Линклар

Ҳокимиятлар тадбиркорлар ҳуқуқини чекламоқда


Ўзбекистондаги бир қатор вилоят, туман ва шаҳар ҳокимиятлари ўзбек тадбиркорлари ҳуқуқини чекловчи қонунбузарликларга йўл қўймоқда.

Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизматининг маълум қилишича, 119 ҳокимиятда 311 қонунбузарлик ҳолати аниқланган, мазкур қонунбузарликларнинг 198 таси тадбиркорлар ҳуқуқларини чеклаш билан боғлиқ.

Матбуот хизмати хабарига кўра, ҳокимиятлар тадбиркорларнинг турли масалалардаги, жумладан, дўкон, АЁҚШ, сартарошхона, ферма, аҳолига хизмат кўрсатиш бинолари қуриш учун ер участкаси ажратиш ҳақидаги мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқмаяптилар.

Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари молиявий-хўжалик фаолиятига аралашиш ва уларга муайян ишларни юклаш, муайян банкда ҳисоб рақамини очиш ҳақида кўрсатма бериш ва шу каби қонунбузарликлар ҳам ҳокимиятлар фаолиятида кўп кузатилмоқда.

“Бундай ҳолатлар айниқса Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент ва Хоразм вилоятлари учун хос”, дейилади Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати матбуот варақчасида.
XS
SM
MD
LG