Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:04

Чоҳга элтувчи йўл


Таҳлилчилар¸ Марказий Осиë учун ҳаëт-мамот масаласи бўлган сув борасида минтақа давлатлари ўз ораларида муросага эришишлари лозимлигини йиллардан бери такрорлаб келмоқдалар.
Таҳлилчилар¸ Марказий Осиë учун ҳаëт-мамот масаласи бўлган сув борасида минтақа давлатлари ўз ораларида муросага эришишлари лозимлигини йиллардан бери такрорлаб келмоқдалар.

Марказий Осиë раҳбарларининг ўзаро муаммолар¸ хусусан сув-энергетика лойиҳалари борасидаги зиддиятга қудратли давлатларни ҳам тортиш уринишлари¸ таҳлилчилар фикрича¸ қўрқинчли тугаши мумкин.

Шу кунларда Марказий Осиёда энергетик хавфсизлик масаласи, хусусан минтақа мамлакатлари ўртасидаги сув муаммолари мавзуси тез-тез кун тартибига чиқмоқда.

Сешанба куни Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ўз мамлакатининг энергетик мустақиллигини мустаҳкамлаш учун муҳим бўлган Роғун ГЭСи масаласида Кремл таянчини қозониш илинжида Москвага борди.

Айни пайтда, чоршанба куни Туркманистон президенти Қурбонқули Бердимуҳаммедовга мезбонлик қилган Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов ҳам учрашув якунларига бағишланган матбуот анжуманида қўшни давлатлар билан мавжуд келишмовчиликларнинг асосий сабабларидан бири бўлмиш сув можароси мавзусига яна тўхталди.

- Бу муаммо янги эмас, у кўп асрлар ва ўн йилликлар давомида мавжуд бўлиб келган муаммодир. Лекин кейинги пайтларда Амударё ва Сирдарёнинг юқори оқимида (энерегетик иншоотларнинг) қурилиши масаласи кўп муҳокама қилинаётгани боис бу мавзунинг долзарблиги, айниқса ошди¸ деди Каримов.

Ҳақиқатан¸ қўшни Тожикистон ва Қирғизистонда ГЭСларни қуриш ва бунинг минтақа учун оқибатлари атрофидаги мунозаралар кўп йиллардан бери давом этиб келади. Лекин ўтган ойда Россия президенти Дмитрий Медведевнинг бир томондан Тожикистондаги Роғун лойиҳаси истиқболларини шубҳа остига қўювчи баёноти, бошқа томондан Қирғизистондаги Қамбарота иншоотлари учун катта сармояларга оид ваъдалари туфайли минтақа давлатлари ўртасидаги даҳанаки жанглар янада авж олди.

Бундай вазиятда можаро иштирокчиларидан бирортаси масалани ҳал қилиш йўлларини қидиришга оид холис ниятни намойиш қилгани йўқ.

Лондондаги Халқаро муносабатлар бўйича қироллик институти шарҳловчиси Аннет Бор, сув можароси янгича шиддат билан авж олаётган бўлсада, можаронинг умумий манзарасида янгилик йўқ, дейди.

- Собиқ иттифоқ қулаганидан бери Марказий Осиё минтақасида, айниқса, энергия ва сув масаласида ҳеч қандай ҳамкорлик вужудга келгани йўқ. Бу муаммоларни ҳал қилиш учун тузилган халқаро ташкилотларнинг тарихига қарасангиз, улар ҳеч бир натижага эриша олгани йўқ. Сув можаросига оид сўнгги баёнотлар ва сўз урушида ҳеч қандай янгиликни кўрганим йўқ. Мамлакатлар ўртасидаги бундай ихтилоф улар мустақилликка эришганидан бери ҳар доим мавжуд бўлиб келган, дейди лондонлик таҳлилчи.

Айни пайтда, сув талашаётган қўшнилар минтақадаги мавқеъларини мустаҳкамлаш ниятида қудратли давлатларнинг таянчи учун курашни ҳам давом эттирмоқда.

Тожикистон билан сув мунозараларида ҳозирча Россиянинг таянчини қозонган Ўзбекистон АҚШ учун Афғонистонга транзит йўлларини очиб бериб Ғарбнинг кўнглини олишга ҳаракат қилаётган бўлса, Москвадан ҳафсаласи пир бўлган Тожикистон ҳам жим ўтиргани йўқ.

Президент Раҳмон сўнгги бир ой ичида Европа Иттифоқига сафар қилди, у ҳам АҚШ ва НАТОга ўз мамлакати ҳудудини транзит сифатида таклиф қилди ва ҳафта бошида Кремлнинг кўнглини олиш учун Москвага ҳам бориб келди.

Аннет Бор бунинг ҳам ҳайрон қоларли жойи йўқ, дейди.

- Бу давлатларнинг барчаси минтақадаги етакчилик мақоми учун Россия, АҚШ ва Хитой воситасида курашиб келган, бу ҳам янгилик эмас. Лекин минтақа давлатлари орасида Ўзбекистоннинг бу борадаги сиёсати, айниқса¸ беқарор бўлиб келди. Мен Каримовни минтақанинг буқаламуни, деб атаган бўларди. Чунки, масалан Назарбоевдан фарқли ўлароқ, у қудратли давлатларга нисбатан ўз сиёсати рангини тезда ва кескин ўзгартирадиган сиёсатчидир, дейди Аннет Бор.

Москвадаги Карнеги маркази шарҳловчиси Алексей Малашенко Марказий Осиёдаги сув муаммоси қудратли давлатлар ёрдамида эмас, балки бу мамлакатлар битта оддий ҳақиқатни тушунгандагина ҳал бўлади, деган ишончда.

- Албатта, бу мамлакатларнинг ҳар бири ўзи ҳақида ўйлаётган вазиятда улар қудратли давлатларнинг ҳомийлигини излайди. Қудратли, деганда бугун Россия, АҚШ, Хитой ва Европа тушунилади.

Лекин шунча йилдан бери уларнинг бирортаси, бу борада конкрет ечим ёки ёрдам таклиф қилгани йўқ. Чунки улар сув масаласи нозик экани ва Марказий Осиё мамлакатлари уни ўзлари ҳал қилиши лозимлиги улар яхши тушунади.

Айтмоқчиманки, агар бу давлатлар сув можаросига кимнинг дўсти қудратлироқ, деган позициядан ёндашадиган бўлса, бу катта хато ва катта аҳмоқчилик бўлади. Бундай ёндашув, худо кўрсатмасин, лекин ҳақиқатни айтиш лозим, уруш билан якунланиши мумкин. Афсуски, Марказий Осиё етакчилари буни тушунмаëтирлар, дейди Москвадаги Карнеги маркази шарҳловчиси Алексей Малашенко.
XS
SM
MD
LG