Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:42

"Ўзбекистонда болалар мажбурий меҳнатга жалб қилинмайди!"


БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши олдида ҳисоб берган Тошкент расмийлари¸ болаларни пахта кампаниясига жалб қилиш учун ҳукумат эмас¸ балки ота-оналарнинг ўзлари маъсул¸ деган иддаони илгари сурган эди.
БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши олдида ҳисоб берган Тошкент расмийлари¸ болаларни пахта кампаниясига жалб қилиш учун ҳукумат эмас¸ балки ота-оналарнинг ўзлари маъсул¸ деган иддаони илгари сурган эди.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари альянси Ўзбекистон Халқ таълими вазирлигидан мактаб ўқувчилари мажбурий меҳнатга жалб қилингани учун 100 миллион сўм миқдорида пул ундириш ниятида.

Альянс вакиллари ўтган йилги пахта терими мавсумида мониторинг ўтказиб, мактаб ўқувчиларининг пахта теримида эксплуатация қилинганини аниқлаганлар.

Альянс раҳбари Елена Урлаеванинг айтишича, мониторинг натижалари Ўзбекистон халқ таълими вазирлигига жўнатилганда, вазирликдан “Ўзбекистонда болалар мажбурий меҳнатга жалб қилинмаганлар”, деган жавоб хати келган.

Урлаевага кўра, шундан сўнг альянсчилар Халқ таълими вазирлигини судга берганлар.

- Альянс фаоллари Ўзбекистон Халқ таълими вазирлигидан мактаб ўқувчиларининг пахта теримига мажбурий жалб қилингани учун 100 миллион сўм миқдорида маънавий ва моддий зарар ундиришни режалаштираяптилар.

Куни-кеча Мирзо Улуғбек туман судидан ариза қабул қилингани ҳақида билдириш хати келди. Эндиликда маҳкама жараёни бошланишини кутаяпмиз, дейди Елена Урлаева.

Мирзо Улуғбек туман фуқаровий суди ходимлари альянс фаоллари аризаси қабул қилинганлиги, бироқ иш маҳкамага ўтказиладими ёки йўқми - бу ҳали номаълум эканини айтдилар.

Адвокат Руҳиддин Комилов, агар иш маҳкамага оширилса, альянсчилар судда ютиб чиқишлари мумкинлигини айтади.

- Альянс фаоллари Халқ таълими вазирлигини судга тортиш учун ариза беришгани ва уни суд томонидан қабул қилинганини олдинга ташланган асосий қадам, деб ҳисоблаш мумкин.

Айни ҳолатнинг ўзи – катта гап. Энди катта-катта қадам ташлаш керак, холос.

Альянсчилар судда ютиб чиқиши ҳам мумкин. Энди ютиш деганда, бу 100 миллион сўмни ундириб олиш бўлмаслиги ҳам мумкин.

Лекин суд Халқ таълими вазирлигининг “болалар эксплутация қилинмайди”, деган гапини нотўғри деб топиши мумкин.

Менимча, альянсчиларни қизиқтираётган жиҳати ҳам шу. Моддий эмас, балки маънавий жиҳатдан ютиш, дейди Руҳиддин Комилов.

Мазкур масала юзасидан Ўзбекистон Халқ таълими вазирлигига мурожаат қилганимизда ўзини Бахтиёр деб таништирган вазирлик ходими пахта терими чоғида болалар меҳнатидан фойдаланилганини тамоман инкор қилди.

- Ўзбекистонда болалар мажбурий меҳнатга мутлақо жалб қилинмайди. Бу борада Вазирлар маҳкамасининг тегишли қарори мавжуд.

Шунингдек, бизда конвенциялар бор... Биз болаларни мажбурий меҳнатга жалб қилмаймиз ва жалб қилишга ҳам йўл қўймаймиз, дейди вазирлик ходими.

2008 йили Тошкент ҳукумати болалар меҳнатидан фойдаланишни таъқиқловчи қарорлар қабул қилган эди.

Ўтган йили “Энг ёмон кўринишдаги бола меҳнатидан фойдаланишни таъқиқлаш ва уни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилиш тўғрисида”ги қонун кучга кирди.

Шунингдек, 2008 йилда Ўзбекистонда “Болалар ҳуқуқи кафолатлари тўғрисида”ги янги қонун қабул қилиниб, Вазирлар Маҳкамасининг болалар меҳнатини таъқиқлаш бўйича махсус қарори эълон қилинди.

Аммо амалда барибир болаларнинг пахта теришга мажбур қилингани кузатилди.

Ўзбекистондаги Қийноқларнинг олдини олиш ва қийноқларга қарши курашиш тезкор гуруҳи ҳам ўтган йилнинг кузида пахта теримига болаларнинг жалб қилиниш ҳолатлари бўйича мониторинг ўтказган.

Гуруҳ фаоли Суҳроб Исмоиловга кўра, мониторинг натижасида ҳатто бошланғич синф ўқувчилари ҳам пахта теримида эксплутация қилингани аниқланган.

- Биз Самарқанд, Бухоро, Сурхондарё, Фарғона ва Хоразм вилоятларида мониторинг ўтказгандик.

Ўтган пахта мавсумида аксарият вилоятларда бошланғич синф ўқувчилари, ҳатто 1-синф болалари ҳам пахта теришга мажбур қилинди.

Айни ҳолатни биз мониторинг ўтказган барча вилоятларда кузатдик, дейди Суҳроб Исмоилов.

Альянс раҳбари Елена Урлаева бу йил ҳам ўтган йилги ҳолат такрорланмаслигига ишонмайди.

- Альянсчилар Халқ таълими вазирлигини маҳкамага тортиш акцияси билан ҳукуматнинг ҳушини жойига келтириб қўйишни кўзлашган.

Чунки болалар эксплуатация қилинишини тўхтатиш учун қандайдир аниқ тадбирлар қўллаш керак. Акс ҳолда, бу ҳолат тўхтовсиз давом этаверади, дейди Елена Урлаева.

Альянсчилар, агар иш маҳкамага оширилиб, Халқ таълими вазирлигидан пул ундиришга эришилса, айни маблағни болалар меҳнатидан мажбурий фойдаланишга қарши курашга сарфлашни режалаштирганлар.
XS
SM
MD
LG