Линклар

logo-print

Йўқ бозорнинг ҳимояси

  • Сарвар Усмон

Ўзбекистоннинг каттаю кичик бозорларини асосан Хитойдан келаëтган арзон ва сифатсиз моллар истило қилган.

Ўзбекистоннинг каттаю кичик бозорларини асосан Хитойдан келаëтган арзон ва сифатсиз моллар истило қилган.

Ўзбекистон бозорларида мамлакат ичкарисида ишлаб чиқарилган сифатли енгил саноат маҳсулотлари йўқ жойда¸ ҳукумат ана шу йўқ нарса билан ички бозор сифатини оширмоқчи бўлаяпти.

Енгил саноат корхоналари маҳсулоти экспорти ҳажмини ошириш имкониятлари ўрганилсин, ички бозор импорт қилинадиган сифатсиз товарлардан ҳимоялансин.

Бу Ўзбекистон республикаси Вазирлар маҳкамаси бундан бир ой олдин – 28 январда қабул қилган 25-инчи қарорнинг мухтасар мазмунидир.

"Енгил саноат муҳсулотлари ярмарка савдосини ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарор бизни Ўзбекистоннинг ички бозори ассортиментини ўрганишга ундади.

Ишни вазирлик даражасидаги "Ўзбекенгилсаноат" давлат ҳиссадорлик компаниясидан бошлаб, компания мутасаддисидан сўрадик:

Озодлик: Ўзбекистон енгил саноати ишлаб чиқарадиган товарлар Ўзбекистон бозорининг қанча фоизини қоплайди?

- Уни кўришимиз керак. Ҳали улар билан шуғулланадиган бўлимлар бор¸ ўшалардан аниқлаштириб берса бўлади.

Шундан сўнг Қўқон бозорида савдо қиладиган бир тужжор аёлнинг телефонини топдик.

Тужжор аëл: Қаердан телефон қилаяпсиз?

Озодлик: Озодлик радиосидан телефон қилаяпман.

Тужжор аëл: Жуда яхши. Нима гапингиз бор?

Озодлик: Бозорни¸ нарх-навони сўрамоқчиман.

Тужжор аëл: Ниманинг нарх-навосини сўрамоқчисиз?

Озодлик: Кийим-кечакнинг.

Тужжор аëл: Қанақа кийим-кечакнинг нархини сўрамоқчисиз?

Озодлик: Аëлларнинг кийим-кечаклари. Масалан¸ помбархт.

Тужжор аëл: Энди унинг 6 минглиги¸ 10 минглиги¸ 25 минглиги¸ хуллас ҳар хили бор.

Озодлик: Бу помбархтлар қаерда ишлаб чиқарилган?

Тужжор аëл: Ҳар қаерники. Туркияники бор¸ Эронники бор. Бозорга борсангиз фарқи борда.

Озодлик: Умуман бозорда Ўзбекистоннинг маҳсулоти озми ëки кўпми?

Тужжор аëл: Ўзбекистонда ҳеч қанақа нарса чиқмайди. Ўзбекистонда трикотажлар чиқади¸ холос.

Озодлик: Бошқачи?

Тужжор аëл: Бошқа ҳеч нарса чиқмайди.

Қўқонлик бу савдогар аёл товарни Қирғизистоннинг бир кунлик савдоси бир неча миллион долларни ташкил қиладиган Қорасув улгуржи бозоридан олиб келади.

Шуҳратжон ўша бозорда қўл телефонлари сотади:

Озодлик: Ўзбекистонлик харидорларингиз ҳам борми?

Шуҳрат: Харидорларимнинг аксарияти ўзбекистонлик.

Шокиржон Қорасув бозорида жун кўрпа сотади.

Озодлик: Харидорларингизнинг қанча фоизи ўзбекистонлик?

Шокиржон: Харидорларнинг ҳаммаси ўзбекистонлик.

Абдуфаттоҳ Қорасув бозорида болалар кийими ва хўжалик моллари билан савдо қилади.

Озодлик: Харидорларингизнинг қанча қисми ўзбекистонлик?

Абдуфаттоҳ: Фоиз билан айтадиган бўлсам¸ 80 фоизи ўзбекистонлик.

Озодлик: Улар товарни ўзлари учун оладими ëки сиздан улгуржи олиб Ўзбекистонда сотадими?

Абдуфаттоҳ: Менинг билишимча¸ 75 фоизи қайтиб сотгани олишади. 5 фоизи охирги харидор.

Озодлик: Айтайлик улар сиздан 10 сўмга олди. Ўзбекистонга олиб бориб қанча қўйишлари мумкин?

