Линклар

logo-print

Иқтисодий бўлмаган қарор

  • Ҳасанжон

Таҳлилчилар Лукойл ширкатининг Ўзбекистонга ётқизилажак сармоя миқдорини қисқартирмаслик ҳақидаги қарорини иқтисодий эмас, балки Кремлнинг сиёсий қарори бўлганини тахмин қиладилар.

Таҳлилчилар Лукойл ширкатининг Ўзбекистонга ётқизилажак сармоя миқдорини қисқартирмаслик ҳақидаги қарорини иқтисодий эмас, балки Кремлнинг сиёсий қарори бўлганини тахмин қиладилар.

Россиянинг Лукойл нефт-газ ширкати Ўзбекистонга ётқизишни режалаштирган сармоя ҳажмини қисқартириши мумкинми? Бу савол йўқ ердан пайдо бўлгани йўқ.

24 февраль куни Лукойл нефт-газ ширкати жорий йилда хорижий давлатларга ётқизиладиган сармоялар миқдорини қисқартиришни режалаштираётгани маълум бўлди.

Лукойл компанияси вице-президенти, ширкатнинг чет давлатларга сармоя ётқизиш департаменти бошлиғи Андрей Кузяев жаҳонда кузатилаётган иқтисодий бўҳрон сабабли компаниянинг нақд пулини тежаш мақсадида хорижий давлатларга ётқизилаётган сармоя йигирма фоизга қисқартирилиши режалаштирилганини маълум қилди.

Бироқ айни пайтда ширкатнинг бошқа вакили, матбуот хизмати ходими Григорий Волчек Озодлик саволларига жавоб берар экан, компания Ўзбекистондаги лойиҳалар учун ажратилаётган маблағни қисқартириш ниятида эмаслигини айтди.

- Ўзбекистонга ётқизилаётган инвестициялар қисқартирилмайди. Биз қанча маблағ ётқизмоқчи эканимизни ошкор қилолмаймиз. Аммо Ўзбекистонга ётқизилаётган инвестициялар қисқартирилмайди дейиш мумкин, деди Лукойл вакили.

Грегорий Волчек буни Лукойл ўз мажбуриятларини бажараётгани билан изоҳлади.

- Биз барча лойиҳаларни амалга ошириш бўйича, жумладан, инвестициялар бўйича ўз мажбуриятларимизни тўлиқ бажараяпмиз. Мен инвестициялар миқдори қанчалигига изоҳ бермайман. Фақат шуни айтишим мумкинки, Ўзбекистонга ётқизаётган инвестициямиз қисқармайди, деди Лукойл расмийси.

Ўзбекистон муҳим ҳамкор эканини урғулаган Грегорий Волчек Лукойлнинг Ўзбекистон учун келажак режалари ўзгаришсиз қолишини айтди.

- Бизнинг Ўзбекистонга оид барча режаларимиз аввал эълон қилинган. Мен унга қўшимча қилмоқчи эмасман. Биз Ўзбекистондаги барча режаларимизни амалга ошириш ниятидамиз, деди Григорий Волчек.

Жаҳон бозорида нефт нархининг пасайиб кетгани ва глобал иқтисодий бўҳроннинг салбий оқибатларини камайтириш учун Лукойл чет давлатларга ётқизилаётган сармоя миқдорини қисқартираётган бир пайтда Ўзбекистонни бундан мустасно қилиши ортида қандай сабаб бўлиши мумкин?

Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳининг Марказий Осиё дастури раҳбари Пол Квинжаж "бундай қарор ортида сиёсий сабаблар бор", деган фикрда.

- Биз Россия ҳукумати ва Кремл Ўзбекистон президенти Ислом Каримов билан муносабатларни яхшилашга қизиқаётганини биламиз. Шу боис буни (яъни Лукойлнинг Ўзбекистонга ётқизаётган сармоясини қисқартирмаслиги ҳақидаги қарорни – таҳр.) иқтисодий эмас¸ балки сиёсий қарор десак, мантиқан тўғри бўлади, деб ўйлайман, дейди ғарблик таҳлилчи.

Ўзбекистонлик мустақил сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев Лукойлнинг Ўзбекистонга сармоя ётқизишни қисқартирмаслик қарори ортида сиёсий асос бор, деган фикрга қўшилади.

- Россия Қирғизистонга анчагина ёрдам берди. Ҳозир Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Москвада юрибди. Томонлар ўртасида Роғун ГЭСи қурилишига инвестициялар ётқизиш тўғрисида гап кетяпти. Бу борада Ўзбекистонни хафа қилиш Россиянинг сиёсати ва мақсадларига тўғри келмайди.

Менимча, бу ерда президент Ислом Каримов, Ўзбекистон аразлаб кетмасин деб, бир истисно сифатида Лукойл Ўзбекистонга инвестицияларини камайтирмасликка қарор қилган, дейди ўзбекистонлик мустақил сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев.

Эслатиш жоизки, Лукойл Ҳисор ва Устюрт платосидаги нефт-газ заҳираларини ўзлаштириш учун жорий йил бошида Ўзбекистонга 67 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя ётқизишини маълум қилган.

Ширкат 2009 йил охиригача Ўзбекистондаги лойиҳалар учун 116 миллион доллар сарфлашни режалаган.

Аввал Лукойл Ўзбекистондаги барча лойиҳалар учун 700 миллион доллар сармоя ётқизишни режалаган эди.
XS
SM
MD
LG