Линклар

Инқилоб атиргули сўлди

  • Ҳасанжон

Саакашвилининг кечаги сафдошлари - бугунги мухолифлари уни инқилоб ғояларига хиëнат қилганликда айбламоқдалар.

Саакашвилининг кечаги сафдошлари - бугунги мухолифлари уни инқилоб ғояларига хиëнат қилганликда айбламоқдалар.

Шу кунларда Грузия президенти Михаил Саакашвили¸ 2004 йилги инқилобчи сафдошлари сиëсий рақибга айланганидан сўнг¸ ҳокимиятдан истеъфо бериш талаби билан рўпарў турибди.

23 феврал куни Тбилисида ўтказилган матбуот анжуманида чиқиш қилган Грузиянинг БМТдаги элчиси Иракли Аласаниа Михаил Саакашвилидан 10 кун ичида муддатидан олдин президентлик сайлови ҳақида референдум ўтказишни талаб қилди.

Аласаниа¸ агар Саакашвили бу талабни бажармаса, ўзи ва “Грузия учун иттифоқ” номли ҳамкорлари миллий манфаатларини ҳисобга олган ҳолда бирга ҳаракат қилиши ҳақида огоҳлантирди.

Аласаниa грузияликлар муддатидан олдин президентлик сайлови ўтказиш ёки ўтказмаслик ҳақида қарор бериш имкониятига эга бўлишлари керак, деди.

- Ҳозирги вазиятда тўғри қарор қабул қилиш учун Михаил Саакашвилида сиёсий ирода етишмаëтган ва у истеъфога чиқмаётган экан¸ референдум ўтказиш учун унга 10 кун муҳлат берамиз ва Грузия халқининг муддатидан олдин президентлик сайлови ўтказиш ёки ўтказмаслик ҳақида қарор қабул қилишига имконият яратамиз.

Бу муддат тугаганидан кейин бизнинг сиёсий иттифоқ Грузиянинг миллий ва хавфсизлик манфаатларини ҳисобга олиб ҳаракат қилади, деди Аласаниa.

24 феврал куни мухолифатдаги тўртта партия, жумладан собиқ парламент раиси Нино Буржанадзенинг Бирлашган Грузия демократик ҳаракати референдум ўтказиш ҳақидаги чақириқни рад қилиб, президент Саакашвили истеъфога чиқиши учун унга 9 апрелга қадар муҳлат белгилади.

Агар бу талаб бажарилмаса, ҳаракат Тбилисидаги парламент биноси ташқарисида ва мамлакат бўйлаб муддатсиз норозилик намойишлари бошлашга таҳдид қилди.

Консерватив партия раҳбарларидан бири Каха Кухава Саакашвили президентлик лавозимидан истеъфога чиққанидан кейингина янги сайлов ўтказилиши кераклигини айтди.

- Президентлик ёки парламент сайлови бўлсин Михаил Саакашвили истеъфога чиққанидан кейин ўтказилиши керак. Саакашвили ҳокимиятни тарк этмас экан президентлик ёки муддатидан олдин бошқа сайловлар ўтказиш имконсиз, деди Каха Кухава.

Президент Михаил Саакашвилининг 2008 йил августида Жанубий Осетияда ҳарбий амалиётлар бошлаш ҳақидаги қароридан норози бўлган Саакашвили маъмуриятидаги бир неча сиёсатчи сўнгги олти ой ичида мухолифат сафига қўшилди. Ўз навбатида бу мухолифат ва ҳукумат расмийлари ўртасидаги зиддият кучайишига туртки бўлди.

Биринчилар қатори мухолифатга қўшилган Нино Буржанадзе ноябр ойида президентга 43та савол билан мактуб йўллади. Аммо у ўз саволларига жавоб олмади. Бошқа партия ва ҳаракатлар раҳбарлари ҳам аста-секин Саакашвилидан узоқлаша бошлади.

Таҳлилчилар¸ халқаро миқёсда нуфузга эга бўлган Буржанадзе ва Аласаниа каби сиёсатчиларнинг мухолифат сафига қўшилгани Грузиядаги ҳозирги сиёсий вазият 2008 йил январ ойидагидан анча ўзгарганини кўрсатади¸ деган фикрда.

Грузия президенти Михаил Саакашвили Иракли Аласанианинг истеъфога чиқиш ҳақидаги талабига жавоб берадими ёки йўқ буниси ҳозирча номаълум. Аммо Грузия конституциясининг 74-моддасига мувофиқ президент ўз ташаббуси билан ёки парламент таклифига кўра ёки 200 минг фуқаро имзоси тўпланган петицияга мувофиқ референдум ўтказиши мумкин.

24 феврал куни сўзлаган Нино Буржанадзе ўзи ва сиёсий иттифоқчилари фақат тинч йўллар орқали мамлакатда сиёсий ўзгариш бўлишини хоҳлашини айтди.

- Биз раҳбариятда ўзгариш тинч, конституцияга мувофиқ, норозилик акциялари орқали бўлишини ва ҳақиқий демократия қуриш жараёни бошланишини хоҳлаймиз, деди Нино Буржанадзе.
XS
SM
MD
LG