Линклар

logo-print

"Америка дўстларига содиқ!"


Президент Обама таърифлаган янги ташқи сиëсатга кўра¸ АҚШ бундан сўнг дўст ва иттифоқчиларга йўл- йўриқ беришдан тийилиб¸ улар мулоҳазаларига ҳам қулоқ солади.

Президент Обама таърифлаган янги ташқи сиëсатга кўра¸ АҚШ бундан сўнг дўст ва иттифоқчиларга йўл- йўриқ беришдан тийилиб¸ улар мулоҳазаларига ҳам қулоқ солади.

Давлат котиби сифатидаги илк сафарини Осиëдан бошлаган Ҳиллари Клинтоннинг яқин кунларда Яқин Шарқ ва Европадаги иттифоқчилар ҳузурига келиши кутилмоқда.

Ўтган ҳафта Осиё мамлакатлари бўйлаб сафар қилган АҚШ Давлат котиби эндиликда навбатдаги катта сафарга отланмоқда.

Ҳиллари Клинтон якшанбадан бошлаб Яқин Шарқ, Европа ва Туркияга сафар қилади.

Мазкур сафар арафасида Ҳиллари Клинтон Вашингтонда Покистон ва Афғонистон ташқи ишлар вазирлари билан расмий музокараларни ниҳоясига етказди.

АҚШ Давлат котиби Вашингтондаги уч томонлама музокаралар ўта очиқ руҳда ўтгани, учрашувдан мақсад экстремизмга қарши янги стратегияни ишлаб чиқиш ҳамда Покистон ва Афғонистонда хавфсизликни таъминлаш масаласини муҳокама этиш бўлганини маълум қилди.

Бундан ташқари АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон бу каби уч томонлама учрашувларни яна ўтказишни ваъда қилди.

- Ҳар учала давлат муштарак мақсад-вазифаларга эга ва таҳдидлар ҳам умумийдир. Бизнинг ҳукуматимиз ўз дўстларига ҳамиша содиқдир, деди Ҳиллари Клинтон.

Душанба куни Ҳиллари Клинтон Мисрнинг Шарм ал-Шайх курортида Ғазони қайта тиклаш масалаларига бағишланган халқаро анжуманда иштирок этади.

АҚШ расмийларининг билдиришича, мазкур анжуманда Ҳиллари Клинтон АҚШнинг шу мақсад учун мўлжалланган 900 миллион долларлик ёрдам режасини ошкор қилади.

Фаластин расмийлари ҳам бу анжуманда донор мамлакатларнинг Ғазони қайта тиклаш ишларига жами уч миллиард доллар ажратишига умид қилмоқдалар.

Мисрдаги анжуманда 80га яқин давлат расмийларининг иштирок этиши кутилмоқда.

АҚШ президентининг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Жорж Митчелл ҳам иштирок этадиган бу анжуманга Ғазони назорат қилиб турган Ҳамас ҳаракати таклиф қилинмаган. Анжуманда Фаластин номидан президент Маҳмуд Аббос қатнашади.

Ҳиллари Клинтоннинг Ғарбий соҳилда Маҳмуд Аббос билан ҳам учрашиши режалаштирилган.

Айни пайтда АҚШ расмийлари Оқ уй маъмурияти Сурия билан ҳам музокараларни бошлаш ниятини билдирган бўлса-да, Ҳиллари Клинтон Мисрдаги анжуман доирасида Сурия расмийлари билан учрашишни режалаштирмаётганини маълум қилдилар.

Яқин Шарқ сафаридан сўнг АҚШ Давлат котиби Брюсселга йўл олади. Бу ерда НАТО ва ЕИ расмийлари билан сўзлашувлардан сўнг, Женевада Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан қуролларни назорат қилиш ва Афғонистонга оид масалаларни муҳокама қилади.

Женевадаги музокараларда АҚШнинг Марказий Европада ракета ҳужумидан мудофаа тизими элементларини жойлаштириш режаси ҳам муҳокама этилиши мумкин.

Барак Обама маъмурияти мазкур режа тўхтатиб турилиши мумкинлигига ишора қилган эди.

Москвадаги матбуот анжуманида бу масалага тўхталган Сергей Лавров мана бундай деди:

- Бизни ракета ҳужумидан мудофаа тизими элементлари жойлаштирилиши мўлжалланган учинчи позицион режа қизиқтиради. Чунки бу бизнинг хавфсизлигимизга ҳам тааллуқлидир. Ҳозирда биз мазкур масалада Америка, Польша ва чехиялик ҳамкорларимиз билан маслаҳатлашувларни давом эттирмоқдамиз¸ деди Сергей Лавров.

Европа сафаридан сўнг Ҳиллари Клинтон Анқарага бориб, Туркия ҳукумати расмийлари билан ҳам учрашишни режалаштирган.
XS
SM
MD
LG