Линклар

Қозоқлар бизнесни ҳалолламоқчи


АҚШнинг “Global Business Corporation” ширкати президенти Ҳасан Камол янги ташкил этилган қозоқ-америка қўшма корхонаси берадиган кредитларнинг фоиз ставкалари қозоқ банклариникидан анча паст бўлишини айтди.

АҚШнинг “Global Business Corporation” ширкати президенти Ҳасан Камол янги ташкил этилган қозоқ-америка қўшма корхонаси берадиган кредитларнинг фоиз ставкалари қозоқ банклариникидан анча паст бўлишини айтди.

Америкалик сармоядорлар Қозоғистонда ҳалол маҳсулот ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун маблағ ажратиш, ҳалол саноатни қўллашга тайёрликларини билдирдилар.

Айни пайтда Қозоғистондаги мусулмон ташкилотлари мамлакатнинг руҳонийгина эмас, балки иқтисодий ҳаётида ҳам иштирок этмоқчилар.

Ана шу мақсад билан иш юритаётган Қозоғистон мусулмонлари иттифоқи куни- кеча АҚШнинг “Global Business Corporation” ширкати билан ҳамкорликда ОКАС қозоқ-америка қўшма корхонаси очилганини эълон қилди.

Қозоғистоннинг Олмаота ва АҚШнинг Атланта шаҳарларида ўз идораларига эга бўлган қўшма корхонанинг асосий мақсади Қозоғистондаги кичик ва ўрта бизнес ривожи учун Америкадан сармоя жалб қилиш экани айтилмоқда:

- Ҳозирги вақтда ҳамкорларимиз Қозоғистонда ҳалол саноати ривожига катта қизиқиш билан қарамоқдалар.

АҚШ томони Қозоғистонда ҳалол маҳсулот ишлаб чиқариш учун чорвачилик фермаларига кредит ажратишга тайёр. Бунинг учун маблағни Америкадаги “Эксимбанк” ажратади. Бу банкнинг Қозоғистондаги банклар билан келишуви бор.

Ўзаро келишувларга мувофиқ, Қозоғистондаги фермерлар ўз мол-мулкларини гаровга қўймай, кредит олиш имконига эга бўладилар.

Бу бизнес яхши йўлга тушиб кетса, биз Қозоғистонда ишлаб чиқарилган ҳалол маҳсулотни нафақат мамлакат ичида сотиш, балки хорижга экспорт қилиш имконига ҳам эга бўламиз, деди Қозоғистон мусулмонлари иттифоқи раиси Мурод Тилебеков 24 феврал куни Олмаотада бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

Унинг айтишича, қўшма корхона спиртли ичимликлар ишлаб чиқариш, қиморхона очиш каби бизнес турлари учун кредит ажратмайди.

Қозоғистонлик кузатувчиларга кўра, гарчи жаҳон бўйлаб ҳалол маҳсулотларга талаб ортиб бораётган бўлса-да, мамлакат ичида бу соҳа монополиялаштирилгани сабабли қозоғистонликларнинг ҳалол маҳсулотларига бўлган талаби етарли равишда қондирилмаяпти:

- Олмаотада 1,5 миллион одам яшайди, аммо шу одамларни ҳам вақти келса ҳалол маҳсулотлар билан таъминлай олмаяптилар.

Ҳозир исталган бозорга борсангиз, нафақат мусулмонлар, балки бошқа дин вакиллари ҳам иложи борича ҳалол маҳсулот сотиб олишга ҳаракат қилаяпти.

Аммо бозорларда ҳалол маҳсулот таққиллиги юзага келмоқда. Чунки бу соҳа мамлакатда монополиялаштирилган, деди Қозоғистон мусулмонлари иттифоқи вакили Сакен Ўзбек ўғли.

Қозоғистон савдо палатаси маълумотларига мувофиқ, глобал молиявий бўҳрон шароитида мамлакатдаги кичик ва ўрта бизнеснинг 70 фоизи таназзул арафасида турибди.

Мамлакат ишчиларининг 65 фоизини иш билан таъминлаган кичик ва ўрта бизнес корхоналарини қўллаб-қувватлаш мақсадида қозоқ ҳукумати давлат бюджетидан бир миллиард танга, яъни қарийб 6,5 миллион доллар ажратди.

Аммо маҳаллий тадбиркорларнинг айтишича, давлат томонидан ажратилган ёрдам улар қўлига ҳали етиб келмаган.

Бунинг устига қозоғистонлик тадбиркорлар маҳаллий банкларнинг кредит фоизлари катталигидан ҳам нолимоқдалар.

Жанубий Қозоғистондаги тадбиркор Икром аканинг айтишича, бундай шароитда қозоқ-америка қўшма корхонаси таклиф қилаётган беминнат ёрдам айни муддаодир.

- Сув чиқаришади бу ерда. Кейин колбаса ишлаб чиқарадиган йигитлар бор, буғдойдан ун ишлаб чиқарадиган йигитлар бор.

Умуман, бу ерда маҳсулот ишлаб чиқарадиган одамлар кўп. Бугунги кунда озиқ-овқат корпорациясини қўллаб-қувватлаш ҳаммага керак.

Шундай бўлгандан кейин қўшма корхона саноат жиҳози олишимизга ёрдам берганида, тайёр цехларни олиб келиб ўрнатиб, ҳалол мол ишлаб чиқарган бўлардик, дейди жанубий қозоғистонлик тадбиркор.
XS
SM
MD
LG