Абдуфаттоҳ: Аниқ билмайманку¸ лекин эшитишим бўйича уларнинг харажати йўлга¸ қўпол айтганда юлғувчиларга кетиб қолаяпти.

Озодлик: “Растоможка”си қанча бунинг?

Абдуфаттоҳ: Уларни билмайман.

Сўнгги саволни Қўқон божхона маскани ходимига ҳам бердик:

- Юридик шахс билан жисмоний шахс бир хил тўлов тўлаяпти¸ деди Қўқон божхона ходими.

Одатда, жисмоний шахсларга, нафақат бож масаласида, балки бошқа барча тўловларни амалга оширишда ҳам юридик шахсларга нисбатан енгиллик берилади. Ўзбекистонда бундай эмасга ўхшайди.

Демак, Ўзбекистон бозори Хитой-Қорасув товаридан максимум даражада ҳимояланган.

Шу ўринда пайдо бўлган саволимизни наманганлик иқтисодчи эксперт Расулжон Абдумажидовга бердик.

Озодлик: Нима учун Ўзбекистон бозорида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган халқ истеъмол товарлари...

Расулжон Абдумажидов: Етарли эмас.

Озодлик: Нима учун?

Расулжон Абдумажидов: Сабабини айтайми?

Озодлик: Айтинг.

Расулжон Абдумажидов: Сабаби¸ Ўзбекистонда ишлаб чиқариш деярли жуда ҳам мизерний ҳолатга тушиб борган. Кризис 1990 йилдан бошланган.

Озодлик: Ана шундай шароитда нима учун ташқи бозордан кириб келаëтган халқ истеъмол товарларининг йўли тўсилаяпти?

Расулжон Абдумажидов: Буни иқтисодда протекционизм дейилади. Бу деярли ҳамма мамлакатларда бор. Чунки ўзида ишлаб чиқараëтган товарни ўзида яхшигина сотиш учун четдан келадиган товарларга тўсиқ қўйилади.

Озодлик: Боя енгил саноат корхоналари ишламаяпти дедик. Сиз айтдингиз шуни. Бас шундай экан нимасини протекция қилади?

Расулжон Абдумажидов: Гап ҳам ана шу ердада. Нимасини протекция қилади деган савол Ўзбекистонга кўндаланг бўлиб турибди. Бу Ўзбекистон эмас¸ ҳаммага ҳам тушунарсиз бўлиб турибди.

Булар ўз-ўзидан ишлаб кетаверади деган назарияга асосланаëтган бўлса керак. Бўлмаса ҳали ҳеч қандай ишлаб чиқариш бўлмаган. Менинг Норин туманимда тикувчилик фабрикаси¸ ип йигирув фабрикалари бор. Ўшаларнинг биттаси ҳам ишламайди.

Ҳукумат бундан бир ой муқаддам қабул қилган қарорини амалга оширишга уринаётгандай ҳам. Фақат, афтидан, яна ўша – синалган советча маъмурий-буйруқбозлик усули билан.

Бундай фикрга Тошкентдаги хусусий корхоналардан бири билан боғланиб келдик. Трикотаж маҳсулотлари чиқарадиган корхона вакили саволларимизга жавоб берди.

Озодлик: Маҳсулотингларни қанчаси ички бозорда сотилади¸ қанчаси экспортга жўнатилади?

Корхона вакили: Бизларда 100 фоиз экспорт.

Озодлик: Қайси мамлакатларга экспорт қиласизлар?

Корхона вакили: Россия.

Озодлик: Нима учун ички бозорга чиқармайсизлар?

Корхона вакили: Чунки ички бозорга кучимиз ҳам етмайди. Энди ҳокимиятда йиғилиш бўлди¸ Бош вазир селектор йиғини қилди. Ўшанда у “Ички бозорда ҳам нуқталарни очинглар” деди. Кейин одамларни жалб қилиб¸ реклама қилдик ва ички бозорга қадам ташлашни бошладик.

Озодлик: Товарни ички бозорга сотсангизлар арзонроққа кетиб қоладими?

Корхона вакили: Уни билмаймиз лекин. Бу нарса энди бошланаяпти. Ҳали энди реклама қилдик.

Озодлик: Ўзи умуман сизлар чиқарадиган маҳсулотга ички бозорда эҳтиëж борми ëки йўқми?

Корхона вакили: Эҳтиëж бор.

Озодлик: Хитой товарларининг ўрнини боса оладиган товарлар чиқара оласизларми?

Корхона вакили: Ҳа. Бизларда Туркиянинг сифати. Биз буни бемалол айта оламиз.
XS
SM
MD
LG