иқтисодий инқироз даврида келажакка нисбатан некбинлик уйғотишга уринди.

АҚШ президенти сифатида қасамëдга келтирилганидан беш ҳафта ўтиб¸ мамлакат аҳволи ҳақда ҳам Конгресс¸ ҳам жамоатчиликка ҳисоб берган Барак Обама бу вазиятнинг қанчалик ташвишли экани ҳақда сайловолди кампанияси давридан бери гапириб келаëтган эди.

Ҳозирча охири кўринмаëтган икки урушга тортилган АҚШ¸ 30-йиллардаги буюк депрессиядан бери мисли кўрилмаган иқтисодий ва молиявий таназзул домига тортилган.

Президентликка келгунига қадар бу вазиятни энг қуюқ бўëқларда тасвирлаб келган Обама¸ президент сифатидаги биринчи мурожаатида ҳам вазиятнинг нақадар оғирлигини яшириб ўтирмади.

- Ҳозир телевизор қаршисида ўтирган аксар америкаликлар учун иқтисод билан боғлиқ хавотирлар қолган барча ташвишлардан кучли эканини яхши биламан. Бундай ташвишларда жон борлиги аниқ.

Ҳатто ҳозирги инқироздан сиз шахсан зиëн кўрмаган бўлсангизда¸ дўстингиз¸ қўшнингиз ë яқинларингиздан кимдир бундан талофат кўргани аниқ. Ҳозир иқтисодимизнинг қанчалик чуқур бўҳронда эканини ҳар кун ўз танангизда ҳис этиб яшаëтганингиз учун¸ бу оқшом буни кўрсатувчи статистик рақамлар рўйхатини эшитишни истамайсиз. Айни шу хавотир сизни ҳар тонг уйқудан уйғотади¸ айни шу хавотир тунлар сизга уйқу бермайди¸ деди оддий амрикаликлар қалбига қўл солган Барак Обама.

Гарчи нутқи аввалида Америка иқтисодининг оғир аҳволда эканини яна бир бор умумий оҳангда эслатса-да¸ Обама бўҳроннинг ундан чиқа олмаслик даражасида чуқур ëки катта эмаслигига ҳам умид берди.

- Иқтисодий чўкиш оқибатлари ҳамма ëқда кўриниб турган нарса. Аммо иқтисодимиз заифлашиб¸ ишончимизга заҳа етган бўлса-да¸ гарчи биз ҳозир қийин ва мавҳум даврда яшаëтган бўлсак-да¸ бу оқшом мен ҳар бир америкалик бир нарсани билиб қўйишини истардим: Биз иқтисодимизни қайта қурамиз¸ биз бу бўҳрондан омон чиқамиз ва биз – Америка Қўшма Штатлари бу бўҳрондан ҳар қачонгидан кўра кучлироқ бўлиб чиқамиз¸ деди Конгресс аъзоларининг гулдирос қарсаклари остида президент Обама.

АҚШ нинг буюк депрессиядан бери кўрилмаган бўҳрондан чиқа олиши¸ чиққанда ҳам аввалгидан кучлироқ бўлиб чиқиши ҳақдаги қатъий ваъдасига қарамай Обама¸ бу жараëннинг қийин ва қиммат бўлажагидан огоҳлантиришни ҳам унутмади.

АҚШ Молия вазирлиги молиявий бўҳрондан чиқиш учун банклар ва молия тизимларини касод қилаëтган улкан қарзларни сотиб олишга 700 миллиард долларлик қутқарув дастурининг ярмини аллақачон сарфлаб бўлди. Обаманинг ўтган ҳафта қонунга айланган 787 миллиард долларлик иқтисодни рағбатлантириш дастури ҳам амалга кўча бошлади. Аммо ҳозирча на иқтисод ва на молия тизимида жонланиш аломатлари кузатилмаëтир.

