Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:21

Ўзбекистон Америкага йўл берди


Президент Каримовнинг чоршанба кунги баëноти генерал Петрэуснинг Тошкент сўзлашувлари якунида томонларнинг келишувга эришганидан дарак берди.
Президент Каримовнинг чоршанба кунги баëноти генерал Петрэуснинг Тошкент сўзлашувлари якунида томонларнинг келишувга эришганидан дарак берди.

“Ўзбекистон АҚШ ноҳарбий таъминот юкларининг ўз ҳудудлари орқали қўшни Афғонистонга ўтказилишига розилик берди”¸ - деди чоршанба куни Ўзбекистон президенти Ислом Каримов.

- Ўзбекистон ноҳарбий юкларнинг¸ яна такрорлайман¸ ноҳарбий юкларнинг ўзбек қонунчилиги асосида ўз ҳудудлари орқали Афғонистонга транзит қилинишига рухсат беришга рози бўлди¸ дея такрорлади Туркманистон президенти Қурбонқули Бердимуҳамедов билан Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида Оқсарой раҳбари.

- Ўзбекистон Афғонистонда коммуникация ва транспорт инфратузилмаси барпо этиш жараëнида иштирок этмоқда. Биз Термиздан Мозори-Шарифга борувчи темир йўл қурилиши лойиҳасини бошлаганмиз¸ дея қўшимча қилди президент Каримов чоршанба куни.

АҚШ ва НАТО расмийлари Афғонистондаги халқаро кучлар таъминоти учун зарур ноҳарбий юкларни манзилга етказиш учун муқобил қуруқлик йўллари ўтувчи Россия ва Марказий Осиë ҳукуматлари билан қарийб уч йилдан бери транзит борасида сўзлашув олиб бораëтган эди.

Покистон орқали ўтувчи транзит йўналишининг жанггарилар томонидан мунтазам нишонга олинаëтгани¸ айни пайтда Қирғизистон ҳукумати ва парламентининг АҚШ ҳарбийларини Манас базасидан чиқариш қарори¸ таъминот моллари учун муқобил йўллар топилишини янада долзарблаштириб юборди.

Шу боис¸ президент Каримов¸ Ўзбекистоннинг АҚШ ноҳарбий юклари учун транзит коридори очиб берганини “ўта муҳим воқеа” дея таърифлади.

Ўтган ҳафта Тошкентда президент Каримов билан сўзлашув ўтказган АҚШ Марказий қўмондонлиги раҳбари генерал Дэвид Петрэус айни шу масалани муҳокама қилган эди. Каримовнинг чоршанба кунги баëноти¸ бу музокараларнинг самарали якун топганининг расмий тасдиғи бўлди.

2001 йили АҚШ нинг Афғонистондаги толибон ва Ал-Қоида жангариларига қарши бошлаган ҳарбий амалиëтларида Тошкент муҳим рол ўйнаган ва Қарши-Хонобод ҳаво базасини АҚШ қўшинлари ихтиëрига топширган эди.

Аммо 2005 йил 13 май куни Андижонда юз берган қонли воқеалардан сўнг Вашингтон билан юзага чиққан зиддият оқибатида¸ 2005 йил кузида Америка ҳарбийлари Хонободдан ҳайдаб чиқарилган эди.

Кейинги давр мобайнида Тошкент ва Вашингтон ўртасидаги муносабатларнинг яна илиқлаша бошлагани асосида таҳлилчилар АҚШ ҳарбий базасининг Ўзбекистонга қайтиши мумкинлигини тахмин қилмоқдалар.
XS
SM
MD
LG