Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:03

Эрон АЭСи битаёзди


Россиянинг "Росатом" давлат корпорацияси бош директори Сергей Кириенко Бушаҳр атом электр станциясини кўриш учун 25 феврал куни Эронга борди.

Эроннинг Россия ёрдамида Бушаҳрда қурилган атом электр станцияси жорий йил охиригача ишга тушишини эълон қилгани катта шодиёналик билан қаршиланди.

"Росатом" давлат корпорацияси бош директори Сергей Кириенко ва унинг эронлик ҳамкасби Ғуломризо Оғазоданинг Бушаҳр атом электр станциясига ташрифини ёритиш учун Эрон хорижий журналистларни таклиф қилди.

Сергей Кириенко Эроннинг биринчи атом электр станцияси қурилиши ниҳоят охирига етганини айтди.

- Ҳозир муҳим босқич. Биз станциянинг ишга туширилиши билан боғлиқ қатор ишларни бошлаяпмиз. Эртага муҳим ишлардан бири бошланади. Барча тизим тўғри ишлаётганини текшириш учун реакторга ёнилғи имитацияси қуйилади, деди Кириенко.

Эрон расмийси Муҳсин Шерозий агар синов муваффақиятли ўтса, реакторга уран ёнилғиси тўлдирилган иссиқлик ажратувчи стерженлар жойлаштирилишини айтди.

Бир миллиард долларлик шартнома доирасида Россия Бушаҳр атом станциясини уран ёнилғиси билан таъминлаган. Аммо уран ёнилғиси БМТнинг Халқаро атом энергияси агентлиги мутахассислари мухрлаб қўйган махсус омборда сақланмоқда.

Виталий Федченко Стокголм шаҳридаги Халқаро тинчлик тадқиқотлар институти мутахассиси. АҚШ ҳукумати ихтиёридаги маълумотларга асосланиб унинг айтишича, Бушаҳр атом электр станцияси ишга тушганида¸ у Эронда электрга бўлган йиллик эҳтиёжнинг беш фоизини қоплайди, холос.

Озодлик мухбири билан суҳбатда Федченко Бушаҳр станцияси синовининг техник аҳамияти бўрттириб кўрсатилганини айтди.

- Мен бу катта аҳамиятга эга, деб ўйламаган бўлардим. Чунки бу реакторни ишга тушириш йўлидаги навбатдаги босқичдир. Бу фақат техник жараён, холос.

Рамзий жиҳатдан, ҳа, буни тарихий воқеа ёки олдинга ташланган катта қадам, деб аташ мумкин. Аммо техник жиҳатдан, ҳақиқий ривожланиш нуқтаи назаридан буни реакторни ишга тушириш учун амалга ошириш лозим бўлган жараён дейиш мумкин, деди ғарблик таҳлилчи.

Шу ой бошида "Росатом" давлат корпорацияси бош директори Сергей Кириенко, агар ҳамма иш режада кўзда тутилганидек борса, Бушаҳр атом электр станцияси 2009 йил охиригача ишга тушишини айтган эди.

1995 йилда Россия бир мВт қувватга эга бўлган, енгил сувда ишловчи атом электр станциясини қуришда Эронга ёрдам беришга рози бўлган эди.

Ғарб давлатлари Бушаҳр атом электр станцияси Эроннинг ядровий қуроллар дастурининг бир қисми бўлиши мумкинлиги ҳақида хавотир билдириб келмоқда.
XS
SM
MD
LG