Линклар

logo-print

Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг Москвага икки кунлик расмий сафари доирасида унинг Россия президенти Дмитрий Медведев билан сўзлашувлари балиқ ови устида бўлиб ўтди.

"Медведев билан Раҳмон Россия-Тожикистон муносабатларининг бугунги аҳволи ва уларни ривожлантириш истиқболлари ҳақида гаплашиб олди", дея хабар қилди Кремл матбуот хизмати.

Тожикистон собиқ иттифоқ республикалари ичида Россиянинг энг яқин ҳамкорларидан бўлиб келган. Ўртадаги қалин дўстлик, бир томондан, Кремлнинг ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий таянчига, иккинчи томондан, Душанбенинг Москвага содиқлиги, хусусан, унинг Россия етакчилигидаги тузилмаларда фаол иштирокидан ташқари, иттифоқ парчалангандан кейин мамлакат ҳудудида Россия ҳарбий базаси ва бошқа ҳарбий иншоотларнинг амал қилиб келишига асосланган.

Бир ой аввал бу муносабатларда келишмовчиликлар вужудга келди. Бунга Россия раҳбарининг Ўзбекистонга давлат ташрифи чоғида берган баёноти сабаб бўлди:

- Ҳар қандай лойиҳа, хусусан, ГЭСлар каби катта лойиҳалар қўшниларнинг фикри инобатга олинган ҳолда амалга оширилиши лозим.

Мавжуд вазиятда алоҳида иш тутиш кетмайди. Бу ҳеч қандай натижага олиб келмайди ёхуд кейин сиёсий воситалар билан ҳал этиш лозим бўладиган тарангликни келтириб чиқаради.

Россия Федерацияси ўз ҳудудида бирор иншоотни қуриш нияти бўлган ҳар бир давлат қўшнилари билан келишиб олиши лозим, деб ҳисоблайди, деган эди ўшанда Россия президенти.

Медведевнинг бу сўзлари Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги Роғун ГЭСига оид кўп йиллик мунозарада Тошкентнинг ёнини олишдан ташқари, Россия собиқ президенти Владимир Путиннинг ушбу иншоотни қуришга икки миллиард АҚШ доллари бериш ваъдаларини ҳам шубҳа остига қўйди.

Бундан хафа бўлган президент Имомали Раҳмон ҳатто феврал ойи бошига белгиланган Москва сафарини қолдирмоқчи ҳам бўлди ва ўшандан бери Европа Иттифоқига сафар қилиб, европаликларнинг таянчини қозонишга уриниб ҳам кўрди, лекин жиддий натижаларга эриша олмади.

Кузатувчилар фикрича, президент Имомали Раҳмон бу сафар Москвага конкрет натижаларга эришиш ниятида келган.

Тожикистонлик мустақил кузатувчи Абдуғани Мамадазимов Москва яқинидаги ҳукуматга қарашли “Завидово” ов хўжалигида бўлиб ўтган музокаралар ўзаро тушунмовчиликларга аниқлик киритишига ишонади.

- Президент Медведевнинг Тошкентдаги баёноти Россия билан Тожикистон муносабатларини ўзаро эҳтиросли туйғулардан ҳоли қилди.

Бир ойдан бери икки томон муносабатлари янгича йўлдан кетмоқда ва Тожикистон ҳам, Россия каби бу муносабатларда миллий манфаатларни устун қўя бошлади.

Кеча бошланган музокараларда иккала томон манфаатлари учун муҳим бўлган меҳнат муҳожирлари масаласидан тортиб, ҳарбий-техникавий масалаларга оид ҳамкорлик шартлари белгилаб олиниши лозим, дейди тожикистонлик сиёсатшунос.

Россиядаги “Время новостей” газетасининг Марказий Осиё бўйича шарҳловчиси Аркадий Дубновга кўра, Раҳмон Роғун масаласида Кремл мавқеини ўзгартириш имкони бўлмаса, Тожикистонда Россия ҳарбий ҳозирлиги шартларини қайта кўриб чиқишга оид талабни қўймоқчи бўлган.

- Раҳмон маъмуриятидаги манбаларга кўра, у Тожикистон ҳудудида Россия ҳарбий объектлари жойлашувига оид икки томон ўртасидаги келишув шартларини қайта кўриб чиқиш талабини қўйишга тайёр бўлган.

Хусусан, 201 мото-ўқчи дивизияси, космик объектларни кузатиш маркази ҳамда Душанбе яқинидаги “Айний” аэродромини Россия ихтиёрига топшириш ҳақида тайёрланаётган келишув ҳақида гап бораяпти.

Президент Имомали Раҳмон бу сафарги Москва музокаралари пайтида ўзининг кескин позициясини намойиш қилиш ниятида келган эди, дейди Дубнов.

Лекин расмий хабарларга кўра, президент Раҳмон намойиш этмоқчи бўлган қатъий позиция у кутган натижани бермаган ва Медведев Роғунга оид мавқеини қайта кўриб чиқишни ваъда қилмаган.

Роғун ГЭСини қуриш ғояси ўтган асрнинг 70-йилларида пайдо бўлган. Иттифоқ тарқалгандан кейин бу лойиҳа тўхтаб қолган.

90-йиллар ўрталарида эса Роғун лойиҳасини қайта жонлантириш уринишларига Ўзбекистон қарши чиқади. Айни пайтда, Тошкент қаршилик қилган яна бир йирик лойиҳа Қирғизистондаги Қамбарота ГЭСини қуриш ғоясини Россия қўллаб-қувватлайди.

Ойнинг бошида Москвада Евросиё иқтисодий ҳамжамияти саммитида иштирок этган Қирғизистон президенти Қурманбек Бакиев бу мақсадлар учун Россиядан йирик кредитга оид ваъдаларни олиб қайтди.

Тожикистонлик сиёсатшунос Мамадазимов Душанбе ўзига нисбатан бундай муносабатдан ҳафсаласи пир бўлаёзганини айтади.

- Қирғизистонда Сирдарё устига ГЭСларни қуришга рухсат берилган экан, нега Амударё устида ГЭС қурилишига рухсат берилмаслиги лозим? Менимча, Россиянинг бундай ёндошувида мантиқ йўқ ва бу Тожикистон раҳбарияти учун аламли бир ёндошувдир, дейди тожик таҳлилчиси.

Сешанба куни Кремл маъмурияти Раҳмон ва Медведевнинг учрашувини совет даврида Хрушчёв ва Брежнев каби давлат раҳбарлари хорижлик олий меҳмонларни таклиф қилишни хуш кўрган “Завидово” ов хўжалигида уюштириб бериши, таҳлилчиларга кўра, Медведевнинг Раҳмонга нисбатан шахсий муносабати илиқ эканини намойиш қилиш ниятида қилинган.

- Имомали Раҳмон шарқ одами сифатида, ўзига нисбатан кўрсатилган бундай мулозаматдан кейин кескин позициядан туриб музокара қилишни ўзига эп кўрмаган кўринади.

Бу учрашувнинг энг катта натижаси икки президентнинг ярим челак балиқ овлагани бўлди, деса муболаға бўлмайди, дейди Аркадий Дубнов.
XS
SM
MD
LG