Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:35

Қирғизлар "сиëсий"ларни киритмай қўйди


«Мемориал» етакчиси Виталий Пономарëв¸ халқаро майдонда Марказий Осиëдаги инсон ҳуқуқлари вазиятининг билағони сифатида эътибор қозонган.
«Мемориал» етакчиси Виталий Пономарëв¸ халқаро майдонда Марказий Осиëдаги инсон ҳуқуқлари вазиятининг билағони сифатида эътибор қозонган.

Москвадаги «Мемориал» ҳуқуқ маркази раҳбари Виталий Пономарёв¸ кейинги ойлар ичи Қирғизистонга киритилмаган иккинчи хорижлик ҳуқуқ фаоли бўлди.

26 феврал куни эрта тонгда Бишкекка учиб келган Виталий Понамарёв паспорт назорат қилиш тизими ходимлари томонидан ушлаб қолинди.

- Паспорт контролида чегарачи менинг паспортимни компьютерга солиб кўрди. Муҳр ҳам босди. Кейин яна бир бор компьютерга қараб: “Сиз ўзи нима қилгансиз?”, деб сўради.

Мен айтдим: “Билмасам¸ буни сизлардан сўраш керак”. Кейин бошлиқни чақиришди. Бошлиқ яна бошлиқларининг олдига кетди. Қайтиб келиб айтди: “Сиз “сиёсий” экансиз!”, дейди Виталий Понамарёв.

Шундан сўнг унинг паспортига депортация ҳақидаги муҳр босилиб¸ Москвага қайтариб юборилди. Бишкеклик ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдурасулованинг айтишича¸ қирғиз расмийларининг бундай қилгани Қирғизистоннинг сиёсий обрўсига путур етказади.

- Понамарёв бизга номаълум бўлган сабаблар билан мамлакатдан депортация қилинди. Бу иккинчи халқаро ҳуқуқ ҳимоячисининг сабабсиз депортация қилинишидир. Бизнингча, “Мемориал” марказининг Новқат ҳодисалари хусусида эълон қилган ҳисоботи бунга асосий сабаб бўлган”, дейди Азиза Абдурасулова.

Виталий Понамарёвнинг ўзи ҳам шу фикрда. Унинг сўзларига кўра, 2008 йилнинг 1 октябрида куни Новқатда бир гуруҳ новқатликлар Рамазон ҳайитини марказий майдонда нишонлаш талаби билан туман давлат маъмурияти биноси олдида митинг ўтказган эди.

Мазкур намойишдан сўнг 32 киши ҳибсга олиниб, турли муддатларга озодликдан маҳрум қилинганди. Кейинроқ “Мемориал” ҳуқуқни ҳимоя қилиш маркази бу ҳақда ҳисобот эълон қилган, унда 1 октябр воқеаларидан сўнг Новқатдаги вазият коммендантлик соатини эслатгани, новқатликлар ҳибсга олиниш ва таҳдидлардан қўрқиб, кечки соат 5-6 дан кейин кўчага чиқмай қўйгани ёзилганди.

- Ўтган йилнинг ноябридан кейин Қирғизистонда демократик тамойиллардан оғиш кузатилмоқда. Хайрият, ҳали бу кенг кўлам олгани йўқ. Ҳали ҳам вақт бор.

Қирғизистон Марказий Осиëдаги “демократия ороли” унвонини сақлаб қолиши керак. Лекин очиқ айтиш керак, ҳукуматда, хусусан куч ишлатиш салоҳиятига эга бўлган идораларда Қирғизистонни ўзбек моделидан нусха олишга ундаётган одамлар бор, дейди Виталий Понамарёв.
XS
SM
MD
LG