Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:32

"Яна қамалишни истамайман"


Ўшлик ҳуқуқ ҳимоячиси¸ ҳозирга қадар фаолияти учун 14 марта қамалгани ва 15 - марта қамашларини кутиб ўтирмай¸ Қирғизистондан чиқиб кетишни ўйлаëтганини билдирди.
Ўшлик ҳуқуқ ҳимоячиси¸ ҳозирга қадар фаолияти учун 14 марта қамалгани ва 15 - марта қамашларини кутиб ўтирмай¸ Қирғизистондан чиқиб кетишни ўйлаëтганини билдирди.

Ўшдаги “Акипресс” ахборот агентлигида ўтказилган матбуот анжуманида ўшлик ҳуқуқ ҳимоячиси Равшан Гапиров Қирғизистонни тарк этишга мажбур бўлаëтганини билдирди.

“Қирғизистонни тарк этишингизга сабаб нима?” деган саволга, ҳуқуқ ҳимоячиси:

- Одамларнинг ҳуқуқини ҳимоя қила олмаётганим сабаб бўлмоқда. Бунинг орқасидан давлат органларининг, амалдорларнинг коррупциялашгани келиб чиқади. Мен улар билан талашиб тортишсам, ўзимни қамаб қўйишаяпти.

Ҳозирги кунда 100 сўм – 200 сўм берса, жабрланувчи сифатида ариза ёзиб берувчилар кўпайиб кетган. Шулар орқали ўзимни ҳам 14 марта қамаб қўйишган, дея жавоб берди.

У Қирғизистондан қаерга ва қачон чиқиб кетмоқчилигини аниқ айтмади. Лекин чет давлатда бошидан ўтган кунлар ҳақида китоб ёзмоқчи эканини маълум қилди.

Равшан Гапировга кўра, у мамлакат президенти Қурмонбек Бакиевга мамлакатда порахўрликка қарши курашда ўзига ваколатлар берилишини сўраб мурожаатнома юборган.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Қирғизистонни тарк этиш-этмаслиги президент жавобига боғлиқ эканини, агар президент тез кунларда унга жавоб қайтармаса, у мамлакатни тарк этишини айтди:

- Мен президентга бўлаётган ишларни айтдим. Ўзининг халққа мурожаатларини эслатдим.

Унга: “Мен жамоатчилик билан ишлайман, одамларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш билан шуғулланаман. Эл билан юриб, кўп нарсаларни биламан. Сиз менга қандайдир миқдорда ҳуқуқ беринг ва мени ишлашимни кўринг”, дедим.

Коррупцияни ҳалол одам тўхтатмаса, бошқа одам тўхтата олмайди. Порахўрликка қарши курашувчи органлар бор. Бироқ уларнинг ўзларида ҳам коррупция кучайган, дейди Равшан Гапиров.

Мутахассислар фикрича, сўнгги икки йил ичида мамлакатдаги ҳуқуқ фаолларига ҳукумат тарафидан босимлар кучайиб бормоқда. Эдил Байсалов каби таниқли ҳуқуқ фаолларининг Қирғизистонни тарк этиб кетгани бунга яққол мисол бўла олади.

Ўшлик ҳуқуқ ҳимоячиси Иззатилло Раҳматуллаев ҳам Қирғизистонда ҳуқуқ ҳимоячиларига босим кучаяётганини қайд этади.

Бироқ, унга кўра, бунга ҳуқуқ ҳимоячиларининг ўз фаолияти давомида сиёсатга фаол аралашаётгани ҳам сабаб бўлмоқда:

- Қирғизистонда ҳуқуқ ҳимоячиларига бўлаётган босимларга, кўплаб ҳуқуқ ҳимоячиларининг ўз касби ва сиёсий фаолият ўртасидаги чегарадан ўтиб кетгани сабаб бўлмоқда.

Кўп ҳолларда, ҳуқуқ ҳимоячиси сиёсий партиялар, диний оқимлар ва айрим кучларнинг қўлида қўғирчоқ бўлиб қолаяпти. Шу сабабли кўплаб ҳуқуқ химоячиларига нисбатан босимлар кучайиб бораяпти.

Менимча, ҳуқуқ ҳимоячиси ва сиёсат ўртасида чегара бўлиши лозим, деди Иззатилло Раҳматуллаев.

Айни пайтда¸ маҳаллий кузатувчилар орасида айрим ҳуқуқ ҳимоячилари лицензия олаётган пайтда ҳужжатларга ўз фаолияти жамоатчилик ҳуқуқини ҳимоя қилишдан иборат бўлишини ёзсалар-да, кўпроқ ҳақ эвазига фуқаролар ҳуқуқларини ўзлари поймол қилишлари хусусида ҳам мулоҳазалар йўқ эмас.
XS
SM
MD
LG