Линклар

Икир-фикрлар ёки ҳар йили еб қўйиладиган мустақиллик

  • Сарвар Усмон

Қурби етган ўзбек нонни қозоқ ëки ўрис унига ëпиб ейишни маъқул кўради - бундан Ўзбекистон ғалла мустақиллиги кучайиб ëки заифлашиб қолишини ҳеч ким чамалаб кўрмаган¸ афтидан.

Қурби етган ўзбек нонни қозоқ ëки ўрис унига ëпиб ейишни маъқул кўради - бундан Ўзбекистон ғалла мустақиллиги кучайиб ëки заифлашиб қолишини ҳеч ким чамалаб кўрмаган¸ афтидан.

Бир йил ичида ўзингиз ва бир дастурхондан таом ейдиган яқинларингиз қанча нон¸ қанча ун¸ янаям аниқроғи¸ қанча ғалла истеъмол қилаëтганингиз ҳақда ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?

Ўзбекистонликлар ҳар йили ўз мустақиллигини еб қўяди. Ғалла мустақиллигини.

Аниқроғи, ғаллани еб қўяди.

Еб қўйгач, кейинги йилнинг мустақиллиги учун яна кураш бошлайди.

Кураш натижаларини эса, одатда президент Каримов эълон қилади.

Куни кеча Вазирлар маҳкамасида бўлиб ўтган мажлисда президент мана бу рақамларни келтирди.

“6 миллион 530 минг тонна ғалла¸ шу жумладан¸ 6 миллион 145 минг тонна буғдой етиштирилди”.

Бу рақамни Ўзбекистон аҳолисига бўламиз. Жон бошига тақрибан 220 килодан буғдой тўғри келади.

Буғдой торттирилганда ўртача 70 фоиз ун чиқади.

Демак, аҳоли жон бошига 154 килодан ун тўғри келади.

Хўш, бу кўпми ё озми?

Ўзбекистон республикаси Саломатлик институти Сурхондарё филиалининг ўзини таништирмаган ходимидан одам бир кунда қанча нон ейиши кераклигини сўраб билдик.

- Бир кунда бир киши 300-400 грамм нон ейиши керак¸ деб жавоб берди бизга ўзини таништирмаган ходим.

Доктор айтган норманинг ўртачасини олайлик. У 350 граммдир.

Демак, бир киши бир ойда 10,5 кило, бир йилда 126 кило нон ейиши керак.

Тошкентдаги нон заводларидан бирининг технологидан 10 кило ун неча кило нонга айланади, деб сўрадик.

Озодлик: Айтайлик¸ 10 кило ундан нон қилмоқчи бўлсак¸ қана кило нон чиқади? Кўпайиб қоладими ë озайиб қоладими?

- Кўпаяди.

Озодлик: Қанчага кўпаяди?

- Технологияга қараб 100 килодан 227-228 нон чиқади. Демак 2¸7 ҳисобласангиз ҳам 13 кило 620 грамм нон бўлади.

Бундан келиб чиқадики, тиббий меъёрда нон истеъмол қилиш учун ҳар бир ўзбекистонликка бир йилда 50 килоли икки қоп ун етарли.

Бояроқ¸ жон бошига 154 килодан, яъни уч қопдан ун тўғри келиши тўғрисида айтгандик.

Энди масалани конкрет бир оила мисолида ўрганайлик.

Озодлик: Сизлар хонадонларингизда бир ойда неча қоп ун ишлатасизлар?

- 2 қоп.

Озодлик: Бу неча кишига?

- 14 кишига.

Риштон туманидаги хонадон телефонларидан дуч келганини териб, тасодифан уланиб қолганимиз бу респондентнинг оиласи, демак, бир йилда 24 қоп ун истеъмол қилади.

Тиббий меъёр бўйича, эса, бу оилага 28 қоп ун керак.

Ҳай, нима бўлганда ҳам, Ўзбекистоннинг ғалла мустақиллигига эришгани тўғрисидаги гаплар рост чиқди.

Фақат масаланинг бошқа бир-икки жиҳати бор.

Масалан, аҳолининг маҳаллий ундан кўра, қўшни Қозоғистон унини хуш кўриши, яъни мустақилликнинг, ғалла мустақиллигининг сифати масаласи борки, бу энди бошқа мақола учун мавзудир.
XS
SM
MD
LG