Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:09

АҚШ инсон ҳуқуқларини ҳурматлашни сўради


Ҳисоботнинг тақдимот маросимида Давлат котиби Клинтон¸ президент Обаманинг жаҳон бўйлаб демократия ва инсон ҳуқуқларини қувватлаш ҳақдаги муждасини тарқатишга уринди.
Ҳисоботнинг тақдимот маросимида Давлат котиби Клинтон¸ президент Обаманинг жаҳон бўйлаб демократия ва инсон ҳуқуқларини қувватлаш ҳақдаги муждасини тарқатишга уринди.

АҚШ Давлат департаментининг инсон ҳуқуқларига оид янги йиллик ҳисоботида Ўзбекистонда айрим ижобий ўзгаришлар кузатилгани қайд этилгани ҳолда¸ умумвазиятнинг ночорлигича қолаëтгани айтилади.

“Ўзбекистон авторитар давлатдир. Бу давлат фуқаролари эса, ўз ҳукуматини тинч ва демократик йўл билан алмаштириш ҳуқуқига эга эмас.”

АҚШ Давлат департаментининг Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларига оид ҳисоботи йиллардан бери айни шу хулоса билан бошланади. Ҳисоботга кўра, 2008 йил давомида ҳам Ўзбекистонда вазият деярли ўзгармаган¸ хусусан хавфсизлик хизматлари маҳбуслардан кўрсатма олиш учун уларни қийноққа солиш амали.тини давом эттирган.

“Ҳукуматни танқид қилишган журъат этган инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва журналистлар калтаклаб таҳқирланди, сиёсий мотивлар билан қамалди ёки руҳий хасталар шифохонасига ташланди”¸ дейилади ҳисоботда.

Тошкент ҳукуматининг на эътиқод¸ на сўз эркинлиги борасидаги ëндашуви юмшамаганини таъкидлаган АҚШ Давлат департаменти ўз хулосасини қолган 30 саҳифада аниқ далиллар билан исботлашга уринади.

“2008 йил давомида ҳам ҳукумат 2005 йил 12-13 май кунлари Андижонда рўй берган тартибсизликлар давомида кўплаб қуролсиз фуқароларнинг ўлдирилиши борасида мустақил халқаро тергов ўтказиш талабларини рад этиб келди”¸ дея қайд этади АҚШ Давлат департаменти.

Бу масала ўтган йил охирида БМТ инсон ҳуқуқлари кенгашининг Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари аҳволи муҳокама этилган анжуманида ҳам кўтарилган эди. Ўшанда Ўзбекистон Бош прокурорининг ўринбосари Алишер Шарафиддинов терговга йўл қўймаслик Ўзбекистоннинг қатъий позицияси эканини таъкидлаган эди.

- Ортиқча куч ишлатилишига оид таъкидлар асоссиздир. Ўтказилган тергов ва жиноий ишнинг судда кўриб чиқилиши буни тасдиқлади.

Андижон воқеалари юзасидан мустақил халқаро текширув деб айтилаëтган терговни ўтказмасликка доир Ўзбекистоннинг принципиал позицияси ҳали ҳам ўзгаргани йўқ. Чунки халқаро қонунларнинг ҳеч бирида халқаро текширув ўтказилишига оид талаблар йўқдир¸ деган эди Бош прокурор ўринбосари Шарафиддинов.

АҚШ Давлат департаменти ҳисоботида Ўзбекистон ҳукумати томонидан қилинган айрим ижобий қадамлар ҳам қайд этилган.

Мисол учун ангренлик Музаффар Тўйчиевни уриб ўлдирган милиция ходимларининг 17 йилга кесилгани, Қашқадарёда эса ички ишлар бошқармаси мулозимининг қотиллик ва зўравонликда айбланиб 23 йилга қамалгани ҳукуматнинг милиция бедодлигига қарши кўраётган айрим чекланган чоралари сифатида тилга олинади.

Бир қатор инсон ҳуқуқлари фаолларининг амнистия асосида қамоқдан озод қилингани ҳам ҳисоботда ўз ижобий баҳосини олди.

Бош прокуратура матбуот вакили Светлана Ортиқова мамлакатда инсон ҳуқуқларини поймол этиш ҳолатларини мутлақо инкор этмаган ҳолда, бу ҳолатларнинг олдини олиш бўйича ўз идораси қўлини қовуштириб ўтирмаётганини айтади.

- Ўзбекистон мустақилликка эришганидан буëн ҳуқуқий демократик давлатни барпо этишда жуда катта қадамларни ташлаган. Айниқса¸ ҳар битта қадам замирида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш¸ инсон манфаатларини ҳимоя қилиш ëтади.

Шу аснода қийноққа эътибор берадиган бўлсангиз¸ қайси давлатда қийноқлар йўқ? Шунга қарши курашишда қайси давлат қанақа қадамларни ташлаяпти¸ деган савол берсангиз¸ ўринлироқ бўлади.

Мана¸ Жиноят кодексининг 235 моддасига эътибор беринг. Уни қайтадан таҳрир қилиб¸ ишлаб чиқиб¸ шу жиноятни содир этган мансабдор шахсларни жиноий жавобгарликка тортиш ва жазолаш масаласи қатъиян белгиланган.

Қолаверса¸ жиноят процессуал жараëнида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қатъий риоя этилиши устидан назорат ўрнатилган. Қийноқларга қарши курашда ҳаттоки ҳуқуқни муҳофаза этувчи ходимларнинг малакасини оширишга¸ дунëқарашини оширишга жуда катта саъй-ҳаракатлар олиб борилган.

Мен сизларга ваъда бераман: Бош прокуратура ҳар доим инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи орган сифатида намоëн бўлади¸ деди Светлана Ортиқова.

Ўзбекистон расмийлари мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари аҳволининг унчалик ҳам аянчли эмаслигини уқтиришга ҳаракат қилаётганига қарамай¸ АҚШ Давлат департаментининг янги ҳисоботи Ўзбекистонда “нурчилик” да айбланиб диндорлар гуруҳининг маҳкамага тортилиши ҳамда журналист ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Дилмурод Саййиднинг ҳибсга олиниши билан айни пайтга тўғри келди.

Ҳисоботни тақдим этган АҚШ Давлат котибининг демократия ва инсон ҳуқуқлари бўйича ёрдамчиси Карен Стюард ҳисоботнинг холислигига шубҳа қилувчиларга шундай деди:

- Бу ҳисоботлар ҳукуматлардан, турли ташкилотлардан, маҳаллий ва халқаро инсон ҳуқуқлари гуруҳлари, тадқиқотчилар ва оммавий ахборот воситаларидан олинган маълумотлар асосида тайёрланган. Ҳисоботнинг холислигини таъминлаш учун олинган маълумотларни текшириш ва қайта текшириш учун жуда кўп вақт сарфланди¸ деди Карен Стюард.

Узоқ ва синчков меҳнат маҳсули деб тақдим этилган АҚШ Давлат департаментининг инсон ҳуқуқларига оид янги ҳисоботи¸ Давалт котиби Ҳиллари Клинтонга кўра¸ Обама маъмуриятининг дунë ҳукуматларига йўллаëтган кучли муждаси ҳамдир.

- Биз дунё бўйлаб бошқа давлатлар ва халқлар билан муносабат қилар эканмиз, инсон ҳуқуқларининг ҳурмат қилинишини талаб қиламиз...¸ деди Ҳиллари Клинтон.
XS
SM
MD
LG