Президентга кўра¸ бу жонланишга эришиш учун¸ тиббий суғуртаси йўқ миллионларга ëрдам бериш¸ мамлакат бўйлаб мактаб ва боғчалардаги таълим сифатини ошириш учун ва Американи нефтга қарамликдан қутқариш учун янги ва янги миллиардларни сарфлаш лозим бўлади.

Америка жамоатчилигини ўз иқтисодий ëндашуви тўғри экани¸ сарфланаëтган ва сарфланажак миллиардларнинг лозимлигига ишонтириш мақсадида Обама ўз сўзини тўғридан-тўғри оддий америкаликларга қаратди.

Ўз иқтисодий дастури юрагида янги иш жойлари ташкил қилиш режаси ëтганини айта туриб президент¸ кейинги 14 ой ичида 3¸5 миллион иш ўрнини йўқотган иқтисодни қайта оëққа қўйишнинг узоққа чўзилувчи¸ қиммат жараëн бўлишини алоҳида таъкидлади.

- Бу режа 3¸5 милллион иш ўрнини сақлаб қолиш ëки яратишни кўзда тутади. Бу иш ўринларининг 90 фоиздан ошиғи хусусий сектор ҳиссасига тўғри келади. Бу режа туфайли қанчадан-қанча ўқитувчилар ўз ишини сақлаб қолади ва болаларимизга таълим беришни давом эттиради¸ кўплаб тиббиëт мутахассисларимиз беморларни даволашни давом эттиради. Айни шу оқшом Миннеаполис кўчаларида ишлаëтган 57 полиция офицери ҳам мазкур режа туфайли ўз иш жойларини сақлаб қолишга муваффақ бўлди¸ деди Обама ўз маърузаси давомида.

АҚШнинг каттаю кичик иқтисодчилари¸ республикачилар маъмурияти даврида хароб қилинган иқтисод ва молия тизимларини қайта оëққа қўйиш учун Обама маъмурияти триллионларни сарфлашга маҳкум эканини эътироф этиб турган пайтда¸ мухолиф республикачиларнинг Обама маърузаси ва унинг асосини ташкил этган иқтисодий режага муносабати анъанавий сиëсий ўйиндан нарига ўта олмади.

2012 йили республикачилар партиясидан президентликка номзодини қўйиши тахмин этилаëтган Луизиана губернатори Бобби Жиндал¸ Обама иқтисодий режасини миллиардларни ҳавога совуришдан бошқа нарса эмас¸ дея баҳолади.

- Демократик партия етакчилари янги иқтисодий қонуннинг иқтисодни ўсишга олиб келишини айтмоқдалар. Аммо бу режа фақат ҳукуматни катталаштиради¸солиқларни кўпайтиради ва келажак авлодлар бўйнига қарз сиртмоғини солади¸ холос. Бугун ким ўз боласидан қарз сўраб¸ йўқ пулни кераксиз нарсаларга сарфлашни истайди? Демократик Конгресс айни шу ишни қилди. Бу маъсулиятсизликдан бошқа нарса эмас. Бундан на иқтисодимиз кучаяди на янги иш жойлари яратилади ва на болаларимиз порлоқ келажакка эга бўлади¸ деди республикачилар губернатори Жиндал.

Ўз иқтисодий режасини деярли қувватламаган республикачилар танқидига кўп ҳам эътибор бермаган президент Обама¸ сешанба кунги маърузасида асосий диққатни иқтисодий вазиятга қаратган бўлса-да¸ у ташқи сиëсат жабҳасидаги муҳим йўналишларни тилга олишни ҳам унутмади.

Аммо халқаро масалаларга тўхталганда ҳам президент Обама диққати барибир глобал иқтисод билан боғлиқ муаммоларга қайтиб келаверди.

Бугун дунë инқироздан чиқиши учун кучли АҚШ га муҳтож¸ АҚШ ҳам ҳозирги бўҳрондан чиқиш учун дунë иқтисоди қудратига муҳтож¸ деган мазмунда бўлди президент Обаманинг қолган дунëга йўллаган қисқа муждаси.
XS
SM
MD
LG