Линклар

Туркийдаги энг қадим "Шоҳнома"

  • Гулнора Равшан

Тожикистон Шарқшунослик институтида сақланаëтган "Шоҳнома"нинг қипчоқча нусхасига¸ қозоқ ва ўзбек олимларининг қизиқиши баланд.

Тожикистон Шарқшунослик институтида сақланаëтган "Шоҳнома"нинг қипчоқча нусхасига¸ қозоқ ва ўзбек олимларининг қизиқиши баланд.

Фирдавсий “Шоҳнома”сининг 16-аср охирларида Мисрда форсчадан қипчоқ тилига ўгирилган нусхаси мазкур асарнинг энг қадимий туркча таржимаси бўлиши мумкин.

Дунёда ягона нусха саналмиш бу нодир қўлёзма ҳозирда Тожикистон Фанлар академиясининг Шарқшунослик ва қўлёзмалар институтида сақланмоқда.

Институт директори Амиряздон Алимардонов икки жилддан иборат бўлган бу қўлёзма қандай қилиб Мисрдан Тожикистонга келиб қолгани ўзи учун муаммо эканини айтади.

- Фирдавсийнинг “Шоҳнома”си бундан беш аср аввал Мисрда яшаб ўтган Саид Шариф исмли шахс томонидан қипчоқ-турк тилига таржима қилинган бўлиб, у дунёда ягона нодир нусха саналади, дейди Амиряздон Алимардонов.

Унинг айтишича, китоб араб алифбосининг насталиқ хати билан битилган.

- Афсуски, мен турк тилини билмайман ва бу тил хусусиятлари ҳақида гапиришга ҳаққим йўқ.

Аммо ўтган йил охирида Олмаота шаҳрида бўлиб ўтган бир халқаро тадбирда қатнашганимда мен шу нусха хусусида маълумот бердим.

Ўз навбатида, қозоқ биродарларимиз бунга жуда катта эътибор қаратишди ва уни қипчоқ тилидан қозоқ тилига ўгириш учун биздан китобнинг видео нусхасини сўрашди.

Яқин кунларда қозоқлар эронликлар молиявий кўмагида бу ишга киришмоқчи, деди Тожикистон Фанлар академиясининг Шарқшунослик ва қўлёзмалар институти масъули.

Суҳбатдошимиз “Шоҳнома” таржимаси ўзбекистонлик олимлар диққатини ҳам ўзига тортганини ва улар ҳам китобнинг нусхасини сўрашаётганини таъкидлади.

- Бу асарнинг муҳимлиги шундаки, у тоза классик тилга таржима қилинган бўлиб, қозоқ, ўзбек ва бошқа туркийзабон халқлар бу китобни ўз тилига таржима қилиш баробарида ўз она тилини бойитиш имконига эга бўладилар, дейди тожик олими.

Амрияздон Алимардоновга кўра, гарчи айрим манбалар “Шоҳнома”нинг тўла таржимасига 17-аср охири ва 18-аср бошларидан киришилганини таъкидласалар-да, бу топилма форсий тилда сўзлашмаган халқларнинг “Шоҳнома”ни таржима қилиш борасида жуда қадимдан эътибор қаратганларидан гувоҳлик беради.

Тожикистон педагогика университетининг ўзбек тили ва адабиёти бўлими катта ўқитувчиси Бахтиёр Мўминов фикрича, “Шоҳнома” таржимаси туркийзабон халқларнинг нафақат тил соҳасида, балки бутун жаҳон маданиятидаги катта ютуғидир.

- Бу нодир нусхада 16-асрга тегишли минглаб сўзлар мавжудки, бу биз учун янгилик саналади. Шуни назарга олган ҳолда, агар ўзбек олимлари ҳам бу асарни қипчоқ тилидан ўзбек тилига таржима қилса, жуда зўр иш бўлар эди, дейди Бахтиёр Мўминов.

Айни пайтда¸ Тожикистон Фанлар академиясининг Шарқшунослик ва қўлёзмалар институти ходимлари “Шоҳнома” нусхасини қозоғистонлик олимларга топшириш тараддудида эканларини ҳам маълум қилдилар.
XS
SM
MD
LG