Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:15

Сўғддаги нефт қайга кетди?


Тожикистон расмийлари¸ мамлакатдаги газ ва нефт конларини ўзлаштириш учун мамлакатда сармоя етишмаслигини айтадилар.
Тожикистон расмийлари¸ мамлакатдаги газ ва нефт конларини ўзлаштириш учун мамлакатда сармоя етишмаслигини айтадилар.

Тожикистон шимолида яшовчи аксар аҳоли¸ совет замонида ўз гази ва нефти ўзига етарли бўлган бу минтақа энергия заҳираларига мустақилликдан сўнг нима бўлганини билолмай¸ ҳайрон.

Россиянинг “Газпром зарубежнефтегаз” ва “Саратовнефтегеофизика” ширкатлари Тожикистонда нефт ва газ заҳираларини қидириш ишларини бошлаб юбордилар.

Шу муносабат билан Тожикистондаги “Сўғднафтогаз” корхонаси раҳбари Ғайбулло Бобобековнинг айтишича, минтақада газ ва нефт заҳиралари кам эмас. Бироқ мамлакат мазкур заҳираларни ўз кучи билан ўзлаштира олмайди. Шу боис ҳам:

- “Саратовнефтегеофизика” ҳиссадорлик жамияти вилоятда кенг қамровли қидирув тадбирларини бошлаган.

Мазкур ташкилот аллақачон сезиларли натижаларга эришди. Чунончи Конибодом туманидаги Маҳрам участкасида нефт заҳиралари борлиги аниқланди.

“Сўғднафтогаз” корхонаси эса, ўз навбатида, мана шу участкада бурғилаш ишларини бошлади, дейди Ғайбулло Бобобеков.

Унинг айтишича, вилоятни газ билан таъминлашда доим ҳам вазият шундай оғир бўлмаган.

Ўтган асрнинг 80- йилларида вилоят табиий газ билан ўзини бемалол таъминлаган.

Минтақа аҳолиси ва корхоналар, асосан, Конибодом ва Исфара туманларидаги табиий газ билан таъминланар эди.

Хўш, республика мустақилликка эришгач, нима ўзгардики, вилоят ўзининг газидан маҳрум бўлди?

Исфара туманидаги “Петролиум Сўғд” Тожикистон-Австрия қўшма корхонаси раҳбари ўринбосари Маҳмуджон Шукуровга кўра, республика мустақилликка эришгач, илгариги марказлаштирилган таъминот базаси иши оқсай бошлади.

Бугун минтақадаги мавжуд газ ва нефт заҳираларини излаб топиш у ёқда турсин, ҳаттоки тайёр қувурлардан углеводородларни насос билан ҳайдашга ҳам маблағ етишмаяпти.

- Шўролар даврида “Нефтеобод” бурғилаш ишлари бошқармаси тўла қувват билан ишларди. Маблағ, асбоб-ускуналар, бир сўз билан¸ таъминот масаласида муаммо йўқ эди.

Ҳаттоки ишлаб чиқилган нефт қувурлар орқали тўғридан-тўғри қўшни Ўзбекистоннинг Фарғона нефтни қайта ишлаш заводига жўнатилар эди.

Республика мустақилликка эришгач, 1993 йилдаёқ биз нефт ва газ соҳасини ривожлантиришга қаратилган давлат дастури қабул қилиниши лозимлиги хусусида амалий таклифлар киритган эдик.

Бу ишда, биринчи навбатда, бизга Россия мутахассисларининг кўмаги лозим.

Ўшанда, агар ана шундай дастур қабул қилинмас экан, республика қўшниларга қарам бўлиб қолиши ҳам айтилган эди ва бугунги кунда ана шундай бўлди ҳам, дейди Маҳмуджон Шукуров.

Унинг айтишича, Тожикистон шимолида нефт ва газ заҳиралари кам эмас.

- Айни пайтда ҳудудда 27 та газ ва нефт заҳираларига эга конлар мавжуд.

Айтайлик, бир метр ерни бурғилаш учун 55 АҚШ доллари сарфланади. Бунда қувурлар, ёнилғи, электр энергия, иш ҳақи ва бошқа харажатлар алоҳида ҳисобланади.

Исфара ва Конибодом минтақасида нефт ва газ заҳиралари тўпланган шундай жойлар борки, 200-250 метр бурғиланса кифоя.

Қарабсизки, аҳоли ҳам, корхоналар ҳам ўз газимиз билан таъминланади, дейди Маҳмуджон Шукуров.

Бироқ маҳаллий кузатувчилар фикрича, Тожикистонда йил сайин томир отиб бораётган коррупция мамлакат ўзини газ билан тўла таъминлашига тўсқинлик қилиши мумкин.

Соҳа мутахассислари Тожикистонда нефт ва газ қидириш ишларига Россия томонидан ётқизилиши мўлжалланган маблағлар тақдири ҳам аввалги йиллардаги сармоялар тақдири ўхшаб қолиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқдалар.

- Исфара ва Конибодом туманларида ўнлаб газ насослари ишлаб турибди. Бу газ қаерга кетмоқда?

Бунинг жавоби оддий - “Сўғдгаз” идораси масъуллари томонидан қўшниларга ноқонуний пулланмоқда, дейди исми ошкор этилишини истамаган “Сўғдгаз” вакили.

Мутахассиснинг сўзларига кўра, шўролар даврида минтақадаги барча корхоналар ишлаб турган пайтда ҳам аҳолининг газга бўлган эҳтиёжи тўла қондирилар эди. Нега бугун бу умуман мумкин бўлмай қолди?

- Чунки мамлакат газ ва энергетика тизимида ўғирлик, порахўрлик бошқа соҳаларга нисбатан кўпроқ авжига чиққан. Ҳамма чўнтагини ўйлаб қолди, дейди аноним суҳбатдошимиз.
XS
SM
MD
LG