Линклар

Обама ваъдасида туришга уринмоқда


Обама ўз маъмурияти бюджетдан олинадиган ҳар бир центни мамлакат иқтисодини жонлантириш учун ишлатиши ва бу жараëннинг жамоатчилик учун шаффоф бўлажагини ваъда қилмоқда.

Обама ўз маъмурияти бюджетдан олинадиган ҳар бир центни мамлакат иқтисодини жонлантириш учун ишлатиши ва бу жараëннинг жамоатчилик учун шаффоф бўлажагини ваъда қилмоқда.

Президент Обама пайшанба куни харажатлари умумқиммати 3 триллион доллардан ошадиган янги бюджет лойиҳасини мамлакат Конгресси муҳокамасига топширади.

Обама бюджетининг асосий қисми мамлакат соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишга ажратилган.

Бу эса¸ Обама сайловолди кампанияси давомида миллионлаб кам таъминланган америкаликларга берган катта ваъданинг амалга кўча бошлаганидан берилган даракчидир.

Янги бюджетни Конгресс муҳокамасига топшириш арасида президент Обама унинг шунчаки улкан рақамлар тўплами эмас¸ балки Америка келажаги¸ Америка эртаси лойиҳаси эканини таъкидлади.

АҚШ нинг 2010 йилга мўлжалланган бюджети моҳиятан Буш маъмуриятининг молиявий сиëсатидан тубдан фарқ қилади ва кузатувчиларга кўра¸ асосий эътиборни таълим¸ ëнилғи¸ соғлиқни сақлаш ва атроф-муҳит муҳофазасига қаратади.

Хусусан¸ бюджет келаси 10 йил ичида соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш учун 634 миллиард маблағ ажратишни кўзда тутади. АҚШ йиллик харажатининг қарийб тўртдан бирига тенг бунча маблағ¸ Обама маъмуриятига кўра¸ бадавлат америкаликларга солинган солиқларни кескин ошириш эвазига қопланади.

Сайловолди кампанияси давомида Буш маъмуриятининг бадавлат америкаликлар учун солиқларни камайтириб¸ асосий оғирликни ўртаҳол ва камбағалларга ташлаб келганини кескин танқид остига олган Обама¸ бюджет моҳиятини тубдан ўзгартириш билан яна бир сайловолди ваъдаси устидан чиқмоқда.

Айнан бойларга солинадиган солиқларни ошириш оғриқли жараëн эканини тан олган Обама¸ йиллар давомида ортиқча ҳашаматда яшаб келганлар учун ҳисоб куни келганини таъкидлади.

- Бозорлардаги соғлом вазият зиëнига бўлса-да тезлик билан даромад кўриш учун бутун қоидалар авра-астари ағдарилди. Одамлар қурблари етмаслигини била туриб¸ банк ва кредиторлар босими остида¸ катта-катта уйларни ипотекага ола бошлади.

Айни пайтда¸ ўта муҳим мубоҳасалар тўхтатилди¸ қийин қарорлар қабул қилиш бошқаларга¸ бошқа кунга қолдирилди. Бугун ўша ҳисоб куни келди ва келажак учун маъсулиятни зиммага оладиган кун ҳам бугундир.

Фақат иқтисодимизни жонлантириш учун эмас¸ балки давомли фаровонлик замини яратиш учун ҳам бугун қатъий ва доно ҳаракатлар қилиш фурсати келди¸ деди сешанба куни АҚШ Конгресси ва халқига қилган мурожаатида президент Обама.

Барак Обама сайловолди кампанияси давомида ҳам¸ президентликка келганидан бери ҳам¸ АҚШ бюджетидаги улкан дефицитни 2013 йилга бориб 50 фоизга камайтиришни ваъда бериб келмоқда.

Ҳозирча кузатувчилар¸ Обаманинг бир томондан¸ таълим¸ соғлиқни сақлаш¸ муқобил ëнилғи манбалари учун харажатларни ошириш¸ бошқа томондан эса¸ бюджетнинг даромад ва буромад қисми ўртасидаги улкан фарқни қисқартириш ҳақдаги икки ваъдани қандай қилиб бир пайтнинг ўзида бажара олишини тушуна олмай¸ ҳалаклар.
XS
SM
MD
LG